«Ватанпарвар» ташкилоти Миллий гвардия билан ҳамкорлик меморандумини имзолади
Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Миллий гвардия қўмондонлиги билан ҳамкорлик меморандумини имзолади.
Ушбу меморандумга мувофиқ, эндиликда Миллий гвардия қўшинларида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ёшлар ихтиёрий равишда «Ватанпарвар» ташкилоти тизимидаги автомототранспорт ҳайдовчиларини тайёрлаш курсларида “A”, “B”, “BC”, “C”, “D”, “E” тоифалари бўйича ва яна бешта мутахассислик, яъни вулканизаторчи, электрик-аккумуляторчи, газ-электр пайвандчи, чилангар, автоэлектрик тайёрлашга ихтисослаштирилган техник хизмат кўрсатиш курсларида ўқиш имкониятига эга бўладилар.
Меморандумда, шунингдек, ҳарбий хизматчиларни Ватанга садоқат ва юксак ватанпарварлик руҳида тарбиялашда кўмаклашиш ҳамда улар ўртасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва йўл транспорт ҳодисаларини олдини олиш бўйича тарғибот-ташвиқот тадбирларини ўтказиш белгиланган.
Бундан ташқари, мазкур ҳужжатга мувофиқ, шартнома асосидаги ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларини мотокросс, картинг, ёзги биатлон, дуатлон, пневматик қуролдан ўқ отиш, моделизм каби спортнинг техник ва амалий турлари бўйича «Ватанпарвар» ташкилоти тизимида ташкил этилган бепул секция ва тўгаракларига жалб этилиши белгиланган.
Тадбирда сўзга чиққан «Ватанпарвар» ташкилоти Марказий кенгаши раиси Ҳусан Ботировнинг билдиришича, «2021 йил – Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да томонларнинг бундай янги лойиҳаларни амалга оширишдан мақсад, вақти келиб, ёшлар муддатли ҳарбий хизматни якунлаганларидан сўнг, улар нафақат Ватанимиз олдидаги муқаддас бурчни адо этган бўлади, шу билан бирга, «Ватанпарвар» ташкилоти ўқув курсларида тегишли касб-ҳунарларни ўрганиб, уйларига қайтадилар.
Республика бўйлаб йўлга қўйилаётган ушбу янгича тизим яқин ойлар ичида минглаб ёшлар ҳаётда ўз ўринларини топиши, яъни бандлиги таъминланишига мустаҳкам замин яратади.
Таъкидлаш жоизки, ҳарбий хизмат давомида оммавий техник касбларни ўзлаштирган ёшларнинг ота-оналари ҳам ёшлар бандлигини таъминлаш борасида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, жумладан, «Ватанпарвар» ташкилоти ва Миллий гвардия қўмондонлиги саъй-ҳаракатлари туфайли фарзандлари бир йил давомида меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларнинг эгалари бўлиб қайтганликларидан бениҳоят мамнун бўладилар.
«Ватанпарвар» ташкилоти Марказий кенгаши Қуролли Кучлар таркибидаги яна бир қатор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорлик меморандуми имзолашни режалаштирмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг