Усмон Носирни эслаб...

04:31 23 Апрель 2022 Маданият
4844 0

Фото: Архив сурат

Президентимизнинг «Оташин шоир, таржимон ва драматург Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори ўзининг бетакрор истеъдоди, юксак матонати ва халқпарварлиги билан ўзбек адабиётида ўчмас из қолдирган, мустабид тузум даврида сиёсий қатағон қурбони бўлган ижодкор хотирасини абадийлаштиришга қаратилган тарихий ҳужжат бўлди.

Қарор асосида Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини мамлакатимизда адабиёт ва санъат байрами сифатида кенг нишонланибгина қолмай, унинг қатағон даврида кечган ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, ҳозирга қадар номаълум бўлиб келаётган қўлёзма асарларининг тақдири ҳақида маълумотлар тўплаш ишлари олиб борилади.

Қуйида таниқли шоир Тўра Мирзонинг Усмон Носир ҳақидаги бадиасини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Усмон Носир деганда ёки унинг шеърларини ўқиганингизда ичингиз жиз этади. Бу сассиз ҳайқириқдан кўнглингизни қуп-қуюқ тутун ўраб, хўрсинасиз ва аянчи тақдирига айбдорларини ўйлайсиз... Аммо юртимиздаги айрим кимсалар ҳали ҳануз ўша манфур замонни соғинишаётганидан ҳафсалангиз пир бўлиб, таассуфдан кўнглингиз оёғингиздан ҳам пастроққа сирғалиб тушади.

Усмон Носирнинг онаси Холамбиби Наманганда туғилиб ўсган ҳамда ўқимишли аёл эди. У тўнғич фарзанди Усмонни туққанига кўп вақт ўтмасдан эри вафот этади. Оқила, ўқимишли аёл жуда ҳам эрта бева қолгач, уни яхши билган қариндошлар муносиб эр чиққунича, унга яна турмуш қуриш ҳақида лом-мим демайдилар.

Тасодифан Қўқондан меҳмон бўлиб келган Носир исмли йигит Холамбибини яхши кўриб қолади. Йигитни сўраб-суриштиришса, фозил ва ўқимишли эканлиги аён бўлади. Хулласи калом, Холамбибини ёр-ёр билан Қўқонга узатишади. Носирбек Усмонга ўз жигаридай қараб, унга ўз исмини фамилия қилиб беради. Йигитдаги истеъдодни пайқаб, унга ўзи арабий имлодаги ёзувни ўргатади, рус-тузем мактаб-интернетига ўқишга жойлайди. Усмон мактабни битиргач, уни Самарқанд дорилфунунига ўқишга юборади. Холамбиби Носир ҳожидан учта қиз фарзанд кўради...

Холамбибига мурожаат сифатида бир шеър битгандим:

... Тескари айланар ғариб она-Ер,

Томошачи қуёш манглайида тер,

Чеврилади чечак, ўрар зарпечак,

Ҳандаққа отилар элим деган эр.

Ўттизинчи сабил йил, Холамбиби,

Қурт-қумурсқа бўлди фил, Холамбиби,

Усмон Носир шеърин осмонга ёзир,

Ёлғон кўкда, чин сўз қил, Холамбиби.

Ёш шоир Усмон Носир ўша пайтдаги Ўзбекистоннинг пойтахти Самарқандда ўқиган пайтдаёқ дастлаб талабалар орасида, кейинроқ пойтахт аҳлида ноёб иқтидорли шоир сифатида эътироф этилади.

Пойтахт Тошкентга кўчирилгач, шеърий китоблари пешма-пеш нашр этилган ижодкорнинг мухлислари тобора ортиб боради. Таъбир жоиз бўлса, у машҳурлик тахтига чиқади, давраларда энг суюмли шоирга айланади.

Унинг ҳибс қилинишидан бир ой бурун қизил империянинг биринчи рақамли нашри «Правда» газетасида «На Востоке появился новый Пушкин, узбекский поэт Усман Насир» сарлавҳали мақола чоп этилиб, шоир ҳақида мўл ҳамду санолар ўқилган эди. Аммо Московда тан олиниш, эътироф айримларнинг милтираётган ҳасадига ермойи сепгандай бўлди. Уларнинг ҳасад билан қилган иғволари туфайли шоир ҳибс этилади.

