Вьетнам инвестицияси иштирокида замонавий корхоналар ташкил этилади

10:49 21 Февраль 2025 Иқтисодиёт
175 0

Президентимизнинг ўтган йил 11-12 июль кунлари Фарғона вилоятига ташрифи давомида тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш мақсадида Қўқон шаҳрида махсус саноат зонаси – “Қўқон технопарки”ни ташкил этиш ташаббуси илгари сурилган эди. Ҳозирда технопаркка 230 гектар ер ажратилиб, дастлабки босқичда 1,5 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш ва камида 5 мингта янги иш ўрни яратиш бўйича саъй-ҳаракатларга киришилди.
 

Ўтган ҳафта Фарғона вилояти ҳокимлиги делегацияси Вьетнамда бўлиб, тадбиркорлик, инвестиция, ҳунармандчилик каби йўналишларда бир қатор истиқболли келишувларга эришилди. Хусусан, “Sopoka” электр жиҳозлари ишлаб чиқариш компанияси раҳбари билан мулоқот ўтказилди.
 

Қўқон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, жаҳон бозорида 1,5 минг хил турдан ортиқ маҳсулотлари билан танилган ушбу компания мутасаддилари “Қўқон технопарки”да ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этиш истагини билдирди. Шу мақсадда жорий йилнинг апрель ойида корхона раҳбарининг Қўқон шаҳрига келиши кутилади.
 

Вилоят делегацияси аъзолари Вьетнам пойтахти Ханойда жойлашган “Bao minh” қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган компанияда ҳам бўлиб, ловия, гуруч каби маҳсулотлардан турли пишириқлар тайёрлаш жараёни билан яқиндан танишди. Мулоқотлар якунида мазкур компания раҳбарияти ҳам “Қўқон технопарки”да ўз фаолиятини йўлга қўйиш бўйича билдирилган амалий таклифни маъқуллади.

Ботир МАДИЁРОВ

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер