Якуний босқич Тошкентда
Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни Тошкентда FEMO International VI Халқаро олимпиадасининг финал босқичи иштирокчилари йиғилди.
1–5-синф ўқувчилари ўртасида ўтказилаётган мазкур кенг кўламли ва аҳамиятли тадбир мактаб ўқувчиларида математика фанига қизиқишни ривожлантириш, билим савиясини ошириш, рақобатчилик руҳини шакллантиришга хизмат қилмоқда. Олимпиада бутун дунёдан иқтидорли болаларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш, халқаро тажриба алмашиш ва халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш учун ноёб платформа ҳисобланади.
Бу йил мазкур тадбирда Қозоғистон, Грузия, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Туркия ва Ўзбекистондан 300 дан ортиқ иштирокчи қатнашмоқда. Олимпиаданинг якуний босқичининг очилиш маросимида Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Бейбут Aтамқулов мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилаётган билим беллашуви иштирокчиларига мурожаат қилди:
— Инсониятнинг маданий ва илмий бойликларини ўзида мужассамлаштирган, азал-азалдан жаҳон цивилизацияси бешикларидан бири бўлган замонавий Ўзбекистон пойтахти Тошкентда ёш ўғил-қизларимизни кўришдан мамнунман. Бу саховатли замин Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек ва бошқа буюк аллома ва мутафаккирларнинг ватани бўлиб, уларнинг илмий ютуқлари жаҳон фани ва маданиятининг олтин фондига мангу киргандир.
FEMO International халқаро олимпиадаси турли мамлакатлар мактаб ўқувчилари ўртасида математика кўникмаларини ривожлантириш ва дўстликни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи муҳим тадбирдир. Барча иштирокчиларга омад, муваффақият ва янги ютуқлар тилайман. Ушбу тадбир илҳом ва янги билим манбаига айлансин, — деди элчи.
Олимпиаданинг қишки босқичи ўтган йилнинг декабрь ойида, баҳорги босқичи апрель ойида Қозоғистонда муваффақиятли ўтказилди. Ғолиблар Тошкентда тўпланишди.
— Илк бор FEMO International олимпиадаси 2016 йилда Остона шаҳрида ўтказилган, – дейди «BnB Venture Fund» директорлар кенгаши аъзоси, «Fizmat Endowment Fund» жамоат жамғармаси президенти Aсет Aлтибоев. — 2018 йилдан буён олимпиада халқаро мақомга эга бўлиб, Грузия, Қирғизистон ва Ўзбекистон ёшларини қамраб олди. Биринчи халқаро FEMO International олимпиадаси 2019 йилда Алмати шаҳрида бўлиб ўтди, унинг ғолиблари Aлания (Туркия) шаҳридаги «IFSS 2019» халқаро лагерига таклиф қилинди.
Тадбир Қозоғистон Республика физика-математика мактаби ва «Fizmat Endowment Fund» жамғармаси кўмагида «Fizmat Academy» томонидан ташкил этилди. Ташкилотчилар якуний босқични ташкил этиш ва ўтказишда кўрсатган ёрдами учун Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчихонасига алоҳида миннатдорчилик билдиришди. Шунингдек, тадбирда ҳамкорлар ва ҳомийлар – Тошкентдаги «Oxbridge International School», Қозоғистон Республика физика-математика мактаби, «Fizmat Endowment Fund» ва «Master Food» МЧЖга миннатдорчилик билдирдилар.
Нурлан УСМОНОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг