Вазир "Ҳукумат соати"да ахборот берди

23:01 01 Июнь 2020 Сиёсат
1049 0

Ўзбекистон Республикасининг «Парламент назорати тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ жорий йилнинг 1 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракциясининг таклифига асосан навбатдаги «Ҳукумат соати» ўтказилди. Бу ҳақда партия Марказий кенгаши ахборот хизмати хабар берди.​

Унда «Мактабгача таълим ташкилотларида болаларни миллий-маънавий қадриятларимизга мувофиқ тарбиялаш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида»ги масала юзасидан Мактабгача таълим вазири Шин Агриппина Васильевна ахборот берди.

— Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуслари билан Қонунчилик палатасида мунтазам ўтказиб келинаётган «Ҳукумат соати» мамлакатимизда парламент ролини ошириш билан бирга ҳукуматнинг парламент олдидаги масъулиятини янада кучайтириш, жойларда тўпланиб қолган, аҳолини ўйлантираётган масалаларни ҳал этишда муҳим аҳамиятга касб этмоқда. Мамлакатимизда бошланган янги давр таълим соҳасига ҳам аниқ ва қатъий талаблар қўймоқда. Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси амалдаги таълим тизимида тарбиянинг ўрнини етарли эмас деб ҳисоблайди.

«Оила — мактабгача таълим — мактаб» даврини ўз ичига олган, тарбияни устувор ҳисоблайдиган, тарбия ва таълим тизими миллий ва умуминсоний қадриятларни эътироф этадиган, билимли, эркин фикрлайдиган, ҳалол ва масъулиятли инсонни шакллантиришни устувор вазифа сифатида кўриши керак. Тизимнинг натижадорлиги оила, мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим мактабларидаги мавжуд муаммоларнинг тизимли бартараф этилишини тақозо қилади.

«Ҳукумат соати»да таъкидланганидек, 2019 йилда ушбу соҳа ривожи учун жами бюджетдан 6,1 триллион сўм (2018 йилга нисбатан 145 фоиз) маблағ ажратилди. Ушбу маблағдан мақсади ва самарали фойдаланилгани боис, мамлакатимизда 2020 йилнинг 1-чорагида мактабгача таълим билан қамраб олинганлик даражаси 54 фоизга етказилди.

Давлат-хусусий шериклик асосида 59 097 қувватга эга 692 та ҳамда 164 133 қувватга эга 6 715 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш ҳисобига 18 434 та янги иш ўрни яратилди.

Бундан ташқари, 2019 йилда Мактабгача таълимни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан 48.5 млрд. сўм сарфланди. 16 та қайта жиҳозланган автобуслар асосида «Ақлвой» номли мобил лойиҳасининг амалга оширилиши натижасида чекка ҳудудлардаги 40 та маҳаллаларда 2000 та бола қамраб олинди.

2020 йилда амалга ошириладиган ишлар натижасида мактабгача таълим билан қамраб олишни даражасини 60 фоизгача ошириш, шу жумладан, 6 ёшдаги болаларни қамраб олишни 75 фоизгача етказиш кўзда тутилган. Бунинг учун қуйидаги асосий вазифалар белгилаб олинган:

— 4 000 дан ортиқ қисқа муддатли, мактабга тайёргарлик ва мажбурий бепул мактабгача тайёрлов гуруҳлар, давлат-хусусий шерикчилик базасида 2 000 дан ортиқ оилавий ва 420 та нодавлат мактабгача таълим ташкилотини ташкил этиш, турли ёшдаги гуруҳлар, уйга ташриф ҳамда 40 та маҳаллада «Мобил боғча» (2 000 ўринли) каби мактабгача таълимнинг муқобил шаклларини ишга тушириш, хорижий олий ўқув юртлари ва бошқа таълим муассасалари билан қўшма дастурлар ташкил этишга доир комплекс чора-тадбирлар орқали таълим жараёни сифатини ошириш, Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети филиалини очиш режалаштирилган.

— Шунингдек, «Илк қадам» дастури билан ишлаш бўйича ўқув курслари ташкил этиш ва «каскад» йўли билан тренинглар ўтказиш. Тренинглар доирасида 2020 йилда мактабгача таълим тизимидаги камида 20 минг педагогни қамраб олиш режалаштирилган. Мактабгача таълим тизимида камида 6 минг нафар раҳбари ва мутахассислари малакаси оширилади. «Илк қадам» давлат дастури ва давлат талабларига мувофиқ ўқув услубий тўпламлар ва дидактик материаллар ишлаб чиқилади.

Йиғилишда депутатлар 2019 йил 31 декабрь куни қабул қилинган «Узлуксиз маънавий тарбия концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарорининг ижросини таъминлаш, чекка қишлоқлардаги мактабгача таълим ва тарбия ташкилотларида болаларни маънавий ва жисмоний тарбиялаш орқали уларнинг соғлом ривожланишни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар, давлат хусусий шерикчилик асосидаги, давлат ва нодавлат, оилавий мактабгача таълим ташкилотлари учун берилган имтиёзлар ҳамда ушбу мактабгача таълим ташкилотларининг фаолиятини янада такомиллаштириш учун кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги айтарли даражада қониқарли ташкил этилмаётганлигини таъкидлашди.

Хусусан, нодавлат мактабгача таълим ташкилотини очишда имтиёзли кредитларни жалб қилиш учун ойлаб кутиш ва ортиқча оворагарчиликларни бартараф этиш ҳамда болаларни тўғри ва сифатли овқатланишини ташкил этиш учун тўлиқ аутсорсинг тизимига ўтиш лозимлигини айтиб ўтишди.

Депутатлар ўзбек тилининг бор латофати, жозибаси, меҳр ва миллий ғурур ҳисларини тўлақонли сингдиришга қаратилган «Алла» эндиликда мактабгача таълим ташкилотларида айтилишини жорий қилишни тавсия этишди.

Шунингдек, ҳанузгача «Мактабгача таълим ва тарбиянинг давлат стандартини тасдиқлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори тасдиқланмаганлигини танқид қилишди.

Депутатлар «Ҳукумат соати»да муҳокама қилинган масалалар юзасидан келиб чиқиб, мактабгача таълим тизимида йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш юзасидан қатор таклифларни билдирдилар. Вазирлик масъуллари кўтарилган муаммолар ва уларнинг ечими бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатасига қўшимча маълумотлар тақдим этилиши маълум қилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?