Венгрия делегацияси Жиззахда

13:55 14 Октябр 2024 Жамият
183 0

Саид ДОНИШЕВ/«Халқ сўзи». Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев Венгрия Давлат котибининг инновациялар бўйича ўринбосари Ласло Бодиш бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Музокаралар давомида Э. Салиев вилоятнинг иқтисодий-ижтимоий ва инвестиция салоҳияти ҳамда ҳудудларда амалга оширилаётган лойиҳалар, автомобилсозлик, текстиль, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, туризм салоҳияти ҳамда ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ҳақида тўхталиб ўтди.

Дарвоқе, бугунги кунда Жиззах вилояти Венгрия билан савдо-иқтисодий ҳамкорликлар соҳасида кўплаб ишларни амалга оширмоқда. Жумладан, 2021 йилнинг май ойида Венгрия делегацияси вилоятга ташриф буюрганди. Ташриф давомида ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, ижтимоий соҳаларда тажриба алмашинувини ташкил этиш бўйича музокаралар ўтказилган.

2022 йилнинг октябрь ойида эса жиззахлик ишбилармонлар Венгрияда бўлиб, бу мамлакатдаги тадбиркорлар билан умумий қиймати 19,5 млн. долларлик 8 та савдо ва инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишувларга эришган.

2023 йилнинг 26 октябрь санасида Жиззах вилояти ҳокимлиги Дьёр-Мосон-Шопрон (Венгрия) вилояти раҳбарияти билан ҳудудлараро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича музокаралар ўтказди.

Бугунги делегация ташрифини ҳам ана шу манфаатли ва ишончли ҳамкорликнинг мантиқий давоми дейиш мумкин.

Ўз ўрнида Венгрия делегацияси раҳбари Ласло Бодиш қабул учун вилоят ҳокимига алоҳида миннатдорлик билдириб, икки давлат — Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги ҳамкорликни юқори баҳолади. Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳамда Венгриянинг Обуда университети ўртасида технологиялар соҳасида қўшимча инновацион лойиҳаларни амалга ошириш бўйича икки томонлама музокаралар, тақдимотлар бўлиб ўтди.

Обуда университети ректори, профессор Левенте Ковач инновация ва илм-фанда эришилган ютуқлар ва бу йўналишда Венгрия тажрибасини оммалаштириш, Жиззах вилоятидаги қатор лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини таъкидлаб ўтди. Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов, Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети ректори Олимжон Тўйчиев, Тошкент кимё-технология институти ректори Ботир Усмонов инно технопаркларни ташкил қилиш, олий ўқув юртлари ва ишлаб чиқаришдаги ҳамкорлик юзасидан сўз юритди.

Вилоят ҳокими ҳамроҳлигида Венгрия делегацияси аъзолари Жиззах эркин иқтисодий зонасидаги BYD Узбекистан Фаcторй автобомиль заводи, «Дея» бренди остида маҳсулот ишлаб чиқараётган қандолат фабрикаси фаолияти билан яқиндан танишди. Ташриф давомида меҳмонлар Жиззах шаҳридаги Президент мактаби, «Inno» инновацион ўқув ишлаб чиқариш технопаркини ҳам кўздан кечиришди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?