Учқудуқлик кончилар экскаваторлар транспортировкасининг самарадор мосламасини яратишди

23:13 17 Январь 2023 Жамият
982 0

Фото: Халқ сўзи

«Навоий кон-металлургия комбинати» АЖда мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланган ҳолда бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлари ва материалларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳамда ўзлаштириш орқали импорт ҳажмини қисқартириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда. Бунда асосий эътибор ишлаб чиқариш жараёнларига берилган рационализаторлик таклифлари ҳамда инновацион изланишларга қаратилиб, корхона тизимидаги биргина Шимолий кон бошқармаси томонидан ўтган йили 31 та лойиҳа синовдан муваффақиятли ўтказилди.

Фото: Халқ сўзи

Бошқарма муҳандис-технологлари ва механиклари томонидан ишлаб чиқаришга рухсат этилган гидравлик экскаваторларни кўчириш мосламаси Ўзбекистон кончилиги тарихида биринчи марта қўлланилди.

— Маълумки, кончиликда асосан занжир (гусеница) таянчли экскаваторлар ишлатилади, — дейди Шимолий кон бошқармаси бош муҳандиси ўринбосари Нуриддин Камолов. — Сабаби, бир ҳовучда 12 – 20 тоннага қадар рудани узиб оладиган бу қудратли техникалар мустаҳкам таянчга эга бўлмоғи керак. Бироқ бу техникаларни бир карьердан иккинчисига кўчириш, (мисол учун «Кўкпатас» кони карьерлари ўртасидаги масофа ўртача 3,5 – 4 километрни ташкил этади) жуда кўп вақт ва харажатни талаб қилади. Қолаверса, занжир орқали ҳаракатланиш бу экскаваторлар эксплуатация муддатига ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Шу жиҳатдан ушбу мослама бир қатор самараларни тақдим этади.

Фото: Халқ сўзи

«Кўкпатас» кони бўйича «Шарқий» очиқ усулда қазиб олиш кони гидравлик экскаваторларида кўчириш мосламасининг қўлланилиши берадиган иқтисодий самара, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, йилига 5 миллиард сўмга яқин бўлиши кутилмоқда. Ушбу қурилманинг мамлакатимиз кончилиги ва келажакда бошқа тармоқларда ҳам қўлланишини инобатга олсак, мазкур рақам бир неча бараварга ортишини англаш қийин эмас.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер