Вазирлик фарзандини кейинчалик «перевод» қилиш илинжида ёки бошқа мақсадда хорижга ўқишга юбормоқчи бўлган ота-оналарга мурожаат билан чиқди

19:07 05 Сентябр 2021 Жамият
4124 0

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги фарзандини хорижга ўқишга юбормоқчи бўлган ота-оналарга мурожаат билан чиқди.

"Фарзандини хорижга ўқишга юбормоқчи бўлган ота-оналар диққатига!

Сўнгги вақтларда республика олий таълим муассасаларига ўқишга топшириб, киролмаган фарзандини кейинги йил Ўзбекистонга «перевод» қилиш илинжида (ёки ўзи) хорижга ўқишга юбормоқчи бўлган ота-оналар кўп учрамоқда.

Маълумки, жорий йил 15 июлдан бошлаб талабалар ўқишини кўчириш бўйича бир қатор янги тартиблар жорий қилинди, жумладан, эндиликда ўқишини хорижий мамлакатлардан давлат олий таълим муассасаларининг мос ва турдош бўлмаган таълим йўналишларига кўчиришга рухсат этилмаслиги ҳамда мос ва турдош таълим йўналишларга кўчиришда эса Давлат тест маркази томонидан тест ва олий таълим муассасалари томонидан касбий (ижодий) имтиҳонлар ўтказилиши белгиланди.

Шунингдек, кейинги йиллардан бошлаб тест синовлари ва касбий (ижодий) имтиҳонлар бўйича ўтиш баллари жорий ўқув йилида таълим йўналишлари бўйича ўтиш балларига мос равишда тенглаштирилиши кўзда тутилмоқда.

Шу ўринда, Ҳукуматимиз томонидан ёшларнинг, хусусан, талабаликка тавсия этилмаган абитуриентларнинг олий таълим олиш ва бандлигини таъминлаш учун бир қатор имкониятлар яратиб берилаётганини алоҳида қайд этиш лозим.

Хусусан, сўнгги 5 йилда олий таълим билан қамровни кенгайтириш бўйича хорижий ОТМ билан ҳамкорликда 58 та республика олийгоҳларида икки томонлама давлат намунасидаги дипломлар бериш кўзда тутилган қўшма таълим дастурлари жорий этилди.

Мазкур қўшма таълим дастурларининг бир қатор афзалликлари мавжуд бўлиб, жумладан:

✔️ ишончлилиги (яъни, мазкур қўшма таълим дастурлари давлат ОТМ билан ҳамкорликда йўлга қўйилганлиги);

✔️ талабалар ўқув жараёнининг бир қисмини хорижий ОТМда амалга ошириши;

✔️ дарс машғулотларининг хорижий малакали профессор-ўқитувчилари томонидан олиб борилиши;

✔️ битирувчиларнинг 2 та, хусусан, республика ва хорижда тан олинадиган дипломга эга бўлишлари;

✔️ таълим жараёни хорижий ОТМ томонидан тайёрланган ўқув режалари, фан дастурлари, ўқув материаллари асосида олиб борилиши;

✔️ шунингдек, кундузги ва сиртқи таълим шаклларининг мавжудлигини алоҳида кўрсатиб ўтиш лозим.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги талабаликка тавсия этилмаган абитуриентлар ҳамда фарзандини хорижга ўқишга юбормоқчи бўлган ота-оналарга мурожаат қилиб, юртимизда мавжуд ОТМ билан ҳамкорликда йўлга қўйилган қўшма таълим дастурларида олий таълим олишларини тавсия этади" дейилади ушбу мурожаат матнида.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?