«Устоз ва шогирд» кўргазмасини ўтказиш анъанага айланмоқда

14:36 13 Январь 2025 Жамият
182 0

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Когон шаҳри ва туманидаги 2–сон ҳамда 6-сон мусиқа ва санъат мактаблари бир гуруҳ ўқувчилари Бухоро тасвирий санъат музейида бўлди. Уларда бу ердаги осори атиқалар, хусусан, “Устоз ва шогирд” кўргазмаси катта таассурот қолдирди.

— Бу галги кўргазмамиз бухоролик кандакор уста, наққош Гулчеҳра Ҳамидова ва унинг шогирдлари ижодига бағишланди, — дейди музей илмий ходими Раъно Эшонқулова. — Ёшлар узоқ йиллардан буён халқ амалий санъати билан шуғулланиб, ажойиб асарлар яратган ҳамюртимиз фаолияти билан яқиндан танишди. Соҳа мутахассисларидан қимматли маслаҳатлар олди. Кандакорлик ортидан элда обрў-эътибор қозонган Г.Ҳамидованинг асарларига келсак, уларда мис кандакорлигининг ўзига хос мактаби шаклланганини кўрамиз. Бу мактабдан сабоқ олаётган ўғил-қизлар асло кам бўлмаяпти. Шу боисдан ўз олдимизга “Илму ҳунарли киши ҳаётда ўз ўрнини топиб кетади. Ўз иқтидорингиз устида қунт билан ишланг. Токи, сиздаги истеъдод юзага чиқсин”, деган ғояни ёшларимиз онгига сингдириш вазифасини қўйганмиз.

Музей жамоасининг вилоят бадиий ижодкорлар уюшмаси билан ҳамкорликда ўтказаётган “Устоз ва шогирд” кўргазмаси анъана тусини олмоқда. Зеро, Бухорода ўз ҳаёти ва ижоди билан ёш авлодга намуна бўладиган зардўзу заргарлар, каштачию гиламдўзлар, мусаввиру хаттотлар кўп.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер