XXI аср «эпидемияси»: гаджетларга қарамлик фожиаси

17:49 05 Ноябрь 2024 Жамият
234 0

Раҳим ШEРҚУЛОВ/«Халқ сўзи». Бугунги кунда жамиятда ахборот технологиялари шу қадар тараққий этиб бормоқдаки, бу ҳар бир соҳа ривожига хизмат қилиши баробарида, айрим муаммоларни ҳам келтириб чиқараётир. Қандай муаммо дейсизми?!

Гап мобил алоқа воситалари, яъни қўл телефонлари, улардан нотўғри фойдаланиш ҳақида бормоқда. Бу ҳақда сўз юритишдан олдин, келинг, айрим таҳлилларга эътибор қаратсак.

Статистик маълумотларга кўра 2024 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистонда мобил алоқа билан таъминланган абонентлар сони қарийб 34,2 млн. нафарни ташкил этган бўлиб, шундан, 28,8 млн. нафари аҳолида қайд этилган. Одамларнинг мобил алоқа билан таъминланганлиги ҳар 100 киши ҳисобига 79 бирликни ташкил этмоқда.

Бу рақамлар бир қарашда ёмон эмас. Тараққиёт жадаллашар экан, бундай воситаларнинг мамлакатимизга кириб келиши ҳам табиий жараён. Шу маънода, гаджетлар ҳаётимизнинг ажралмас қисми, турли вазиятларда «ёрдамчи»га ҳам айланиб улгурди. Керакли маҳсулотни харид қилиш, бирон инсон билан тез боғланиш, зарур маълумот олиш ёки юбориш – бунинг учун телефондаги бир неча тугмаларни босишнинг ўзи кифоя бўлиб қолди.

Бироқ ҳар нарсанинг меъёри бўлгани каби гаджетлардан фойдаланишда ҳам маълум талаблар бўлиши керак. Зеро, виртуал оламга қаттиқ боғланиб қолиш инсоннинг физиологик ва руҳий саломатлигида жиддий муаммолар юзага келтириб чиқариши мумкин.

Афсуски, кўпчилик бунга бепарволик билан қарайди. Ҳозирги замонда мобил алоқа воситаларини, ҳатто боғча ёшидаги болаларнинг қўлида ҳам кўриш мумкин. Айрим ота-оналар уй юмушлари билан машғул бўлганда ҳали тили чиқмаган гўдакларга мультфильм ёки видеолар қўйиб беради, бунинг келажакдаги салбий оқибатлари ҳақида эса ўйлаб ҳам кўрмайди...

Хўш, бу борада мутахассислар ва кенг жамоатчилик вакиллари нима дейди?

Долзарб мавзу

Кўзимиз – гавҳар, уни асрайлик

Отабек ИКРОМОВ,

Республика кўз касалликлари клиник шифохонаси бош шифокори:

– Телефонларнинг инсон саломатлиги учун зарарли томонлари мавжуд. Биринчидан, улар ўзидан хавфли электромагнит тўлқинлар чиқаради. Тўлқинлардан нурланишнинг зарари кичик ёшдаги болалар учун янада кучлироқ бўлиб, бу уларда кейинчалик иммунитетнинг пасайиши, асаб тизимида муаммолар келиб чиқишига сабаб бўлади.

Гаджетлардан узоқ вақт давомида фойдаланишдан азият чекадиган асосий органлардан бири, бу – кўз. Болалар бир дақиқада ўртача 18 – 20 марта мижжа қоқади. Бу кўзларни намлантириб, улар зўриқишининг олдини олади.

Аксарият ҳолларда болалар телефон экранига яқин масофадан тикилиб ўйин ўйнайди, видео кўради. Бунда улар мижжа қоқишни унутади ва натижада кўз зўриқишни бошлайди. Бу эса кўз олмасининг ўсиб кетиши, кўриш қобилиятининг пасайиши, узоқни яхши кўра олмаслик (миопия), ғилайлик, кўзнинг сурункали ёшланиши ёки қизариши, кўз қуриб қолиш синдроми каби муаммоларга олиб келиши мумкин.

Ота-оналар ва болалар буни дарров пайқашмайди. Кўпинча гаджетлардан узоқ вақт давомида фойдаланиш оқибатида келиб чиққан кўз касалликлари болалар мактабга чиқиши, айрим ҳолларда эса ҳатто ўсмирлик даврида, масалан, ҳарбий хизматга жўнашдан олдин тиббий кўрикдан ўтиш жараёнида аниқланади.

Айрим болалар ва ўсмирлар уйқудан олдин, баъзида эса ухламасдан қоронғи хонада телефонга термилиб чиқади. Бу – мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолат! Бундай бедор тунлар сурункали тус олса, кейинчалик уйқусизлик, диққатни бир жойга жамлай олмаслик ва ҳатто кўрликка олиб келиши мумкин.

