Умидсиз дил жаҳонда кам яралган

21:30 30 Апрель 2021 Жамият
1817 0

Одам қачон бахтли бўлади?

Оиласи, фарзандлари ҳаёти, тақдиридан кўнгли хотиржам бўлса, албатта.

Фарғона вилоятига ташрифининг иккинчи куни Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Фарғона давлат университетида ташкил этилган «Болажон» инновация марказида бўлиб, оилали талабаларга яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.

Айни пайтда университетда 6 мингдан зиёд хотин-қизлар ўқийди. Уларнинг салкам минг нафари оилали, талаба-оналарнинг 700 нафардан ортиғи боғча ёшидаги болаларни тарбияламоқда.

— Оила масъулияти ва талабаликни бир маромда ушлаш осон эмас,— деди Танзила Норбоева. – Шу боис баъзи талаба қизларимиз бу борада жуда қийналишади. Марказдаги қулайликлар эса ёш оналаримиз мукаммал билим эгаллаши, келажагимиз ворислари интеллектуал жиҳатдан салоҳиятли бўлиб тарбияланишида жуда қўл келади.

Сенат раиси таълим даргоҳида ташкил этилган Гендер тенглик ва гендер тадқиқотлар маркази фаолияти билан ҳам танишиб, илмий изланишлар олиб бораётган талабалар, профессор-ўқитувчилар билан суҳбатлашди. Марказда мамлакатимиз олий ўқув юртлари, хориждаги 15 дан ортиқ нуфузли таълим муассасалари билан илмий-амалий ҳамкорлик йўлга қўйилган. Энг долзарб мавзуда илмий семинарлар, онлайн мулоқотлар ўтказиб келинмоқда.

— Ҳозирги кунда ўнлаб талаба қизларимиз долзарб мавзуларда илмий ишлар олиб боряпти, халқаро нуфузли анжуманларда иштирок этаётган олима аёлларимиз сафи тобора кенгаймоқда, — дейди ФарДУ профессори Турғуной Эгамбердиева. – Бир неча ўқитувчиларимиз яқин кунларда илмий ишларини ёқлаш арафасида турибди.

Олтиариқ туманининг Бўрболиқ қишлоғи адирларидаги қаровсиз ерлар яқин-яқингача ҳам «одам юрса оёғи, қуш учса қаноти куяди», деган таърифга мос эди. 2019 йили шу қишлоқда яшовчи, бир неча йиллар Тошкент шаҳридаги иссиқхоналарда ёлланма ишчи бўлиб юрган Мавсумжон Умаров ташаббуси билан «Мавсум агро логистика» ёшлар кооперацияси ташкил этилди. Айни кунда сувсиз, тош-шағалдан иборат 70 гектар иссиқхонада учинчи сектор ташаббуси билан 7 та тик қудуқ қазилди, томчилатиб суғориш технологияси жорий этилди.

Танзила Норбоева кооперация аъзоси сифатида иссиқхонада меҳнат қилаётган ўнлаб ёшлар билан суҳбатлашди. Уларнинг аксарияти хорижда сарсон-саргардон юрган, ишсизлигидан оиласи тирикчилигига бакор келмаётган навқирон йигит-қизлар эди.

— «Зилол», «Гулобод», «Шалола» МФЙларида «Ёшлар дафтари»га киритилган 1441 нафар ёшнинг 400 нафари иш билан таъминланди, —дейди Олтиариқ тумани ИИБ бошлиғи, 3-сектор раҳбари Муроджон Қундузов. – Бўрболиқ қишлоғининг фойдаланишдан чиқиб кетган дашт ерларини ўзлаштириш борасида ишлар тобора кенг қулоч ёзмоқда. Бу ерда вилоят ҳокимининг ташаббуси билан умумий қиймати 8 миллиард сўм бўлган лойиҳа амалга ошириляпти. Янги лойиҳа тош-шағалдан иборат 1,5 минг гектар ерга сув чиқариш, янги иш ўринлари яратиш имконини беради.

Олтиариқнинг асрий қум-барханлари қўйнида унган гул – Фарғона, Ўзбекистон лоласи. Тўрт фаслда ҳам шамол оч бўридек увиллаб кўзингизни очирмайдиган, ёввойи ҳайвонлар макон тутган дала-даштларни бугунги файзу таровати бунёдкори Лолахон Муротованинг боғ-шийпонидаги мароқли суҳбат. Сенат раиси, Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича республика комиссияси раиси Танзила Норбоева «Нурли обод» фермер хўжалиги раҳбари, Ўзбекистон Қаҳрамони Лолахон Муротова бошчилигида ташкил этилган «Ёш фермерлар мактаби» аъзоси бўлган қизлар билан дилдан суҳбатлашди.

— Лолахон Муротова том маънода деҳқончилик илми профессори, меҳнаткаш, оқила ўзбек аёлининг ёрқин тимсоли, — деди Танзила Норбоева. – Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганларидек, Фарғона водийси деганда кўз ўнгимизда, энг аввало, ҳамиша ер билан тиллашадиган, диллашадиган Лолахон опа гавдаланади. Ишонаманки, ёш фермерлар мактаби тажрибаси бутун мамлакатимиз миқёсида ибрат намунаси бўлади.

Фермерликка қизиқаётган олтиариқлик мактаб битирувчилари Зарифа Сиддиқова, Гулсанам Мамарўзиева каби ўнлаб ёшларнинг саволларига жавоб тариқасида Лолахон опа бундай ҳурмат-эътиборга эришиш осон бўлмаганини таъкидлади.

— Дастлаб келганимда ернинг аянчли аҳволини кўриб, энди Қўқон шамолига қўшилиб учиб кетишимни тасаввур қилиб роса йиғлаганман,-дея хотирлайди машҳур фермер. – Чунки менгача 17 нафар бригадир деҳқончилик қилишга кўзи етмай, қочиб қолган экан. Дастлаб туман, вилоят раҳбарларига йиғлаб, сув насоси туширганмиз. Сув насоси менинг номимга «Лола» деб номлангани учун бўйнимга айб қўйиш мақсадида «Ўзбеклар иши» бўйича Гдлян ва Иванов ойлар давомида сўроқ қилишган.

Файзли дала шийпонидаги учрашув шукуҳи барчада унутилмас таассуротлар қолдирди.

Ботир Мадиёров,
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?