Туркиялик олим Азиз Санжар Алишер Навоий номидаги халқаро мукофотга сазовор бўлди

12:41 14 Ноябрь 2024 Маданият
778 0

Аждодларимиз умумбашарий маданият ва цивилизация тараққиётига нақадар улкан ҳисса қўшгани ҳаммамизга яхши маълум. Улар орасида шундай бир улуғ зот борки, у ўзининг бебаҳо адабий, илмий асарлари, уларда илгари сурган сермазмун ғоялари билан асрлар оша яшаб, тафаккур ва кўнгил боғларини яшнатиб келмоқда. Бу, албатта, улуғ шоир, мутафаккир ва давлат арбоби Алишер Навоийдир.

Унинг авлодларга қолдирган мислсиз хазинасини ўқиб-ўрганиш, тарғиб этиш, номини абадийлаштириш борасидаги хайрли ишлар бугун нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам якдиллик билан давом эттирилмоқда. Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан билдирилаётган фикрлар, ҳаётга татбиқ қилинаётган ташаббусларда ҳам бу ўз аксини топмоқда.

Давлатимиз раҳбари 2021 йил 31 март куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши (ҳозирги Туркий давлатлар ташкилоти)нинг видеоанжуман шаклида ўтган норасмий саммитида иштирок этиб, буюк бобокалонимизнинг туркий дунё маънавий-маърифий ҳаётига қўшган беқиёс ҳиссасини инобатга олган ҳолда фан, таълим, адабиёт, санъат, ижтимоий соҳалардаги ютуқлар ҳамда туркий дунё бирлигини мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларни рағбатлантириш мақсадида Туркий кенгаш доирасида Алишер Навоий номидаги халқаро мукофотни таъсис қилишни таклиф этганди. Бу таклиф саммит иштирокчилари томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланди ва орадан кўп ўтмай Туркий давлатлар ташкилотининг 2021 йил 12 ноябрда Истанбул шаҳрида ўтказилган VIII саммитида ушбу нуфузли халқаро мукофот таъсис қилинди.

Мазкур мукофот бутун туркий дунёда жуда илиқ кутиб олинди. Зотан, буюк ўзбек шоири ва мутафаккири номи, бебаҳо мероси, беназир фаолияти жаҳон аҳли, хусусан, туркий қардош халқлар учун ҳам фахр-ифтихор ва ибрат тимсолидир.

Яқинда Қирғиз Республикасининг Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида туркиялик машҳур кимёгар олим, Нобель мукофоти совриндори Азиз Санжар Алишер Навоий номидаги халқаро мукофотга сазовор бўлди.

Нуфузли мукофот соҳиби ўзининг қувонч ва фахр-ифтихор туйғуларини телефон орқали қуйидагича баён этди:

Қайд этиш жоизки, кейинги йилларда Азиз Санжар Ўзбекистонга бир неча бор келди. У пойтахтимиз ва вилоятлардаги қатор олийгоҳлар ҳамда илмий муассасаларда талабаларга қизиқарли маърузалар ўқиб, ўз билим ва маҳоратини, тажрибасини навқирон авлод вакилларига улашиб келмоқда.

Атоқли олим интервьюларининг бирида “Ўзбекистон — менинг ҳам Ватаним”, дея эътироф этган эди. Шу маънода, бу инсоннинг эришаётган муваффақиятлари бугунги авлодларнинг Алишер Навоий каби улуғ аждодларимизга муносиб бўлишга интилаётгани ифодасидир.

— Замонамизнинг донишманд давлат арбоби, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан таъсис этилган Aлишер Навоий мукофотига муносиб топилганимдан жуда мамнунман. Дунёнинг энг буюк шоири ва мутафаккирининг муборак номи билан аталган мукофот мен учун Нобель мукофоти каби азиз ва қадрли. Шу билан бирга, бу юксак эътироф зиммамга буюк даҳога муносиб бўлишдек улкан масъулият юклайди.

Ўзбекистон — дунёда икки бор Уйғониш даврини бошидан ўтказган, бебаҳо маданий ва маърифий меросга эга замин. Бу қадимий ва навқирон юрт бугун учинчи Ренессанс пойдеворини тикламоқда. Бу йўлда сиз, қардошларимга муваффақиятлар тилайман ҳамда бутун туркий дунё қатори мен ҳам ҳамиша ёнингизда эканимни ҳамда мамлакатингизнинг дадил қадамларини қўллаб-қувватлашимни билдираман.

Ота юртимиз — Ўзбекистон гуллаб-яшнасин ва доимо бор бўлсин!

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?