Гаджетлар қаршисида кўп вақт ўтказиш болада умуртқа поғонаси, бўйин билан боғлиқ турли хасталиклар ривожланиши хавфини ҳам туғдиради.

Тан олиш керак, кўпчилигимиз телефондан ёнбошлаб ётиб фойдаланамиз ёки ўтирганда экранга гавдани ва бўйинни эгиб қараймиз. Натижада суяк тизими ривожланиш босқичида бўлган болаларда умуртқа поғонасининг деформацияси, сколиоз, бўйин мушакларининг зўриқиши, спазмлар пайдо бўлиши мумкин. Шунинг учун телефон ёки планшет ишлатганда уни камида 40 – 50 см. масофада ва кўз баландлигида ушлаш керак.

Телефондан узоқ вақт давомида фойдаланиш боланинг руҳий ҳолати ва ижтимоий мослашишида ҳам муаммоларга олиб келади.

Таъкидлаш жоизки, болаларнинг ижтимоийлашуви туғилгандан бошлаб то ўсмирлик пайтигача давом этади. Бунда, айниқса, мактабгача ва мактаб даври муҳим роль ўйнайди. Сабаби ушбу даврда бола бошқалар билан мулоқот қилишни, жамиятда ўзини қандай тутишни, одоб-ахлоқ нормаларини ўрганади, ақлий ривожланади, унда ижтимоий кўникмалар шаклланади.

Наркоқарамликданда кучлироқ

Зебинисо ХАЙРУЛЛАЕВА,

психолог:

– Сизнинг фарзандингиз ёки ўзингиз телефонсиз ўзингизни ёмон ҳис қиляпсизми, демак, сиз кенг тарқалаётган хавфли касаллик қаршисида турибсиз. ХХИ аср эпидемияси, дея таърифланувчи бу касаллик «номофобия» дейилади. Номофобия – (инглизча но мобиле-пҳоне-пҳобиа) телефонсизликдан қўрқиш. Мобил телефонсиз ёки ундан узоқда қолишдан қўрқиш (фобия) ҳисобланади.

Яна бир статистика: ҳозирги кунда 5 – 16 ёшдаги болалар кунига 3 соатдан 8 соатгача вақтини телефон қаршисида ўтказиши натижасида уларда телефонга қарамлик, ундан айрилиб қолишдан қўрқув ҳисси пайдо бўлади. Бугун, афсуски, номофобия болалар орасида энг кўп тарқалган психологик касалликлардан бирига айланишга улгурди.

Тадқиқотларга кўра гаджетларга бўлган тобелик даражаси, айниқса, у кичик ёшдан шаклланиб келган бўлса, ҳатто, наркоқарамликдан ҳам кучлироқ бўлиши мумкин экан. Телефондан узоқ вақт давомида бетартиб фойдаланиш инсоннинг ҳам жисмоний, ҳам руҳий саломатлигига жиддий таъсир кўрсатади.

Гаджетларнинг кичик болалар ва ўсмирлар учун салбий таъсири ҳақида психологик маълумотларни келтиришдан аввал жажжи, мурғак қалбли болажонларимиз психик нуқсонли бўлишини истамасангиз, уларни ҳозирги замон муаммоларидан бири – гаджетларга қарамликдан асрашимиз лозим. Янги тадқиқот электрон қурилмалар экрани олдида ўтказилган вақт боланинг руҳий саломатлигига таъсир қилиши борасидаги масалани илгари сурмоқда.

Ҳаётий синов тажрибалари яна шуни кўрсатмоқдаки, айрим оналар бола тарбиясида гаджетлардан мунтазам равишда фойдаланиш оқибатида болаларда психик ривожланиш орқада қолаётгани, ёш даврига хос айрим муҳим бўлган ривожланишдан кечикаётганини кўриш мумкин.

Масалан, қўл моторикаларини, сўз, мантиқни ривожлантирувчи машғулотлар ўрнига болам тинч ўтирса, менга халал бермаса қабилида иш тутиш – кун давомида мурғак жажжи дилбандига соатлаб мультфильм томоша қилиши ёки турли ўйинларни ўйнаяпти, деб шунчаки болани назоратсиз қолдириш уларнинг келажагига, соғлигига нисбатан эътиборсизликдир.

Яна бир салбий томони шундаки, гаджетлар атроф-муҳитни энди идрок этаётган боланинг тўлақонли ижтимоийлашувига тўсқинлик қилади. Телефон «ичига кириб кетиб», ташқи дунёдан узилиб қолиш туфайли унда кейинчалик бошқалар билан муносабатда жиддий муаммолар юзага келиши мумкин.

Китобга муҳаббат ҳиссини оширайлик

Маҳбуба ТЎРАЕВА,

Жиззах шаҳридаги 29-мактаб ўқитувчиси:

– Эътибор берсак, ҳозирги кунда болалар мобил телефонларидан, асосан, турли ўйинларни ўйнашда фойдаланмоқда. Айрим ўқувчи-ёшлар телефонга шу қадар берилиб кетадики, натижада ташқи муҳитда бўлаётган янгилик ва ўзгаришларга эътиборсиз бўлиб қолади. Дарсларда ҳам хаёли ўша телефонда эканлиги сезилиб туради. Оқибатда ўқувчи ўтилаётган мавзуларни мукаммал ўзлаштиролмай қийналади, орқада қолиб кетади.

Мактабгача ижтимоийлашув, энг аввало, оиладан бошланади. Шунинг учун ушбу даврда ота-оналар фарзандлари билан кўпроқ вақт ўтказиши, бирга турли тўгаракларга бориши, жамоавий ўйинларда қатнашиши, уларда спортга қизиқиш, китоб ўқишга муҳаббат ҳиссини уйғотиши муҳим. Энг асосийси, ота-оналар ўзлари гаджетлардан имкон қадар камроқ фойдаланиб, фарзандларига намуна бўлиши керак.

Аслида, болаларга телефондан фойдаланишни мутлақ тақиқлаш ҳам нотўғри. Чунки уларнинг зарари билан бир қаторда, фойдали томонлари ҳам кўп, албатта. Замонавий гаджетлар тақдим эта оладиган имкониятлар болаларга янги билим олишга ёрдам беради, уларга ўқиш жараёнида асқатади.

Муҳими, уларнинг саломатлигига путур етиши ва ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш учун болалар телефонлардан қанча вақт ҳамда нима мақсадда фойдаланаётганини мунтазам назорат қилиш зарур.

Фарзандимни телефондан зўрға «чиқариб» олдик

Розия ҲУСАНОВА,

уй бекаси:

– Очиғини айтадиган бўлсам, ўз фарзандимни телефондан зўрға ажратиб олганман. Бошида билинмасди. Телефон жанжалини қилса, тинчимни ўйлаб қўлига ўша матоҳни тутқазиб қўяверибман. Аммо кейинроқ вазият жиддийлашиб кетди. Индамасам, қизим кунбўйи бошини телефондан кўтармасди.

Унданам ёмони, кўзлари қизариб, ёшланадиган, кипригини дам-бадам қоқиб, узоқни кўриши сусая бошлади. Буни боғчага олиб бориб-келиш чоғида сезиб қолдим. Унинг хотираси, эшитиши ва кўриши ёмонлашиб, инжиқлашиб, фикрини бир жойга жамлолмайдиган бўлиб қолди. Қўрқиб кетдим. Ўз тинчимни ўйлаб, қизимнинг қўлига телефон бериб қўйиш жуда катта хато эканини англаб етдим.

Шундан кейин қизимни шифокор кўригига олиб бордим. У мени койиб, дарҳол даволаниш кераклигини тушунтирди. Кўзига дори ёзиб берди. Муолажаларни қилдик. Кейин болани бошқа қизиқарли ва ақлни чархлайдиган ўйинларга жалб қилиб, телефондан «чиқариб» олдик. Ҳозир бу масалада назоратни кучайтирганмиз.

Қўрқинчли ўйинлар оқибати

Феруза РАҲИМОВА,

журналист:

– Икки нафар фарзандим бор. Улар ўз вақтида овқатланиши учун телефонимни дастурхон устида берадиган бўлдим. Қарасам, овқатни еб бўлгач ҳам мендан телефон сўрай бошлашди, бошида майли деб бердим, бу ҳолат бора-бора телефонсиз туролмайдиган вазиятга олиб келди. Энг ёмони, кўп қаватли уйда турсакда ўғлим қўрқинчли ўйинлар таъсирида у хонадан бу хонага боришга қўрқадиган бўлиб қолди.

Вазият жиддий тус ола бошлагач, бунинг олдини олиш ҳаракатига тушдик. Аввало, телефондаги барча ўйинларни ўчирдим, кейин Wi-Fiни узиб қўйдик. Қўл моторикаси яхши шуғулланиши учун ўйинчоқ ва леголар олиб келдим. Очиқ ҳавода кўпроқ вақт ўтказа бошладик. Дастлабки кунлари қўлимда телефон борлигини кўрса, бер деб хархаша қиларди, кейин ўзим ҳам телефонни улардан бекитиб, фақат зарурат бўлгандагина фойдаландим. Хуллас, аста-секин боладаги қўрқув йўқолди, ўзига нисбатан ишончи ортди. Ва асосийси, телефон хархашаси камайди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?