«Ваколатлари оширилаётган Миллий Гвардиядан Лазиз Қудратовга юборилган парламент сўровигача»: Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси нималар муҳокама қилинди?
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда 9 та муҳим қонун лойиҳаси, бир парламент сўрови ва бир нечта ташкилий масалалар муҳокама қилинди. Қуйида ҳар бир қонун лойиҳаси ҳақида батафсил маълумот берилади.
1. «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси янги таҳрирда қабул қилиниши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси
Мажлис аввалида «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси янги таҳрирда қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳаси билан Жиноят-протсессуал кодекс ҳамда «Судлар тўғрисида»ги Қонунга қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда:
— жиноят содир этганликда айбланаётган шахс унинг айби қонунда назарда тутилган тартибда ошкора суд муҳокамаси йўли билан исботланмагунча ва суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча айбсиз деб ҳисобланиши;
— гумон қилинувчига, айбланувчига ва судланувчига ўзини ҳимоя қилиш учун барча имкониятларни таъминланиши;
— айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши кераклиги;
— гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмаслиги ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкинлиги;
— ҳеч ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмаслиги;
— агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги;
— шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмаслигини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиляпти.
Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши янги таҳрирдаги Конституциямизнинг сўзсиз ва тўлиқ амалга оширилишини, унда мустаҳкамланган устувор принсипларнинг Янги Ўзбекистон ғоясига ҳамоҳанг тарзда рўёбга чиқарилишини, фуқароларнинг суд орқали ҳимоя қилиниш ҳуқуқи кафолатларини таъминлашга хизмат қилади. Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.
2. «Жиноят ишини юритиш чоғида шахсни қийноққа солишнинг олдини олиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси
Қонун лойиҳаси жиноят ишларини юритиш жараёнида қийноқларни олдини олишга қаратилган. Унда қуйидагилар белгиланган:
— қамоққа олинган шахс тергов ҳибсхонасига жойлаштирилишдан олдин мажбурий тиббий кўрикдан ўтказилиши;
— шахс танасида жароҳатлар аниқланса, бу ҳақда зудлик билан прокурорга хабар берилиши.
Мазкур қонун лойиҳаси учинчи ўқишда депутатлар томонидан қабул қилинди.
3. «Қонун лойиҳаларини Қонунчилик палатасига киритиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси
Ушбу қонун лойиҳаси қонунчилик ташаббусларини янада такомиллаштиришга қаратилган. Асосий қоидалар:
— қонун лойиҳаларини киритишда ҳуқуқий экспертиза ва жамоатчилик муҳокамаси натижаларини тақдим этиш;
— қонунчилик ташаббуси субъектларига қонун лойиҳасини чақириб олиш ҳуқуқини бериш.
Мазкур лойиҳа қонун ижодкорлиги соҳасидаги фаолият сифатини оширишга хизмат қилади ва учинчи ўқишда қабул қилинди.
4. «Донорлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси
Донорларни рағбатлантиришга қаратилган ушбу қонун лойиҳасида қуйидаги имтиёзлар белгиланган:
— фахрий донорлар шаҳар транспортидан бепул фойдаланиши;
— санаторий-курорт йўлланмаларини навбатсиз олиш имконияти;
— ҳар йилги меҳнат таътилини қулай вақтда олиш ҳуқуқи.
Депутатлар ушбу қонун лойиҳасини учинчи ўқишда қабул қилдилар.
5. «Миллий гвардия тўғрисида»ги қонунга ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган ушбу қонун лойиҳаси Миллий гвардиянинг вазифалари ва функсияларини тизимлаштиришга ҳамда янги вазифаларни белгилашга қаратилган. Қонунда қуйидагилар ўз ифодасини топган:
— вазифаларнинг тизимлаштирилиши, яъни Миллий гвардиянинг асосий вазифалари қонунчиликда аниқ белгилаб берилмоқда;
— фуқаролар билан мулоқотда Миллий гвардия ходимлари ўзини таништириш ва тегишли тушунтиришларни бериши шартлиги белгиланди;
Мазкур қонун лойиҳаси мамлакатимизда Миллий гвардиянинг роли ва аҳамиятини янада кучайтиришга хизмат қилади. Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди ва депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.
6. «Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси
Мазкур қонун лойиҳаси суғориладиган ер участкаларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тартибини янада кучайтиришга қаратилган. Унда қуйидаги жиҳатлар назарда тутилган:
— суғориладиган ер участкаларини бошқа тоифага ўтказиш фақат жиддий сабаблар (масалан, ернинг сув таъминоти ёки тупроқ сифати билан боғлиқ ўзгаришлар) туфайли амалга оширилади;
— қишлоқ хўжалиги ер участкалари икки гуруҳга – қишлоқ хўжалиги ерлари ва қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатувчи ерларга ажратилади.
