«Тутқунлик» фильми яна бир халқаро кинофестивалда тақдирланди

17:19 29 Ноябрь 2021 Маданият
835 0

Кинематография агентлиги буюртмасига биноан Рашид Маликов режиссёрлигида суратга олинган «Тутқунлик» («Неволя») бадиий фильми Россияда бўлиб ўтган «Волоколамский рубеж» ҳарбий-ватанпарварлик кинофестивалида «Гран-при» бош соврини билан тақдирланди.

Мазкур кинофестиваль 2004 йилдан буён Иккинчи жаҳон урушида катта жанг майдонига айланган Россиянинг қадимий Волокаламск шаҳрида ўтказилиб келинади. Унда ҳарбий-ватанпарварлик мавзусида суратга олинган бадиий ва ҳужжатли фильмлар саралаб олинади.

«Тутқунлик» фильми реал воқеаларга асосланган бўлиб, унда Яқин Шарқдаги уруш ўчоғидан ватандошларимизни қайтарилиши акс эттирилган. 2019-2020 йиллар ўтказилган мазкур «Меҳр» операцияси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган.

«Меҳр» операцияси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга тегишли бўлиб, ушбу ташаббус ўзбек кинематографистларини ҳам бефарқ қолдирмади. Биринчи опреацион ҳаракатлардан кейин бу борада ҳужжатли фильм суратга олинган. Унда жараён ҳақида батафсил ва аниқ маълумотлар келтирилган. Кейин бадиий фильм ҳам суратга олинди», дея таъкидлади Кинематография агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов.

«Фильм ғояси 2020 йилнинг ёз ойларида туғилди. «Меҳр» операцияси бу улкан инсонпарварлик ҳаракатлари бўлиб, уни инсонларга кўрсатиш лозим. Кинокартинанинг суратга олиш ишлари эса 2021 йилнинг апрель ойида бошланган», дейди фильм режиссёри Рашид Маликов.

Маълумот учун, «Тутқунлик» кинокартинаси яқинда Туркиянинг «Коркут Ата» халқаро кинофестивалида ҳам иштирок этиб, ҳакамлар ҳайъатининг махсус совринига сазовор бўлган эди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?