“Вақти келди” — Трамп Россияга қарши янги санкциялар жорий қилиши мумкин

09:54 30 Июнь 2025 Дунё
152 0

Фото: Reuters

АҚШ президенти Дональд Трамп Россияга қарши янги санкциялар жорий этиш ниятида эканлигини маълум қилди. Бу ҳақда АҚШ сенатори ва чекловларни кучайтириш ташаббуси муаллифи Линдси Грэм хабар берди.

Грэмнинг ҳозирда 84 қонун чиқарувчи томонидан қўллаб-қувватланаётган қонун лойиҳаси Украинани қўллаб-қувватламайдиган ва Россиядан табиий ресурсларни сотиб олувчи мамлакатлардан импорт қилинадиган товарларга 500 фоизлик тариф жорий этишни назарда тутади. “The Washington Post” газетасининг фикрича, агар у қабул қилинса, АҚШ шу тариқа дунёнинг қолган қисми билан савдо урушини бошлайди.

Трамп Россияга қарши янги санкциялар жорий этилиши ҳақида гапирар экан, бу қонун лойиҳасига рухсат бериш кераклигини айтган. Бу ҳақда АҚШ сенатори ва тегишли ташаббус муаллифи Линдси Грэм АБC телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

“Кеча, биринчи марта, биз гольф ўйнаганимизда, президент менга қонун лойиҳасини олдинга силжитиш вақти келганини айтди”, — деган сиёсатчи.

Грэмнинг сўзларига кўра, ташаббуснинг моҳияти қуйидагича: агар бирор давлат Россиядан маҳсулот сотиб олиб, Украинага ёрдам бермаса, у ҳолда унинг АҚШга етказиб берилаётган товарларига 500 фоизлик бож жорий этилади. Ушбу чекловлардан таъсир кўриши мумкин бўлганлар орасида сенатор Ҳиндистон ва Хитойни ҳам айтиб ўтди. Чунки бу давлатлар Москвадан углеводородларни сотиб олади.

Сиёсатчининг айтишича, ҳозирги босқичда қонун лойиҳасини 84 қонун чиқарувчи қўллаб-қувватламоқда. Уни кўриб чиқиш июль ойида бошланади. Агар ташаббус маъқулланса, Трамп Россия ва Украина ўртасидаги зиддият контекстида “восита” олади.

Санкциялар АҚШга кўпроқ зарар келтиради

“The Washington Post” газетаси Грэм қонун лойиҳасини Украина можаросида восита эмас, балки АҚШ ва бутун дунё ўртасида савдо урушини бошлаш калити деб атади.

“Грэм қонун лойиҳаси ... Россия Федерациясида ишлаб чиқарилган нефть, уран, табиий газ, нефть маҳсулотлари ёки нефть-кимё маҳсулотларини била туриб сотадиган, етказиб берадиган, ўтказадиган ёки сотиб оладиган ҳар қандай мамлакатга 500 фоизлик бож қўяди. 500 фоизлик бож АҚШнинг ушбу мамлакатларнинг ҳар қайси билан савдосини тўхтатади ”, — дейилади газета мақоласида.

Таъкидланишича, Россиянинг хом нефтини Хитой, Туркия ва Европа Иттифоқи, кўмирни Жанубий Корея ва Тайван, суюлтирилган газни эса Жанубий Корея ва Япония сотиб олади. Бразилия, шунингдек, Россия нефть маҳсулотларининг учинчи йирик харидоридир.

“Грэм қонун лойиҳасининг қабул қилиниши АҚШнинг деярли ҳар бир йирик савдо ҳамкорига 500 фоизлик божлар жорий этиш билан баробар бўлади. Америкаликлар бу йил бутун дунё билан қисқа муддатли бир савдо урушидан омон қолишди — бошқасига аралашишга алоҳида истак йўқ”, — дея қўшимча қилади мақола муаллифи Жим Герагти.

Журналист, шунингдек, АҚШнинг ўзи Россиядан фойдали қазилмалар, жумладан, уран сотиб олишини таъкидлаб, “АҚШ ҳукумати бу ҳолатда ўзига 500 фоизлик бож жорий қиладими?”, деган саволни ўртага ташлайди.

Россия бунга қандай муносабатда?

Россия расмийлари Ғарб томонидан киритилган санкцияларни бир неча бор қоралаб, танқид қилган. Хусусан, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров июнь ойида Ғарб давлатлари иқтисодий ўсишнинг янги марказлари билан солиштирганда рақобатдошлигини йўқотганини айтганди.

“Ғарб диктатура усулларига, унинг талабларига бўйсунмаганларни жазолаш усулларига ўтганида, тўғридан-тўғри, ўзгаларнинг мол-мулкини ўғирлаш, бир томонлама санкция усулларига мурожаат қила бошлаганида, албатта, буларнинг барчаси жаҳон иқтисодиётининг тўлақонли ишлашига ёрдам бермайди”, — деганди ўшанда Лавров.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Москвани босим ва куч билан музокарага ундаб бўлмаслигини таъкидлади. Унинг фикрича, буни фақат мантиқ ва далиллар билан амалга ошириш мумкин. У, шунингдек, чекловлар қўяётган давлатлар кўпинча улардан ўзи азият чекаётганини таъкидлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?