— ер участкаларидан бошқа мақсадларда фойдаланиш масаласини қатъий талаблар асосида кўриб чиқиш белгиланади.
Депутатлар ушбу қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилиб, унинг аҳамиятини таъкидлашди. Лойиҳа қишлоқ хўжалиги ерларининг барқарор бошқарувини таъминлашга хизмат қилади.
7. «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга қўшимча киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси
Истеъмолчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ишлаб чиқилган ушбу қонун лойиҳаси қуйидагиларни назарда тутади:
— сотувчи товарларни истеъмолчига белгиланган муддатда етказиб бермаса, товар нархининг қолдиқ қисмига пеня тўлаши шарт;
— пенянинг умумий суммаси товар нархининг 100 фоизидан ошмаслиги белгиланган;
— агар товарни етказиб бермаслик истеъмолчининг айби билан содир бўлса, сотувчи пенядан озод қилинади.
Депутатлар ушбу қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилишди. Лойиҳа истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини кучайтириб, сотувчиларни шартнома шартларини бажаришга ундайди.
8. «Ўзбекистон Республикасининг Евросиё тараққиёт банкини таъсис этиш ҳақидаги битимга қўшилиши тўғрисида»ги қонун лойиҳаси
Ушбу қонун лойиҳаси Ўзбекистоннинг Евросиё тараққиёт банкига (ЙТБ) аъзо бўлишини кўзда тутади. Банкнинг асосий мақсади – аъзо давлатлардаги иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш ва инвестицияларни молиялаштиришдир. Лойиҳанинг муҳим жиҳатлари:
— банк 7 миллиард доллар устав капиталига эга бўлиб, яшил иқтисодиёт, транспорт-логистика, қишлоқ хўжалиги ва рақамли трансформация каби соҳаларда фаолият юритади;
— миллий валюталарда ҳисоб-китоб қилиш тизими аъзо давлатлар учун яратилган;
— 2016 йилдан буён банк томонидан 15 миллиард долларлик лойиҳалар молиялаштирилган.
Депутатлар мазкур қонун лойиҳасини учинчи ўқишда қабул қилиб, унинг Ўзбекистон иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга эканини таъкидладилар.
9. Кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини қаноатлантириш тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси
Бу қонун лойиҳаси кредиторларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва гаров мулклари билан боғлиқ тартибларни соддалаштиришга қаратилган. Қонунда қуйидаги асосий жиҳатлар белгиланган:
— гаров мулкларини сотиш жараёнини соддалаштириш ва бозор қийматини мустақил баҳолаш тартибини жорий қилиш;
— кредиторларнинг гаров мулклари ҳисобидан талабларини қондириш тартибини такомиллаштириш;
— гаров мулкларини суд ёки суддан ташқари тартибда ундириб олиш жараёнларини тартибга солиш.
Депутатлар қонун лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилиб, унинг амалдаги муаммоларни бартараф этишга хизмат қилишини таъкидладилар.
Инвестициялар, савдо ва саноат вазири Лазиз Қудратовга Қонунчилик палатасининг парламент сўрови
Мажлисда инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратовга «Ўзбекистоннинг жаҳон бозорида рақобатбардошлигини ошириш, инвестицияларни жалб этиш ҳамда экспортни диверсификация қилиш ва глобал савдо алоқаларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида» Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш ҳақидаги масалани кўриб чиқилди ва тегишли қарор қабул қилинди.
Ташкилий ва тайинлов ишлари
Мажлисда Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Назира Мухторова Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси этиб сайланди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бир қатор Комиссияларни тузиш бўйича қарорлар қабул қилинди:
— Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти битимларига уйғунлаштириш бўйича комиссиясини тузиш тўғрисида;
— Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Иқлим ўзгариши оқибатларини камайтириш ва «яшил» иқтисодиётга ўтишни тезлаштириш масалалари бўйича комиссиясини тузиш тўғрисида;
— Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Жамоавий ташаббуслар бўйича комиссиясини тузиш тўғрисида;
— Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Одоб-ахлоқ комиссиясини тузиш тўғрисида.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида 9 та қонун лойиҳаси, битта Қонунчилик палатасининг парламент со`рови ва ташкилий ҳамда тайинловлар амалга оширилди. Шу билан 21 январдаги Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси ўз ишини якунлади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг