Велосипедчи аёлларга байрам совғаси

19:19 29 Декабрь 2021 Жамият
799 0

Андижон вилояти Балиқчи туманига келсангиз, кўча-кўйда турли ёшдаги аёлларнинг, қизларнинг велосипедда ҳаракатланишини кўриб, завқингиз келади. Улар орасида кекса онахон ҳам бор, ёш қизалоқлар ҳам.

— Велосипедда тананинг барча аъзоси ҳаракатланади, — дейди туманнинг Жасорат маҳалласида яшовчи 80 ёшли Нодирахон ая Имомова. — Бу соғлиқ учун жуда муҳим. Ҳар куни тонгда велосипед миниб, бутун қишлоқни айланиб чиқаман. Шунинг учун ҳам тетикман, қарилик билинмайди. Қишлоғимиз аёллари ҳар бир кунини велосипед ҳайдаш билан бошлайди. Бу одатимизга айланиб қолган.

Айтиш керакки, туманда опа-сингилларимизнинг бу шижоати, шунингдек, спортга қизиқиши ҳар доим қўллаб-қувватлаб келинган. Бунинг учун маҳаллалардаги мактабларда мавжуд спорт залларида аёллар баскетбол, волейбол, стол тенниси каби спорт турлари билан шуғулланиши учун шароитлар ҳам яратиб берилган.

Куни кеча туман ҳокимлиги томонидан энг фаол велосипедчи аёлларга янги велосипедлар совға қилинди. Бу ҳам бўлса туманда хотин-қизлар орасида оммавий спортни ривожлантиришга қаратилган эътиборнинг кичик ифодасидир.

Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?