Узоқнинг «буғдойи»дан...

16:12 14 Март 2025 Жамият
76 0

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ/«Халқ сўзи». Бугун юртдошларимиз орасида хорижда ишлаб даромад топишга интилаётганлар кўп. Бири моддий аҳволини тезроқ яхшилаб олишни мақсад қилса, бошқаси тўй ўтказиш, ҳовли-жой, автомобиль сотиб олишга маблағ жамғаришни кўзлаб йўлга чиққан. Аммо уларнинг ватандан ташқарида ишлаши, соғлиги, меҳнат ҳақини ўз вақтида олиши, хавфсизлиги қай даражада муҳофазаланган?

Кейинги пайтларда меҳнат муҳожирлигини ихтиёр қилганлар билан боғлиқ кўп кўнгилсиз ҳодисалар содир бўлмоқда. Бундан етти йил аввал Россияга йўл олган наманганликларнинг автобуси Қозоғистоннинг Оқтўбе туманида фалокатга учраганди. Тириклай ёниб кетган эллик икки нафар йўловчининг ҳаммаси бир-бирига ёндош қишлоқдан бўлиб, норасмий ишлаш учун йўлга чиққанди.

— Россияга ишлаш учун боргандим. Фалокат оёқ остида, деганларидек тўсатдан тойиб кетиб, поезд ғилдираклари остида қолдим, — дейди тўрақўрғонлик Д.Аҳмадалиев. – Уйдан соппа-соғ чиқиб, муҳожирликдан қўлтиқтаёқда қайтдим. Энди бир оёғим протез. Айни оилам, фарзандларимга фойдам тегадиган ёшда ногирон бўлиб қолдим. Тенгдошларим оиласи олдида ишлаб, ўз бизнесларини йўлга қўйибди. Мен ҳам ҳаракат қилсам қишлоғимнинг ўзидан иш топиларди. Қанча пушаймон чекмасам ҳам энди кеч.

Афсуски, ўттиз беш ёшли юртдошимизга ўхшаб йўллардаги автоҳалокат туфайли эрта оламдан ўтган, қурилишларда эҳтиётсизлик туфайли юқори қаватлардан йиқилиб кетиб жароҳатланганлар кўп. Ўтган йили Наманган вилоятидан хорижга ишга бориб турли сабаблар билан ҳаётдан кўз юмган 30 нафар меҳнат муҳожири ўз хонадонига махсус яшикларда олиб келинди.

— Хорижда ишлаётган фуқароларимиз билан боғлиқ салбий ҳодисалар, улар ҳуқуқларининг у ёки бу кўринишда бузилиш ҳолатлари мамлакатимизда тегишли ҳужжатлар асосида тартибга солинган, — дейди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлигининг Наманган филиали масъул ходими Сайфиддин Ризаев. – Бугунги кунда хорижда расмий меҳнат фаолияти билан банд бўлган наманганликлар сони 13,5 минг кишини ташкил этади. Расман қайд этилмаган ҳолда ишлаётганлар сони ҳам анча. Халқаро меҳнат бозорига отланаётган муҳожирлар оқимининг ортиши, уларни миграцияга тайёрлаш, борган манзилларида хотиржам ишлаши, ҳуқуқлари кафолатланиши масалалари тобора такомиллаштирилмоқда. Вилоятимизда бу фаолият беш тамойил асосида ташкил этилган. Булар салоҳиятли иш берувчилар билан ишлаш, номзодларни аниқ жиҳатларга боғлиқ ҳолда топиш ва танлаб олиш, ҳар бирига бирор касб-ҳунар ва хорижий тилларни ўргатиш, ҳуқуқий жиҳатдан саводхонлигини ошириш, ягона дарча усулида хизмат кўрсатишдир.

Хорижда ишлаш истагидаги фуқародан биринчи навбатда, ўзи бораётган давлатнинг тили, маданияти ва урф-одатларини билиши, дунё андозаларига жавоб берадиган касб-ҳунарга эга бўлиши талаб этилади. Масаланинг айни шу жиҳатидан келиб чиқиб Наманганда меҳнат муҳожирларини тайёрлаш марказлари фаолияти йўлга қўйилган.

— Бир неча йил аввал миграция агентлиги қошидаги марказда тайёргарликдан ўтиб, Россияга ишга келдим, — дейди Уляновск шаҳридаги қурилиш компанияси бошқарувчиси Ҳусниддин Қамбаров. – Рус тилини яхши биламан. Мазкур компанияда ташкилотчилик қобилиятимни кўриб, иш бошқарувчиликка тайинлашди.

Вилоятдаги тайёрлов марказлари орасида Чустдаги 1-касб-ҳунар мактабининг рейтинги анча юқори. Унда талабгорлар қурилиш соҳасида зарур билим ва кўникмаларга эга бўлади. Наманган шаҳридаги тиббиёт техникумидаги марказда ҳамширалар четда ишлаш учун ўқитилади. Марказлар замонавий устахоналар билан таъминланган. Уларни битирганларга иш берувчи билан биргаликдаги синов хулосасидан сўнг махсус сертификат берилади. Шунингдек, Корея, Германия, Япония давлатларининг бир қатор тил ўргатиш марказлари фаолият олиб бормоқда. Масалан, Германиянинг «Consalting. Uz» таълим маркази наманганлик хотин-қизлардан 200 нафарини олмон тилига ўқитишни ниҳоясига етказмоқда. Улар яқинда ушбу давлатда меҳнат қилиш учун йўл олади. Эътиборлиси, марказлар тайёргарлигига жалб этилган фуқароларнинг бўлажак меҳнат жойи аниқ буюртмаларга кўра нақд қилиб қўйилган. Айни пайтда бундай буюртмалар сони 20 дан ортиқ касб бўйича 98 мингдан ортади.

Тизимдаги ташкилотларнинг хорижий иш берувчилар билан амалий алоқалари йўлга қўйилмоқда. Фуқароларимиз энг кўп меҳнат қилаётган Россия Федерациясига ташкил этилган ишчи гуруҳлари ушбу мамлакатда ишлаётганлардан мунтазам хабар олиб туради. Улар айрим жойлардаги келишмовчиликларни бартараф этиб, моддий жиҳатдан оғир аҳволга қолганларга ёрдам кўрсатади. Ўтган йилда кўмакка муҳтож 182 нафар муҳожир маблағ билан таъминланди. Паст даромадга ишлаётган 57 киши ватанга қайтарилди. Буларнинг барчаси меҳнат муҳожирлигини тўла ҳуқуқий йўлга қўйиш ва кутилган натижага эришиш имкониятини кенгайтираётган бўлсада, соҳада йиллар давомида тўпланган муаммолар ҳам етарлича. Кейинги пайтда хорижга ишлаш учун хавфсиз, тартибли ва қонуний равишда чиқиб кетаётганларнинг атиги 11 фоизи давлат миграция тизими ҳиссасига тўғри келаётгани нақадар ачинарли. Ҳамон ноқонуний миграция давом этмоқда. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хорижга чиқмоқчи бўлган ҳар бир кишига қонуний иш топиш имкониятини яратишда қийинчиликларга дуч келмоқда. Қонуний йўл билан иш тополмаган муҳожирлар воситачиларга мурожаат қилишга мажбур. Албатта, бу одам савдоси хавфини оширади.

Халқимизда «Узоқнинг буғдойидан яқиннинг сомони яхши» деган мақол бор. Бугун кўплар интилаётган ўша узоқнинг буғдойи айримларга жуда қимматга тушяпти. Хорижда ишлашни мақсад қилган ҳар бир инсон биринчи навбатда, мамлакат ташқарисида меҳнат қилишга қонуний йўл олса, ҳуқуқ ва мажбуриятларини пухта англаса, оғир аҳволга тушиб қолмайди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?