Устоз – инсонларга яхшиликдан таълим берувчи зот

17:16 06 Август 2022 Маданият
1021 0

Фото: «Халқ сўзи»

«Устозга бўлган юксак эҳтиром Конституциямизда ўз ифодасини топиши зарур». Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2022 йил 20 июнь куни Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувида шундай деб таъкидлади.

Шу асосда Асосий қонунимиз 41-моддасининг амалдаги таҳририда: «Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. Мактаб ишлари давлат назоратидадир» дейилган матн бугунги кунда давлат мактабгача таълим, мактаб ва олий таълим тизимини, турли мулк шаклидаги, жумладан, хусусий таълим муассасаларини ривожлантириш, устоз-мураббийлар ҳурматини жойига қўйиш учун зарур шароитлар яратишига оид нормалар билан тўлдирилмоқда. Давлатимиз раҳбари ва кенг жамоатчиликнинг умумхалқ муҳокамаларида келиб тушган таклифларига кўра, Конституцияга таълим соҳасига тааллуқли 411-модда ҳам қўшилмоқда.

Айтмоқчиманки, Янги Ўзбекистонни барпо этаётган жамиятимизда таълимга, навқирон авлодимизга таълим-тарбия берадиган педагог-устозларга муносиб ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш масаласи, бир томондан, Юртбошимизнинг юксак эътиборида турган бўлса, иккинчи томондан, янгиланаётган Асосий қонунимизда алоҳида мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Бу бежиз эмас.

Устозлар ҳурмати – бизга аждодлардан мерос. Муҳаммад Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳам ўз ҳадиси шарифларида устознинг мақомини таърифлаб, шундай марҳамат қилганлар: «Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлару-ерлар аҳли, ҳатто инидаги чумоли ва ҳатто денгиздаги балиқ ҳам инсонларга яхшиликни таълим берувчи инсонга саловот айтадилар».

Мавлоно Жалолиддин Румий таърифлаганидек:

Кимниким устоди йўқ, ҳам ишин бунёди йўқ,

Маъни йўлида ғарибдир, кимниким устоди йўқ.

Бундан қарийб 600 йил яшаб ўтган улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳазратларининг устозлар таърифида шундай байтлари бор:

Ҳақ йўлинда ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,

Айламак бўлмас адо, онинг ҳақин юз ганж ила.

Мавлоно Румий ва ҳазрат Навоий устозликни юқори даражага кўтариб, улуғлаган бўлсалар, буюк Соҳибқирон Амир Темур бобомиз вафотидан кейин ўз жасадини устози Саид Барака ҳазратларининг пойига қўйишларини васият қилган.

Замондош шоиримиз – Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов эса айни мавзуда мана бу мисраларни битган:

Сиздан бошланади асли тафаккур,

Мунис муаллимлар, сизга ташаккур!

Ҳақиқатан ҳам, бу ҳаётда устозлик – юқори мақомга эга олий рутба. Унга эришиш учун эринмай меҳнат қилиш ва тер тўкиб ишлашга тўғри келади. Бемисл меҳнат, тинимсиз изланиш, билим жавоҳирларини йиғиб, уни шогирдларига улашиш устозлик обрўсини улуғ қилади.

Шундай юксак мақом соҳиби бўлмиш муҳтарам устозимиз – таниқли юрист-олим Ҳалимбой Бобоев 80 ёшни қаршиламоқда. Устознинг сермазмун ҳаёт йўлига назар солар эканмиз, ҳуқуқшунос ва тарихчи, мураббий ва педагог сифатида ниҳоятда серқирра йўналишларда ҳозирги кунга қадар самарали фаолият олиб бораётганларига амин бўламиз.

Аввало, Устознинг илмий изланишлари ҳуқуқшунослик назарияси ва тарихи, фуқаролик жамиятининг шаклланиши ва ривожланиши, ҳуқуқий давлат қуришнинг долзарб назарий-ҳуқуқий муаммоларига бағишланганига эътиборни қаратмоқчиман. Янада муҳими, Ҳалимбой ака илм-фаннинг кам ўрганилган масалалари, хусусан, сиёсий ва ҳуқуқий таълимотлар тарихи, давлат ва ҳуқуқ назарияси, ўзбек давлатчилиги тарихини тадқиқ этишга доир ҳам илмий, ҳам амалий аҳамиятга эга тадқиқотларни амалга оширгани таҳсинга сазовор.

Юридик фанлар доктори, профессор Ҳалимбой Бобоев Ўзбекистонда ҳуқуқшуносликни, хусусан, сиёсий-ҳуқуқий таълимотларнинг ривожланишига муносиб ҳисса қўшган. Домла 8 та дарслик, 15 та ўқув қўлланмаси, 6 та монография, 10 та рисола ва 100 га яқин илмий мақола муаллифидир.

Мен бу ўринда Устознинг «Сиёсий ҳуқуқий таълимотлар тарихи», «Давлат ва ҳуқуқ тарихи», «Давлат ва ҳуқуқ назарияси» дарсликларини тилга олиш билан чекланаман. Каминага ҳам ҳуқуқшунослик фани мағзини чақишида айни шу дарсликларни ўқиб-ўрганганим жуда қўл келган.