Ўтган асрнинг 20 йиллари охирроғида Абдулла Қодирий илк бора Тошкент шаҳар суди қарори билан 6 йил муддатга қамалган куннинг ўзидаёқ Ўзбекистон Олий кенгаши Президиуми раиси Йўлдош Охунбобоев дарғазаб бўлиб, тунда Ўзбекистон Олий Судининг навбатдан ташқари мажлисини чақиртиради. Ярим тунгача давом этган мажлисда жумҳуриятдаги судларнинг энг юқори органи Олий суд Тошкент шаҳар суди қарорини бекор қилиб, Абдулла Қодирийни зудлик билан озод қилиш тўғрисида ажрим чиқаради. Аммо ярим кечада қарорни қамоқхонага олиб боришганида дарвозани ҳеч ким очмаганлиги боис бир кундан сўнг буюк ёзувчи ҳибсдан озод қилинади.

1930 йилдан бошлаб қирмизи Ўзбекистоннинг инон-ихтиёри, яъни жилови хавфсизлик органларига тўлалигича топширилган бўлиб, Олий Совет, КП Марказий Қўмитаси, Комиссарлар Совети ва бошқа ҳар бир муассаса қовоқ-тумшуғи осилган чекистларнинг қўғирчоқ ташкилотига айланиб улгурган эди...

Бисотимда ўша давр манзарасини акс эттирган бир шеър бор:

... Оғзингни очма бир бор,

Айғоқчи қатор-қатор,

Ейди деди-дедилар,

Элга озаймас озор.

Хўрсиниб олсанг нафас,

Чопиб келар юзта кас,

Исталин суратига

Чап қовоғин солса, бас...

Таассуфлар бўлсинки, таъбир жоиз бўлса, Усмон Носир шеърларини ёд биладиган, аммо тили соқов, қулоғи кар раҳбарлар нафас олиш ҳамда уни чиқариш учун рухсатни ҳам Кремлдан олишарди.

Фақат Хрушчёв замонидагина ажал байроқдори сталинизм кескин қораланиб, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Фитрат, Усмон Носир ва бошқа туҳмат билан қамалган миллий салафлар оқланди. Гарчанд Хрушчёвнинг собиқ КПССнинг ХХ съездидаги сталинизм иллатлари ҳақидаги оташин нутқидан сўнг бошланган эврилиш шарофати билан ноҳақ репрессияга учраган миллат ойдинларининг оқланиш жараёни бошланган бўлсада, диктатура тарафдори бўлганлар тарафидан Хрушчёв тезда юқори мансабдан олиб ташланиб, унинг ўрнига Л.Брежнев ўтиргандан кейин ёпиғлиқ қозоннинг устидан олинган қопқоқ тағин ўз жойига ёпилди. Ҳатто оқланган шоирларнинг баёзлари орасидан тўпланиб салмоқли ҳажмда чоп этилган «Тирик сатрлар» китоби дўконлардан йиғиб олиниб, оловга отилди. Чўлпон, Фитрат, Беҳбудий, Авлоний ва бошқа жадидларнинг жаранглашга улгурмаган унлари яна ўчирилди. Лекин Абдулла Қодирий, Усмон Носир китоблари нишли таҳрирдан ўтказилиб, жиддий ўзгартиришлар киритилган, таҳрир қилинган ҳолда чоп этилди.

М.Горбачёв томонидан қайта қуриш даври бошлангач, сўлаёзган умид гиёҳлари яна кўкара бошлади.

Усмон Носир ҳибсхонада ҳам муттасил ижод қилгани ҳақида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг иккинчи делегацияси таркибида Кемеровога борганимда қамоқхона махсус кутубхоначиси бўлган аёл йиғлаб гапириб берган эди.

Мен «Усмон Носир кўмилган жойга боришимиз шарт», деб оёқ тираб туриб олдим. Нодира Рашидова ҳам бу фикримни қўллаб-қувватлади. Хуллас, уюшма бўлими раиси Кемерово вилояти партия қўмитасининг биринчи котибига телефон қилиб, бизнинг таманномизни етказиб, ундан мадад сўради. Эртасига тонг пайтида биз қамоқхона томон тракторга миниб отландик. 50-60 чақирим масофани деярли 3 соатда босиб ўтдик. Йўлдаги қорлар янада қалинлашиб борарди. Тобора манзилга яқинлашар эканмиз, трактор ҳам юролмайдиган ҳолатга келди. Шу пайтда вилоят раҳбарияти томонидан ҳозирлаб қўйилган бульдозер қинғир-қийшиқ йўллардаги қорларни тозалаб, ниҳоят Мариинск шаҳрига етиб бордик.

Ярим соатдан сўнг Усмон Носир ўтирган ҳибсхонанинг кутубхоначиси уйига эдик. Саксонлардан ошган бир кампир ўз уйида бизни илиқ кутиб олди. Камтарона дастурхон атрофида унинг ғамгин хотираларини кўзда ёш билан тингладик. Унинг ҳикоя қилишича, ҳибсхонада маҳбусларга қоғоз ва қалам бериш қатъиян тақиқланган экан. Лекин Усмон Носирга айрича муносабат мавжуд бўлиб, қамоқхонада хизмат қиладиган йигирмадан ортиқ ўрис аёлларининг барчаси унга кўнгил қўйишганию шоирнинг ўрис тилида акцентсиз гапириши, ўта самимий эканлиги боис қўлларидан келганча ёрдам беришга ҳаракат қилишиб, улар ўз уйларидан қоғоз-қалам келтиришар, шоир кўп ва хўб ижод қилган экан. Аммо қамоқхона маъмурияти бундан хабар топгач, раҳбарият томонидан барча аёллар чақирилиб, агар кимда-ким шоирга яна бирор марта кўмаклашса, айниқса, қоғоз ва қалам келтириб берса, ишдан ҳайдалиши тўғрисида қатъий огоҳлантирилади. Усмон Носир аёлларнинг унга ер остидан тикилиб, сассиз ўтиб кетишаётганидан ҳамма нарсани тушуниб, иложи борича ожизалар кўзига кўринмаслик учун ўзини четга оладиган бўлиб қолади. Кутубхоначи аёл бир гал олисдан шоирга назар солса, у тўлқинланиб, қўлидаги кўмир ушоғи билан бетон деворга шеър ёзаётганига гувоҳ бўлади.

Кутубхоначи кампир Усмон Носирнинг соғлиғи оғирлашгани сайин унга раҳми келган йигирмадан ортиқ аёл жамланиб, йиғлашиб репрессиячи «халқлар доҳийси, ота Сталин» номига алам тўла ўтинч-хат ёзишиб, буюк шоир Усмон Носир минбаъд халқ душмани эмаслигини эътироф этароқ уни озод қилишни илтижо билан сўрашганини кўзлари тўла ёш билан айтар экан, бу мунгли сасни эшитган ўзбек делегацияси вакиллари тугул ўша ерда жам бўлган маҳаллий қаламкашлар кўзёшларини жиловлай олишмади. Рус тилида жуда эркин гапирадиган Усмон Носирни ҳибсхонадаги барча хизматчи аёллар, кекса кампир иқрорича, қаттиқ суйиб қолишган эди. Шоир Михаил Лермонтовнинг узун шеърларини битилган тильда ёниб ўқиганида аёллардан ташқари жонсиз деворлар ҳам гўё нафас олмай тинглашган. Гўё қоронғи қамоқхона ичи ёришиб кетгандай бўларкан. Усмон Носир буюк рус шоирининг «Демон» («Иблис») достонини ўз таржимасида ўзбекча ва русча актёрдай ёниб ўқиганида хотин-халаж кўз ёшларини жиловлай олишмас экан...

Сафар таассуротлари, улуғ шоирнинг аянчли тақдири билан боғлиқ хотиралар қалбимга олов ёқди. Кутубхоначининг дард-алам тўла туйғуларини шеърга солдим.

МАРИИНСК ҲИБСХОНАСИ КУТУБХОНАЧИСИ ИҚРОРИ

Кемерово ҳибсхонаси,

Маҳбуски, кишанда нафаси,

Доҳий, халқлар отасин мақтаб,

Бош ғурра, тинмас «ура, ур...» саси.

Бир шоир, Машрабнинг хешими?

Бўзлайди кундузми ё кечми,

Сўзларни ушлайди, муштлайди,

Ким ўзи? Виждоннинг эшими?

Бақирар, ҳайқирар, пичирлар,

Тишида товушлар вижирлар,

Кўзлари порлайди бир майин,

Киприклар ҳайқириб, ғижирлар.

Ташқарида ортар қортепа,

Оч қарғалар учун ғортепа,

Ялинмайди шоир, синмайди,

Кўкрагида ўсар ортепа.

Кўзларида чақнар саволлар,

Оҳлими, сиёҳли хаёллар,

Ҳибсхона аро шоирни

Севиб қолган барча аёллар.

Теграсида ўргилар меҳр,

Кўзларида шоирнинг сеҳр,

Тўғрам нонни тутган аёл-чун

Нақ деворга шоир битар шеър.

Зорлаб қолдики онаизор,

Ортиб кетди бошида оқ қор,

Тонгга боқса, муштипар воҳлаб,

Сабоҳда оҳ, тоқ қора оҳор.

Тўра МИРЗО,

Халқаро Фузулий мукофоти совриндори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер