Сенат “Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонунни рад этди

14:57 19 Декабрь 2025 Сиёсат
159 0

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Сенаторлар ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонунини кўриб чиқди.

Қайд этилганидек, уй-жой муносабатларини ҳуқуқий тартибга солишнинг яхлит тизими мавжуд эмаслиги уй-жой сиёсатини изчил амалга оширишни мураккаблаштириб, ўз навбатида, соҳадаги давлат бошқарувини қайта кўриб чиқишни ҳамда тартибга солишнинг самарали механизмларини жорий этишни талаб қилмоқда. Бундан ташқари, Уй-жой кодекси ва Фуқаролик кодексида назарда тутилган ва бир-бирини такрорлайдиган айрим нормалар ўзаро зид бўлиб, ҳуқуқни қўллаш жараёнида турли низоли ҳолатларни келтириб чиқармоқда.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Ушбу муаммоларни бартараф этиш мақсадида “Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонун ишлаб чиқилган.

Сенаторлар томонидан олиб борилган ўрганиш ва таҳлиллар Қонунда қайта кўриб чиқилиши лозим бўлган масалалар мавжудлигини кўрсатди.

Хусусан, Кодекснинг 7-моддасида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг кўп квартирали уйлардан техник жиҳатдан фойдаланиш нормалари ҳамда қоидаларига риоя этиш устидан назоратни амалга ошириши белгиланган.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

“Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида”ги Қонунда эса ушбу ваколатлар Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Кўп квартирали уй-жой фондидан фойдаланиш соҳасини назорат қилиш инспекциясига берилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 28 августдаги ПФ-151-сонли Фармонига асосан Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси, Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ва Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси негизида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси ташкил этилган.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Юқоридагиларни инобатга олиб, Кодекснинг 7-моддасида белгиланган Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ваколатларини қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ.

Кодекснинг 30-моддасида турар жойни мулкдорлар билан тузиладиган шартнома асосида бузиш ва ўрнида янги бино қуриш тартиби белгиланган бўлса, 36-моддасида ҳам турар жойларни бузиш ва уларнинг ўрнида янги турар жойлар қуриш назарда тутилган.

Бир муносабат Кодекснинг 2 та моддасида такрор баён қилинаётганлиги сабабли 30 ва 36-моддаларини мувофиқлаштириш лозим.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Бундан ташқари, Кодекснинг 40-моддасида уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож 5 тоифа шахслар кўрсатилган.

Ушбу тоифаларни белгилашда асос сифатида олинган Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 26 февралдаги 170-сонли қарори билан тасдиқланган Уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларни ҳисобга олиш, давлат уй-жой фондидаги турар жойларни тақсимлаш ва тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низом бекор қилинган.

Унинг ўрнига Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 11 мартдаги 124-сонли қарори билан Давлат уй-жой фондидан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган.

Ушбу Низомда 5 та тоифадан ташқари уй-жой ажратилаётган аҳоли пунктида камида уч йил яшаётган ва рўйхатда турган фуқаролар ҳам уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқаролар ҳисобланиши белгиланган.

Бу ўринда уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқаролар тоифасини қайта кўриб чиқиш лозим бўлади.

Сенаторлар ушбу Қонунда яна бошқа бир-бирига зид нормалар ҳамда амалга оширилган маъмурий ислоҳотлар доирасида қайта ташкил этилган инспекциялар масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Юқоридагиларни инобатга олиб, сенаторлар Қонунни рад этди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?