Ҳалимбой аканинг илмий-тадқиқот ишларида собиқ мустамлака тузуми давридаёқ Амир Темур тузуклари ва Алишер Навоий асарларидаги давлат бошқарувининг тарихий аҳамияти чуқур ўрганилгани диққатни тортади. Домла 1975 йилда юридик фанлар номзоди илмий даражасини олиш учун «Алишер Навоийнинг сиёсий-ҳуқуқий қарашлари» мавзусидаги диссертацияни ўзбек тилида ёқлаган. 1993 йилда эса «Ўзбекистонда XIV-XV асрларда сиёсий ва ҳуқуқий таълимотлар» мавзусида докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилган.

Домла бу мавзуларда кўплаб китоблар, илмий мақолалар чоп эттирганлар. Айниқса, Ҳалимбой аканинг «Ўзбек давлатчилиги тарихи» номли уч жилдлик салмоқли монографияси, «Авесто – Шарқ халқларининг бебаҳо ёдгорлиги», «Қиссаи Темур», «Амир Темур ва темурийлар салтанати», «Куч-қудрат – адолатдадир», «Тузуки Темурий» каби асарлари, бир томондан, миллий давлатчилигимиз тарихини, иккинчи томондан, давлат ва ҳуқуқ тарихини тадқиқ этишда улкан аҳамиятга эгадир.

Шу билан бирга, Устоз «Ўзбекистонда сиёсий ва маънавий-маърифий таълимотлар тараққиёти», «Миллий истиқлол мафкураси ва тараққиёт» сингари бир қатор асарлар муаллифи ҳамдир. Ушбу китоблар қанчадан-қанча толиби илмлар Ўзбекистон давлатининг мустақиллиги, истиқлол ғояси, сиёсий ва ҳуқуқий, маънавий ва маърифий тараққиёти ҳақида билимларини оширишларида замонавий сиёсий-ҳуқуқий қўлланма вазифасини ўтаб келмоқда.

Энг муҳими, Ҳалимбой ака Янги Ўзбекистон тараққиёти йўлида самарали хизмат қилаётган кўплаб юристларнинг устозидир. Домла дастлаб Тошкент давлат университети (ҳозир – Ўзбекистон Миллий университети) Ҳуқуқшунослик факультетида, кейинчалик Тошкент давлат юридик институти (ҳозир – Тошкент давлат юридик университети), Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясида (ҳозир – Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси) кафедра мудири, декан ва проректор лавозимларида ишлади.

Узоқ йиллар давомида ушбу олий ўқув юртларида илмий, ўқув ва ўқув-услубий ҳамда маънавий ишларга раҳбарликни амалга оширар экан, Домла ўзларининг оташин қалб қўри, юраги тўла меҳри ва онгу шуурини эгаллаган ноёб илму тафаккури туфайли ёшларнинг севимли устозига айландилар. Ҳалимбой ака Бобоевнинг илмий раҳбарлигида ҳозирги кунгача 40 дан ортиқ магистрлик, 20 дан ортиқ номзодлик ва докторлик диссертациялари ҳимоя қилинган.

Ҳалимбой ака қизғин илмий-амалий фаолият олиб бориш асносида ёшларга устозлик қилиб, ҳозирда ҳам юқори малакали мутахассислар тайёрлашда жонбозлик кўрсатиб келмоқда. Устоз тайёрлаган юридик кадрлар ҳуқуқшунослик йўналишининг турли соҳаларида самарали фаолият юритаётгани у кишининг бу борадаги хизматлари давлатимиз ва жамиятимиз тараққиёти учун манфааат келтираётганининг амалий тасдиғидир.

Мамлакатимиз кенг жамоатчилиги Ҳалимбой акани таниқли ҳуқуқшунос олим ва фидойи мураббий сифатида яхши билади ҳамда юксак қадрлайди. Устоз 1999 йилда «Ўзбекистон Республикаси Фан арбоби» фахрий унвони билан тақдирланганлари, ҳеч шубҳасиз, бу борадаги фидокорона хизматлари эътирофининг муносиб ифодасидир.

Бугунги кунда профессор Ҳалимбой Бобоев Тошкент давлат юридик университети «Давлат ва ҳуқуқ назарияси» кафедраси профессори лавозимида ишлаб келмоқда. Домла Университетнинг Фахрийлар кенгаши раиси ҳам ҳисобланади.

Ҳалимбой акани нафақат халқимизнинг эъзозли фахрийси, Ватанимизнинг фидойи ҳуқуқшунос олими, ёшларимизнинг меҳрибон устози сифатида, айни чоғда, аҳил оиланинг сардори эканига ҳам ҳар кимнинг ҳаваси ортади. Устоз икки фарзанд отаси, кўплаб невара ва эвараларнинг суюкли бобосидир.

Шундай қилиб, Ҳалимбой ака Бобоев юртимиз равнақи ва халқимиз фаровонлигини таъминлаш, юртдошларимизнинг ҳуқуқларини тиклаш йўлида куч-ғайратини аямасдан илм-фан, таълим-тарбия, маънавият ва маърифат тарғиботи билан изчил шуғулланиб келмоқдалар.

Фурсатдан фойдаланиб, Устозни қутлуғ ёш билан муборакбод этамиз.

Ҳорманг, Ҳалимбой ака, умрингизга, илму ижодингизга Яратганнинг ўзи янада кўп баракотлар ато этсин!

Сизнинг илмпарварлигингиз, меҳнатсеварлигингиз ва фидойилигингизни эл-юртимиз ҳеч қачон унутмайди.

Акмал САИДОВ, академик

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер