“Умрим агар боғ бўлса, сиз боғбонисиз, элим...”
Бир умр ана шундай оташин ҳислар оловидан ҳарорат олиб, халқ дардию ташвишида яшаган, шеърлар, ғазаллар битган улуғ шоир Эркин Воҳидов бугун орамизда эмас, аммо унинг номи, ёзганлари юрагимизда барҳаёт қолажакдир.
Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов хотирасига бағишланган адабий-маърифий тадбир ҳамда унинг таржимасидаги “Фауст” асарининг янги нашри ва шоирнинг яқинда Озарбайжонда озар тилида чоп этилган “Сўз латофати” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Унда ёзувчи-шоирлар, адабиётшунос олимлар, талаба-ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.
Эрта тонгдан иштирокчилар шоир мангу қўним топган Фаробий қабристонини зиёрат қилишди. Сўнгра Адиблар хиёбонидаги ижодкор ҳайкали пойига гуллар қўйишди.
Тадбир куннинг иккинчи ярмида Ёзувчилар уюшмаси катта залидаги китоблар тақдимоти билан давом этди. Унда шоир-ёзувчилар, адабиётшунослар ҳамда шоирнинг яқинлари сўзга чиқиб, унинг ижод ва ҳаёт йўли, шеърият дунёсида эришган ютуқлари ҳақида сўз юритишди, шоир билан боғлиқ хотираларини эсга олишди.
— Яқинда “Сўз латофати”нинг тўлдирилган ва қайта ишланган учинчи нашри чиқди, — деди Хуршид Воҳидов. — Унга отамнинг она тилимиз ҳақида турли йилларда ёзган рисолалари, матбуотдаги чиқишлари ҳам киритилди. Асар янги боблар билан бойитилди. Ушбу китоб Боку шаҳрида озарбайжон тилида чоп этилди ва у ердаги тақдимотда ҳам қатнашдик. Яқинда Гётенинг Эркин Воҳидов таржимасидаги “Фауст” асари ҳам қайта нашр этилди ва кўплаб жаҳон адабиёти мухлисларини севинтирди, десак, янглишмаймиз. Давлатимиз раҳбарининг адабий ислоҳотларга қаратаётган эътибори ва отамнинг ижодига бўлган эътирофидан миннатдормиз.
Тадбир давомида шоир шеърлари, ғазаллари ўқилди. Қисқача айтганда, хотира кечаси ҳақиқий маънодаги адабиёт байрамига айланди, қатнашчилар қалбига ўзгача завқу шавқ бағишлади.
Шаҳноза ТУРСУНАЛИЕВА,
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети Халқаро журналистика факультети талабаси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- “Доҳа — Қатарнинг юраги, тунги ритмда уриб турган шаҳар”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг