Яхши одамлар…

05:30 11 Август 2021 Жамият
670 0

1965-1975 йиллар, ёшлик-ўспиринликнинг беғубор даврлари, шўхлик-сокинлик, интилувчанлик-бепарволилик, маданиятлилик-бефаросатлилик хислатлари шаклланадиган мактаб даврлари хотира саҳифаларимда очилар  экан бор билимини,  маҳоратини, соғлиғини аямасдан ўқувчиларни етук инсон бўлиши учун бахшида этган устозларим кўз ўнгимда гавдаланади.

Собир Рахимов номидаги 231-сонли мактаб директори Азимова Нурия Азимовна,бошланғич синф ўқитувчиси Ортиқова Ҳалима,  математика фани  ўқитувчиси Рахимов Махкам, физика фани ўқитувчиси Хабирхонова Ойниса, жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Тазетдинов Александр Захарович, кимё ўқитувчиси Зуфаров Илёс, рус тили фани ўқитувчиси ва синф раҳбарим Федосеева Неля Михайловна ва бошқалар олдида мени шу даражага етишишимда мустаҳкам пойдевор қурганлари, берган билимлари ва меҳрлари учун бош эгаман.

Тошкент Давлат Университетининг амалий математика ва механика факультетини битириб Худонинг хоҳиши, тақдир тақозоси билан  меҳнат фаолиятимни, ҳаёт йўлимни умумий ўрта таълим соҳасида давом эттирдим. 1985 йили Тошкент шаҳар Яшнобод ( собиқ Ҳамза) туманидаги 226-сонли мактабга информатика ва математика фани ўқитувчиси этиб ишга туман халқ таълими бўлими мудири Зиямухамедов Асомиддин Бўриевич суҳбатидан ўтгач мактаб директори Бекназарова Муқаддас Назаровна (охиратлари обод бўлсин) ишга қабул қилганлар. Мактабда янги жамоа, маҳоратли, тажрибали, забардаст устозлар билан бир қаторда таълим-тарбия сирларини ўргана бошладим.Фахрли устозлар Тоиров Абдусалом ТаировичДехқонов ЗикриллаМирсалимов РахимАхмедова Мамлакат, Назарова Раъно, Ахунходжаева Малика, Ни Раиса Константиновна,  Муртозаева Дилора Фаридовна, Нуриддинов Ҳусниддин илиқ қабул қилишиб, керак жойда маслаҳат, керак жойда кўмак беришди. Кўпинча мактаб ва унинг тарихи билан қизиққанимдан устозларни саволлар билан қийнаб қўярдим, олган маълумотларимни эса чуқур мулоҳаза этиб хулоса чиқаришга ҳаракат қилардим. Мен бу мактаб жамоасида ишлаётганимдан фахрланар эдим, чунки бу мактаб жамоасидан туман таълимини обрўсини оширишда улкан ҳисса қўшган фидойилар, раҳбарлар етишиб чиққан экан. Булардан: туман халқ таълими бўлими мудирининг ўринбосари Ахунходжаев Ахмад Ходжаевич, 204-мактаб раҳбари Ғофуров Убайдулла Ғофурович, 215-мактаб раҳбари Ниязова Ақида Гафуровна, 152-мактаб раҳбари Ниязов Акмал.

Изланишлар, фаол меҳнат, масъулиятли ёндашувлар оқибатида  туман раҳбарларининг эътиборига тушдим, шекилли, мени туман халқ таълими бўлимига чақиришди, хаёлимда қўрқув, асаб торлари таранглашган ҳолда бино ичкарисига кирганимда файзли муҳитни, ходимларнинг салобатлилигини, ўта маданиятлилигини сездим. Қабулхонадаги котибага мен чақиртирилганлигимни айтганимда, мудир сизни кутаяпти, киринг деди, буни эшитиб ҳис-ҳаяжон янада ортди. Мудир хонасига кирганимда руҳий ҳолатим тетиклашди, чунки хонада юзларидан нур ёғилиб турган, ташқи қиёфадан ўта камтарин, меҳрли инсон ўтирарди,бу Ислом Исоқович Зокиров эди. Ўрнак олишга намуна бўлган зиёли инсон маданиятига хос тарзда саломлашиб, мени суҳбатга тортдилар. Суҳбатни  дўстона тарзда олиб бориб инсон шахсини қадрловчи  мисоллар орқали педагог касбини нақадар машаққатли ва шу билан бирга шарафли эканлигини таърифлаб бердилар. Қисқа, лекин мазмунга бой ўтган суҳбат натижасида менга туман халқ таълими бўлимига математика ва информатика фанлари методисти лавозимига ишга ўтиш таклиф этилди. Бундай олийжаноб,  юксак маънавиятли, моҳир раҳбар билан ишлаш шарафлилиги, тажриба орттириш имкони яратилганлиги боис розилик билдирдим. Методистлик фаолиятимни бошлар эканман, туман халқ таълими бўлимининг салоҳияти кучли эканлигига, раҳбарлик тизими онгли равишда ёндашишга асосланганлигига иқрор бўлиб бордим. Педагогиканинг, таълим-тарбия жараёнини ташкил этишнинг, маҳоратли раҳбарликнинг забардаст намояндалари билан елкама-елка ишлаш мен учун шарафли эди.   

И.И.Зокиров, Л.Ф.Рибакова, Н.М.Федосеева, А.М.БулгаковаЙ.М.Махмудов, А.В.Пак ... каби устозлардан муомала маданиятини, педагогиканинг усулларини, инсон психологиясини, раҳбарлик маҳоратини, расмий ҳужжатлар ва маълумотномалар тайёрлашни  ўргандим. Туман халқ таълими бўлимининг аппарат йиғилиши, мактаб директорлари  йиғилишининг ўтказилишида иштирок этар эканман, ҳар бир масалага чуқур ёндашишни, қўйилган вазифани бажаришга бўлган эътиборни кучайтиришни, мавжуд муаммоларни ечишда аҳиллик ва изланувчанликни, мактаб директорларининг жиддий ва масъулиятли бўлишлигини бир маромда ушлаб туриш маҳоратини устоз И.И.Зокировдан ўргандим.

Устознинг ижобий фазилатларидан яна бири ҳеч қачон ўз ходимларини кўпчиликни ичида изза қилиб, танбеҳ бермасдилар, балки хонага  чақиртириб керагида танбеҳ, керагида насиҳат, керагида йўл-йўриқ кўрсатардилар.

1995 йили устоз хоналарига чақириб тумандаги ўзим ишлаётган мактабга раҳбар этиб номзодимни Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармасига тавсия этишларини айтдилар,шунда бир томондан ишончга сазовор бўлганлигим хурсандчилиги, иккинчи томондан кучли масъулият ҳислари баданимни жунжитиб юборди. Устозга мен эплай олармикинман десам,  мен борманку, қанча маслаҳат, услубий ёрдам керак бўлса доим эшик очиқ дедилар. 1995 йили август ойида устознинг тавсиялари билан шаҳар бошқармаси бошлиғи Хамидулла Қаюмович Йўлдошев суҳбатларидан ўтдим ва раҳбар этиб тайинландим. Мактаб раҳбарлари ичида моҳир, тажрибали  устозлар кўп эди, улардан У.Ғ.Ғофуров, И.Б.Бобохонов, Б.Н.Носиров, Р.Х.Хамралиева, В.В.Гладишев, Б.Б.Галперович, Ж.Ортиқов, Л.Ф.Матвеева, М.Хасанова, И.А.Ходжаева, Д.О.Юсупова, Н.Н.Кубатина,    В.В.Ткаченко, С.А.Бочкарёва ва бошқалар. Биринчи устозим раҳбарлик қилаётган 30дан ортиқ таълим муассасаси раҳбарларидан 17 таси эркаклар эди. Устоз ишни талаб қилишни ҳам, дам беришни ҳам ўз ўрнига қўяр эдилар, бунга мисол қилиб ҳар ойда бир марта «Бир пиёла чой “ устида йиғилишида ҳам иш, ҳам маданий масалалар ҳақида фикрлар алмашувини ташкил этганлар. Унда дўстона танқид, ижодий таклиф, латифа ва бошқалар ўз ўрнида қўлланилар эди. Бу услубда жамоа янада жипслашиб, бир-биридан тортинмасдан маслаҳат олар, ютуқ ва камчиликлари ҳақида фикр алмашар эди, бунинг барчаси устоз И.И.Зокировнинг бошқарув маҳоратида деб биламан. Бунга яна бир мисол, туманимизда президент аппарати томонидан ўрганиш ўтказилди ва унинг натижасини муҳокамаси катта йиғилишда амалга оширилиб кўп йиллар юқори партия ташкилотларида ишлаган, таълим соҳасида ҳурматга эга 67-сонли мактаб директори И.Б.Бобохоновга танбеҳ берилиб, чора кўриш масаласи қўйилди, шунда И.И.Зокиров «Мен Ислом Бобохонович, Сиздек улуғ устоздан буни кутмаган эдим, иймоним комилки бу англашилмовчилик бошқа қайтарилмайди ҳамда тегишли чорани ўзингиз қабул қиласиз» дедилар. Бу аудиториядагилар учун бошқарув маҳоратини ўринли қўллаш методикаси бўйича жуда катта дарс бўлди.

Устоз нафақат бошқаришда,  балки инсонийлик, камтарлик, руҳшуносликда ҳам ўрнак бўла оладиган хусусиятларга эгалар. Устоз атрофдагиларнинг хурсандчилиги ёки мусибатини беэътибор қолдирмаганлар, доимо далда бўлиб қўллаб-қувватлардилар. Қаерда улар билан учрашув ёки йиғилиш ўтказилмасин, ҳар қандай вазиятда  ҳеч қачон ҳеч кимга овозларини кўтариб гапирган ҳолатларини кўрмаганман. Балки шунинг учунми ҳамма устозни ярим оғиз гаплари ёки кўз қарашлари орқали айтмоқчи бўлган фикрларини, рози ёки норозиликларини тушуниб оларди, доим  ҳурмат қиларди. 1997 йили мактабимизни янги 1997-1998 ўқув йилига тайёрлаш ишлари билан яқиндан танишиш мақсадида устоз мактабга келиб мактабни ўрганаётганларида  физика фани ўқитувчиси Абдусалом Тоирович Тоиров деворни алебастр билан сувоқ қилаётган эдилар, устоз сўрашиш учун қўл узатганларида  ўқитувчи  алебастрли қўлларини букиб билакларини тутдилар, шунда устоз “ Бу қўллар олтин қўллар, уларни ушлаш шарафли, шу ёшда мактаб учун қилаётган меҳнатингиз олдида бош эгишимиз керак»  дедилар. Бу эпизодни эшитиш, ўқиш эмас, кўриш ва ҳис қилиш керак, шунда юқори инсонийлик қандай бўлишини тушуниш мумкин деб ўйлайман. 1998 йили мактабимизнинг фаолиятига 30 йил тўлиши сабабли «Авлодлар учрашуви» ўтказилди, бу тадбирда И.И.Зокиров ҳам устоз, ҳам раҳбар сифатида иштирок этиб, таълим фидойиларини самимий муборакбод этдилар.

Тошкент шаҳар Яшнобод тумани 226-сонли

умумий ўрта таълим мактаби директори

Ниёзов Н.Т.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер