Урганчда технопарк қурилишига старт берилди

12:47 25 Сентябр 2024 Жамият
160 0

Одилбек ОДАМБОЕВ/“Халқ сўзи”. Хоразм вилоятининг Урганч туманида электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган технопаркда дастлабки инвестиция лойиҳалари қурилишига старт берилди. Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Хоразм вилояти ҳокимлиги, “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси раҳбарияти, “Eltech Industrial” технопарки, лойиҳа ташаббускорлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

— Ҳудудларда ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтириш, хорижий компанияларни кенг жалб этиш, экспорт салоҳиятини ошириш, янги иш ўринлари ташкил этишга қаратилган бу каби йирик саноат мажмуалари бугун мамлакатимиз иқтисодиётининг муҳим “драйвери”га айланиб бормоқда, — дейди “Элтехсаноат” уюшмаси раиси ўринбосари Жаҳонгир Жамалов. — Президентимизнинг 2024 йил 10 январь куни қабул қилинган “Электротехника саноатининг ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида “Eltech Industrial” технопарки фаолияти кенгайтирилиб, Фарғона ва Хоразм вилоятларида унинг алоҳида филиаллари ташкил этилди ва бугунги кунда ушбу лойиҳаларнинг қурилиш-монтаж ишлари давом этмоқда.

Шунингдек, Президентимиз раислигида жорий йил 5 сентябрь куни ўтказилган электротехника соҳасида ишлаб чиқариш, экспорт ва инвестиция ҳажмини кўпайтириш масалалари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида технопаркларнинг ёндош йўналишлардаги корхоналар билан саноат кооперацияси асосида ривожлантирилиши таъкидланган эди. Бунинг учун Оҳангарон, Фарғона, Қарши ва Урганч шаҳарларидаги технопаркларда композит материаллар, металл ва пластмассага ишлов бериш, қолиплар ишлаб чиқариш, қадоқлаш каби ёндош соҳа корхоналарига 10 гектаргача жой ажратилиши ва бу йўналишдаги аниқ лойиҳалар учун “тайёр бино” қурилиб, саноат ипотекаси шартларида кредит ҳисобига тадбиркорларга берилиши белгилаб қўйилди. Эндиликда ушбу корхоналарга электротехника корхоналари каби мол-мулк ва фойда солиғидан 50 фоизгача имтиёз берилиши ҳам кўзда тутилган.

— Урганч туманида барпо этилаётган технопаркнинг умумий майдони 4 гектарни ташкил қилиб, уни инфратузилма билан таъминлаш бўйича манзилли дастур тасдиқланган ва дастлабки 2 та лойиҳанинг қурилишига старт берилди, — дейди Хоразм вилояти ҳокимининг ўринбосари Анвар Давлетов. — Жумладан, лойиҳа қиймати 4,5 млн доллар бўлган “Mega Elektro apparat elektroshit” корхонаси томонидан йилига 10 минг тонна кабель-сим маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, 60 та янги иш ўринлари яратилади, 2 млн долларлик маҳсулот экоспортга йўналтирилади. Қиймати 2 млн долларлик “Ҳар хил турдаги сув тозалаш фильтрларини ишлаб чиқариш” лойиҳаси Eko Qoʻmpani Ilmiy Ishlab-Chiqarish” МЧЖ томонидан амалга оширилади. Унинг йиллик қуввати 1 млн дона ҳисобланиб, қўшимча 70 та иш ўрни яратилади, қарийб 1 млн долларлик маҳсулот хорижга экспорт қилиниши кўзда тутилган. Ушбу лойиҳалар Ўзэлтехсаноат” уюшмаси томонидан лойиҳа ташаббускорлари билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Тасдиқланган бош режага кўра, технопарк ҳудудида ижтимоий инфратузилма объектлари давлат-хусусий шерикчилик асосида жойлаштирилиши ҳам кўзда тутилган. Албатта, бу ишларни амалга оширишда кадрлар масаласига ҳам алоҳида аҳамият берилади. Бунда, биринчи навбатда, Технопарк ҳудудида дуал таълим асосида мутахассислар тайёрлаш, малакасини ошириш учун мономарказлар ва ўқув хоналари, лабораториялар ташкил этилиши режалаштирилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?