Учқўрғон осмонида замонавий ҳаво шари

12:23 16 Апрель 2025 Жамият
100 0

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ/«Халқ сўзи». Учқўрғон туманида туризм соҳаси жадал ривожланмоқда. Норин дарёси ёқасида жойлашган ушбу ҳудуднинг хушманзара масканлари ва сўлим табиати бу ерда экосайёҳликнинг катта имкониятларини яратган. 2500 гектар майдондаги қулупнайзорлар, 30 сотих ердаги голубика пайкали, катта ҳавзаларда парваришланаётган форель балиқларини томоша қилиш кишига ажойиб ҳис-туйғуларни бахш этади.

Яқинда якка тартибда фаолият юритувчи тадбиркор Акрамжон Раҳимов томонидан ишга туширилган ҳаво шари саргузашт ишқибозлари учун само сайри имкониятини ҳам юзага келтирди. Диаметри 30 метрни ташкил этувчи ушбу қурилмада юз метрдан кўпроқ баландликдан Учқўрғон заминини томоша қилиш кишига ўзгача адреналин ва сайёҳликнинг янги қирраси бетакрор завқини туҳфа этади.

— Сайёҳларни ўзига тортадиган масканларимиз имкониятидан тўлиқ фойдаланишга ҳаракат қиляпмиз, — дейди туман ҳокимлиги масъул ходими Расулбек Мадраҳимов. — Биргина жорий йил бошидан буён ҳудудимизга 160 минг нафардан зиёд маҳаллий ва хорижий сайёҳлар ташриф буюргани бунинг тасдиғидир. Уларнинг аксарияти диққатга сазовор масканларни томоша қилиш баробарида ўзлари терган қулупнай меваси, ҳавзадан янги тутилган форель балиғи таъмидан баҳраманд бўлиб, манзилларига катта таассурот билан қайтди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?