«Work and Travel» дастурида иштирок этувчи талабаларга фоизсиз қарз берилади

13:37 05 Май 2025 Ҳужжатлар
589 0

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 2 майдаги 290-сонли қарорига мувофиқ, 2025 йил 15 майдан бошлаб «Work and Travel» халқаро дастурлари доирасида ишлаш ва саёҳат қилиш мақсадида хорижий давлатларга борадиган талабаларга ссуда (қайтариш шарти билан фоизсиз қарз) ажратиш тартиби жорий этилади. Мазкур тартиб хорижга бориш, қайтиш ва бошқа харажатларни қоплаш учун мўлжалланган.

Ссуда олиш имконияти Европа Иттифоқи давлатлари, Жанубий Корея, Япония, Буюк Британия, АҚШ, Канада, Австралия ва Янги Зеландия каби мамлакатлар учун амал қилади. Ҳар йили 2 минг нафаргача талабага БҲМнинг 40 баравари миқдорида фоизсиз ссуда ажратилиши кўзда тутилган. Аризалар Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали қабул қилинади.

Ссуда сўраётган талабалардан бир қатор ҳужжатларни тақдим этиш талаб қилинади. Улар қаторида хориждаги иш берувчи билан тузилган меҳнат шартномаси, кафил шахснинг сўнгги 12 ойлик иш ҳақи тўғрисидаги маълумот ва қарз шартномаси бўйича кафиллик розилиги (агар мавжуд бўлса), шунингдек, виза нусхаси ҳам илова қилиниши керак бўлади.

Ссудани олган талабалар хориждан қайтганидан сўнг 1 ой муддат ичида ушбу маблағни тўлиқ қайтариши шарт. Бундан ташқари, 1 календарь йили мобайнида 2 минг нафар ариза берувчига ссуда ажратилиши маъқуллангандан кейин аризаларни қабул қилиш тўхтатилади. Бу лимитга кирмаган шахслар келгуси йилда аризани қайтадан топширишлари лозим бўлади.

Ссуда ажратиш тизими орқали талабаларга молиявий ёрдам кўрсатиш билан бирга, уларнинг халқаро тажриба орқали шахсий ва касбий ўсишини қўллаб-қувватлаш мақсад қилинган. Бу орқали мамлакат ёшлари хорижий бозорда тажриба тўплаб, келажакда ички меҳнат бозорида ўз ўрнини топишига замин яратилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?