Унга яна иккита ўйин беринг ва Абдуқодирнинг нималарга қодир эканини кўрасиз – Эрлинг Ҳоланд. Гвардиола эса Ҳусанов учун ўзбек тилини ўрганишга тайёрлигини билдирди
Футбол бўйича Англия Премьер лигасининг 23-туридан ўрин олган «Манчестер Сити» ва «Челси» ўртасидаги марказий баҳсда ҳамюртимиз Абдуқодир Ҳусанов «шаҳарликлар» сафида илк марта майдонга тушди. Учрашувда «Манчестер Сити» 3:1 ҳисобида ғалаба қозонган бўлса-да, Ҳусановнинг дебюти муҳокамаларга сабаб бўлди.
Ўйиндан кейин «Манчестер Сити» бош мураббийи Пеп Гвардиола «Sky Sports» эфирида Абдуқодир Ҳусановнинг илк учрашуви ҳақида фикр билдириб, ёш шогирдини қўллаб-қувватлашини айтди.
«У инглиз тилида гаплаша олмайди, шунинг учун биз Абдуқодир билан ҳали тўғридан-тўғри мулоқот қилолмаяпмиз. Унда ҳаммаси жойида бўлади. У фақат бир-икки машғулотда қатнашган холос. Мен Чемпионлар Лигасидаги муҳим ўйинни ҳисобга олиб, Жон Стоунзни жароҳатдан кейин майдонга туширишга шошилмаган эдим. Ҳусанов хатоларидан сабоқ олади», деди Гвардиола.
Мураббий, шунингдек, футболчиларнинг бирдамлигини алоҳида таъкидлаб, «Ҳар қандай футболчи хато қилиши мумкин. Мухлислар ҳамиша янги футболчиларни қўллаб-қувватлайди. Абдуқодир ҳали жуда ёш ва у, албатта, ўрганади», дея қўшимча қилди.
«Манчестер Сити» ҳужумчиси Эрлинг Ҳоланд ҳам Ҳусановнинг дебюти ҳақида ўз фикрларини билдирди.
«Бу унинг илк учрашуви эди. Асабийлик ва ҳаяжон – бундай вазиятда одатий ҳолат. Мен ўзимнинг илк ўйинимни эслайман. Ўшанда Англия Суперкубогида «Ливерпул»га қарши ўйнаганман. Унга яна иккита ўйин беринг ва Абдуқодирнинг нималарга қодир эканини кўрасиз», деди Ҳоланд.
Ҳусановнинг дебют учрашувида биринчи 5 дақиқа давомида босим туфайли у ўйинга мослашиб кета олмади ва унинг хатосидан сўнг «Челси» ягона голини урди. Шунга қарамай, кейинги дақиқаларда ҳимоячи бехато ҳаракат қилиб, ишончли ўйин кўрсатди. Учрашув давомида у жами 54 дақиқа майдонда ҳаракат қилди.
Пеп Гвардиола унинг хатоси ҳақида шундай деди: «У билан мулоқот қилиш учун мен ўзбек ёки рус тилларини ўрганишга тайёрман, чунки ҳозирча у инглиз тилида равон гапира олмайди. Хато қилдими? Бу табиий. Мен уни бир четга чақириб нима дейишим керак эди? Хато қилма, дейишим керакми? У хатосини билади ва ундан сабоқ олади».
Абдуқодир Ҳусановнинг «Манчестер Сити» сафидаги дебюти ўзининг мураккаблигига қарамай, футбол мутахассислари томонидан умидли баҳоланмоқда. Гвардиола ва Ҳоланднинг қўллаб-қувватлови ёш ҳимоячи учун катта мотивация бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг