Ўзбекистон ва Туркманистон етакчилари ОАВ учун баёнот берди

15:06 17 Ноябрь 2025 Сиёсат
110 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Кўксарой қароргоҳида ўтган олий даражадаги музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов оммавий ахборот воситалари вакиллари учун баёнот бердилар.

Президентимиз ушбу тарихий давлат ташрифи қардош мамлакатларимизнинг стратегик шериклигини янада мустаҳкамлаб, уни янги марраларга олиб чиқишига ишонч билдирди.

Музокараларда сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт, сув-энергетика ва маданий-гуманитар соҳаларда биргаликдаги ишларнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди.

Савдо-иқтисодий ва кооперация алоқаларини кенгайтириш муҳим йўналиш сифатида қайд этилди.

Кейинги йилларда товар айирбошлаш қарийб 2 баробар кўпайиб, 1 миллиард доллардан ошди. Унинг ҳажмини, энг аввало, ўзаро савдодаги маҳсулотлар турини кенгайтириш ва етказиб беришни кўпайтириш ҳисобидан 2 миллиард долларга олиб чиқиш вазифаси қўйилди.

Бунда бугун ишга туширилган “Шовот-Тошҳовуз” чегараолди савдо зонаси алоҳида ўрин тутади. Томонлар ушбу тажрибани бошқа чегараолди ҳудудларда, энг аввало, “Олот-Фароб” ҳудудида қўллаш ниятида.

Минтақанинг транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқлигини кучайтириш мақсадида ҳукуматларга автомобиль, темир йўл ва денгиз орқали ташувларни ривожлантириш, Туркманбоши халқаро денгиз портидан биргаликда фойдаланиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш топширилди.

Энергетика масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Электр энергиясининг етказиб берилиши ва транзити бўйича ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, икки мамлакат ҳудудида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш борасида қатъий интилиш борлиги таъкидланди.

Томонлар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва сувдан оқилона фойдаланиш соҳасида, шу жумладан, Марказий Осиё минтақасида ҳамкорликни ривожлантирадилар.

Яна бир устувор йўналиш – ҳудудлараро ҳамкорлик. Бухоро ва Туркманобод шаҳарларида ҳудудлар форумлари муваффақиятли ўтказилди. Яқинда Хивада икки мамлакатнинг барча вилоятлари иштирокида учинчи форум бўлиб ўтади.

Урганч ва Тошкентда Туркманистон маданияти кунлари муваффақиятли ўтказилгани мамнуният билан қайд этилди. Концертлар, театрларнинг ижодий сафарлари, ёшлар ва олимлар форумлари, спорт олимпиадаларини мунтазам ўтказиб боришга келишиб олинди.

Томонлар, шунингдек, соғлиқни сақлаш ва тиббиёт фани соҳасида амалий ҳамкорликни илгари суришга келишиб олдилар.

Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари доирасида минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришда сезиларли ютуқларга эришилди.

Куни кеча Тошкент шаҳрида ўтган еттинчи Маслаҳат учрашувининг якунлари минтақада интеграция жараёнлари ва бирдамликни мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирилди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлаш амалиётини давом эттириш муҳим экани таъкидланди.

Якунда ҳамкорликни жадал ривожлантириш, қардош мамлакатларимиз тараққиёти ва фаровонлиги йўлида улкан натижаларга эришишга ўзаро интилиш қатъий экани тасдиқланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер