Устозлари ёрдамида муваффақиятларга эришаётган имконияти чекланган ўқувчилар
Фото: Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати
Хорижий психологларининг таъкидлашича, ногиронлиги бўлган инсонлар аксарият ҳолларда ўзларини жамиятга кераксиз, деб ҳис қилишар экан. Уларнинг руҳий олами айрим ҳолларда бир мунча заиф эканлиги тадқиқотларда таъкидлаб ўтилган. Худди шундай ҳолатларни алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган кўриш имконияти чекланган болаларда ҳам кўп бора кузатилади. Бу ҳолатда тажрибали ва маҳоратли, энг асосийси, ўқувчиларга нисбатан қалбида меҳри лиммо-лим бўлган ўқитувчилар мураккаб вазиятни енгиллаштиришга қодирлиги билан таҳсинга сазовор бўлади.
Айни вақтда Навоий вилояти алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган кўриш имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган «Нурли маскан» мактаб-интернатида 150 га яқин ўқувчилар таҳсил олмоқда. Ўқувчиларнинг аксарияти мактаб-интернатнинг ўзида ўқиш билан бир қаторда ётоқхонада қолиб тарбияланади. Демакки, уларга ота-оналари, яқин қариндошлари, ўзлари туғилиб ўсган уйларидан узоқдалигини билдирмаслик халқ таълими соҳасида фаолият юритаётган ҳар бир педагог ходимнинг муқаддас бурчи саналади.
— Таълим масканимиздаги ҳар бир ўқувчи педагогларимизнинг эътибор марказида, — дейди Навоий вилояти алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган кўриш имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган «Нурли маскан» мактаб-интернатининг Ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси Мирсаид Жалилов. — Чунки улар билан ишлаш жараёнида бир оила, ака укадай бўлиб кетишади. Ҳаттоки ёши улуғроқ ўқитувчи ва тарбиячилар ўқувчиларни ўз фарзандларидек кўриб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашади. Самимий мулоқот орқали уларни қийнайдиган, ҳеч кимга айтолмайдиган муаммо ва муддаоларини тинглаш орқали ҳам руҳий, ҳам маънавий жиҳатдан мадад ва кўмак беришади. Ўғил-қизларни билим олиши, соғлом тенгдошлари сингари вояга етиши ва энг муҳими келажакда ўзларини ватанга ва жамиятга керакли эканликларини ҳис қилиши учун астойдил кўмаклашади.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, сўнгги йилларда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида ногиронлиги бўлган шахсларни олий таълимга қамрови бир неча каррага кўпайганлиги ва уларни иш билан бандлик даражасида ҳам сезиларли ишлар қилинаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Биргина 2016-2022 йилларда мазкур мактаб-интернатни тугатган битирувчиларнинг 85% дан зиёди институт ва университетларда таҳсил олиб, олий таълим соҳасида ҳам фаолиятини давом эттираётгани қувонарли ҳолдир. Уларнинг бир нечтаси илмий фаолиятини ошириб, халқаро ва Республика миқёсидаги конференция, илмий анжуман ва семинарларда доимий равишда фаол иштирок этиб, PhD даражасини (фалсафа доктори) олиш ҳаракатида диссертация ҳимояларига тайёргарлик кўраётганлиги катта ютуқларимиздандир.
Фарғона шаҳридаги 30-мактабнинг 8-“Э” синф ўқувчиси Алишер Камолжоновнинг ташхиси болалар церебрал фалажлиги. Устози Нозима Маматованинг айтишича, Алишер уй таълимида сабоқ олади. Маҳоратли ўқитувчи бола қалбига йўл топиб, Алишерга дарсларни қизиқарли ўтишга ҳаракат қилади. Шу боисдан ҳам Алишер барча фанлардан яхши баҳоларга ўқийди. Дарсдан ташқари ҳам тиришқоқ ўқувчи компьютер ўрганишга ҳаракат қилади. Унинг орзулари жуда кўп, у келажакда спорт шарҳловчиси бўлмоқчи.
Муваффақиятга эришаётган бу каби ўқувчиларни кўплаб келтиришимиз мумкин. Улар эришаётган ютуқларда, албатта, устозларининг меҳнатлари мужассам.

Хулоса қилиб айтганда бугун Европа психологларининг тадқиқотларини Ўзбекистон шароитида бартараф этиш йўлида ҳаттоки давлат сиёсати даражасида амалий ишлар қилинаётганлиги, ҳар томонлама пухта ўйланган оқил дастурлар, қарор ва фармонлар қабул қилиниб, ижроси таъминланаётганлиги жуда катта самара бераётганлиги кузатилмоқда. Бу борадаги ишларни бундан кейин ҳам жадаллаштириш лозимлиги давлатимиз раҳбарининг энг устувор режалари қаторида эканлиги ҳаммани қувонтирмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Комилжонов Мухаммадсолиҳ Собиржон ўғлининг “Сaломaтлик лaндшaфтлaрини тaшкил этиш тaмойиллaрини ишлaб чиқиш” мавзусидаги (архитектура фанлари бўйича) фалсафа доктори (PhD) диссертациясининг ҳимояси эълони
- Украинада журналистларни олиб кетаётган автомобиль дронлар ҳужумига учради
- Россия янги урушга тайёргарлик кўрмоқда — Германия мудофаа вазири
- Теҳронда вазият жиддий: пойтахт аҳолиси эвакуация қилиниши мумкин
- Наманган – янгиланиш ва гўзаллик шаҳри
- Дўстлик ва ҳамкорликни кенгайтирган форум (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг