"У ёғоч ўйинчоққа ўхшарди". Ёхуд Марадонанинг болалиги қандай кечганди?

15:13 26 Ноябрь 2020 Спорт
727 0

Жаҳон футболининг ёрқин юлдузи Диего Марадонанинг вафоти миллионлаб кишилар қатори юртдошларимиз, хусусан, мухлисларни чуқур қайғуга солди. Зеро, Марадона майдонда футболни чинакамига санъат даражасига кўтарган, кимларнидир уни ўз ҳаёти мазмунига айлантирган, «миллионлар ўйини» ихслосмандлари ҳаётига бир олам қувонч, хурсандчилик олиб кира билган дунёдаги саноқли футболчилардан бири эди.

Қуйида биз унинг болалиги қандай кечгани хусусида сўз юритамиз. Зотан, Марадонанинг шон-шарафли, шу билан бирга ғоят мураккаб ҳаёт йўли ҳар бир киши учун сабоқ бўларлидир.

Диего Марадона 1960 йилнинг 30 октябрида Буэнос-Айрес провинциясининг Ланус шаҳрида туғилган. Отаси тегирмон ишчиси, онаси Дальма эса уй бекаси эди. Диего оиладаги биринчи ўғил бўлиб, ундан аввалгиларининг ҳаммаси қиз бола эди. Кейинчалик онаси "Уни дунёга келтириш мен учун енгил кечганди. Кун бўйи ўзимни яхши ҳис этгандим. Кечқурун эса мени поликлиникага олиб боришди. У жуда тез туғилди. Ўша лаҳзада мен фақат бир нарсани илтижо қилганман: Соғлом туғилиб, яхши инсон бўлиб етишишини. Бахтимни қарангки, ниятим ортиғи билан ушалди".

Марадона етти ёшга кирганида қариндошларидан бири унга копток совға қилади. Ундан бола шунақанги қувонадики, ҳатто ухлаганида ҳам тўпни ёнига қўйиб ётади. Коптокни тепишни ўргангач, кўчада болалар билан ўйнай бошлайди. Аммо ўзидан ёши каттароқ болакайлар уни туртиб йиқитишар, алдаб ўтишар эди. Бу унга сабоқ вазифасини ўтаган бўлса ажаб эмас. Ҳар ҳолда аста-секин техникаси юқори ўйинчига айлана борди. Энди болалар уни ўз жамоаларида ўйнашини исташарди. Кейин у «Ремедиос де Эскалада Сан-Мартин» мактабида футбол сирларини ўргана бошлади. Ваҳолонки, отаси унинг ўқишини жуда-жуда хоҳларди.

Диегонинг оиласи Аргентина пойтахтининг камбағаллар яшайдиган мавзесида яшар, ўзлари ҳам қашшоқликда кун кечиришарди. Шу боисдан опа-укалар кулоллар каби лойдан пишиқ-пухта гулдон тайёрлаб, уни маҳаллий бозорда сотишар, пулини эса оналарига беришарди. Диего ҳам шу юмуш билан шуғулланарди. Кейинчалик Марадона "Агар ота-онам мендан ойни олиб беришни сўрашса, улар истагини рўёбга чиқариш учун ҳамма ишни қиламан. Лекин бу уларнинг мен учун қилганлари олдида сариқ чақага ҳам арзимайди", деган эди.

Манбаларда айтилишича, онаси камтарона дастурхон бошида «Ошқозоним оғрияпти», дея ёлғон гапириб, туз ҳам тотимас, топганини болаларига илинар экан.

Қаранг, тили, диний эътиқоди, турмуш тарзи, тутуми турлича бўлишига қарамай дунё оналарини бир жиҳат бирлаштириб туради. Уларнинг ҳаммаси «Болам» деб яшайди.

Марадона 8 ёшга кирганида 10 ёшли Гойо Каррисо билан танишиб қолади. Гойо «Архентинос Хуниорс» клубининг болалар жамоасида ўйнарди. Каррисо Диегога Аргентинанинг буюк футболчилари ҳақида сўзлаб берар, бу эса унинг иштиёқини бадтар оширарди. 1969 йилнинг ўрталарида Марадона шу клуб скаути ва 14 ёшгача бўлган болалар жамоаси мураббийи Франсиско Корнехо билан танишди. Дастлабки кўрикдаёқ Марадона шунақанги ўйин намойиш этдики, Корнехо унинг тўққиз ёшда эканига ишонмай, пакана одам бўлса керак, дея шубҳаланди. Аммо эртасига Диего туғилганлигига оид ҳужжатларни кўрсатгач, кўнгли жойига тушди. Бу мураббий учрашувлар чоғида чиққан тўпни майдонга қайтариб берадиган болалардан иборат жамоа тузди. Бу жамоа сафида Марадона ҳам бор эди. Майдонда тўғри қарор қабул қилиши, ажойиб техникаси, зўр жисмоний тайёргарлик эвазига чарчашни билмаслиги уни яққол етакчига айлантирди. Унинг яна бир қимматли фазилати, оёғига зарба беришган паллада йиқилмасди. Корнехо кейинчалик «У ўша кезлардаёқ тўп билан ҳамма ишни қила оларди. Диего ёғоч ўйинчоқни эслатарди. Қанча туртиб, оёғидан чалмагин барибир тикка турарди», деганди. Ваҳолонки, Марадона бошқа болаларга қараганда уч ёш кичик эди.

Корнехонинг шогирдлари «Ривер Плейт» клубининг енгилмас ёшлар жамоасини 7:1 ҳисобида мағлубиятга учратишганида қаҳрамонимиз барчанинг назарига тушди. Голларнинг бештасини ўз ҳисобига ёзиб қўйди. Шу ўйиндан кейин 10 ёшли Марадонани Аргентина футболининг бўлғуси юлдузи, дея атай бошлашди. 1973 йилда эса «Архентиос»нинг ёшлар жамоаси финал ўйинида «Ривер Плейт»ни 5:4 ҳисобида енгди. Бу учрашувда Марадона рақибнинг етти нафар ўйинчини ортда қолдириб, гол киритди. Жамоаси Аргентина чемпионатининг 8-лигасига чиқди. Уни эса 7- лигага ўйнагани жўнатишди. Бироқ «Архентос»нинг 7-жамоасида икки ўйин ўтказди, холос. Уни дарҳол бешинчи жамоага, тўрт ўйиндан кейин эса учинчи жамоага ўтказдилар. Учинчи жамоада ҳам узоқ қолмади. Учта учрашувда майдонга тушгач, «Архентинос Хуниорс»нинг асосий жамоаси либосини кийди.

Шу натижаларга қарамай, оиласи камбағаллигича қолаётганди. Бу орада укалари Раул ва Уго, кейин эса синглиси Клаудия дунёга келди. Отаси эса унга оиласининг қашшоқликдан чиқишига ягона умид сифатида қарар, имкон қадар қўллаб-қувватлар эди. «Отам тегирмонга ишлашда давом этарди. У ишдан доимо қаттиқ толиққан ҳолда келарди. Икки сменада — эрталаб ва кечқурун ишларди. Кундузи эса тушликни қилган заҳоти қўлимдан тутиб, клубга олиб борарди», дея ёзган Марадона ўз китобида.

Орадан кўп вақт ўтмайди. ”Ўзга сайёралик” дея эътироф этила бошланган Марадонанинг юлдузли онлари яқинлашади. Қашшоқлик осмондаги ўткинчи булут каби тарқаб кетади. Диего Армандо Марадона дунёнинг энг машҳур, энг бадавлат спортчиларидан бирига айланади. Бу эса алоҳида мавзудир.

Истам ИБРОҲИМОВ тайёрлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?