Президент хоккейчи ва енгил атлетикачиларни юксак зафарлари билан табриклади

Президент Шавкат Мирзиёев спортчиларимизнинг ютуқларини алоҳида қизиқиш ва эътибор билан кузатиб боряпти, деб хабар бермоқда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов.
У апрель ойида мамлакатимизнинг спорт соҳасидаги муваффақиятлари фақат футбол билангина чекланиб қолмаганини қайд этди.
Хусусан, хоккей бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳам халқаро майдонда ажойиб натижа кўрсатди. Арманистонда ўтказилган жаҳон чемпионатида хоккейчиларимиз ўз дивизионида ғолиб бўлиб, келгуси мавсумда учинчи дивизионда қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Бундан олдин, март ойида Таиландда бўлиб ўтган 18 ёшгача бўлган хоккейчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳам терма жамоамиз ғалаба қозонган эди.
Саудия Арабистонида ўтказилган 18 ёшгача бўлган спортчилар ўртасидаги енгил атлетика бўйича Осиё чемпионатида юртдошларимиз 12 та — 3 та олтин, 5 та кумуш ва 4 та бронза медалини қўлга киритиб, ўз тарихида биринчи марта умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади.
«Бу ютуқлар, энг аввало, йигит-қизларимизнинг тинимсиз меҳнати, юксак маҳорати, мустаҳкам иродаси ва матонати туфайлидир. Бунда спорт соҳасига қаратилаётган эътибор ва тизимли давлат сиёсатининг ҳам алоҳида ўрни борлигини таъкидлаш жоиз. Мамлакатимизда спорт инфратузилмаси сезиларли даражада яхшиланди, янги мактаблар очилмоқда, спортчиларнинг профессионал ривожланиши учун шарт-шароитлар яратилмоқда», деб ёзади Асадов.
Унинг қўшимча қилишича, давлатимиз раҳбари хоккейчи ва енгил атлетикачиларимизни юксак зафарлари билан табриклаб, ота-оналари, устоз ва мураббийларига самимий миннатдорлик изҳор этган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Абдулазиз Комилов Италиянинг энг юқори давлат мукофоти билан тақдирланди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг