Туркияда ўзбекистонлик қиз ўз онасини кўчада қолдирди

00:39 15 Сентябр 2024 Жамият
575 0

Ўз қизи томонидан қийин аҳволда қолдирилган аёл ва унинг ўғли Ўзбекистонга қайтарилди. Бу ҳақда Истанбул Бош консулхона ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Бош консулхонага 45 ёшли фуқаро И.Г. мурожаат қилиб, ўзи ва вояга етмаган фарзанди Истанбулда қийин аҳволда қолгани сабабли Ўзбекистонга қайтишда ёрдам беришни сўради.

Маълум бўлишича, жорий йилнинг август ойида юртдошимиз 19 ёшли қизи А.Б.ни мадрасада диний таълим олиш учун Истанбулга юборган. Орадан бироз вақт ўтгач эса ишлаб пул топиш ва фарзандига ғамхўрлик қилиш мақсадида ўзи ҳам 12 ёшли ўғли билан қизининг олдига Истанбулга келган.

Бироқ, Истанбулга келгач, қизи мадрасада ўқимаётганлигини, қолаверса бегона бир эркак билан «шаръий» никоҳдан ўтиш ниятида эканлигини билган.

Фарзандига насиҳат берган она қизининг қаршилигига учраган ҳамда ўз фарзанди томонидан кўчага чиқариб юборилган ва шу тариқа фуқаро И.Г. 12 ёшли ўғли билан кўчада қолган.

«Қийин шароитда қолган она-бола Бош консулхона ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Истанбул шаҳридаги вакили, «Ўзбек аёллари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш» жамияти кўмагида ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси Андижон вилояти вакиллиги ҳомийлиги ёрдамида бугун Ўзбекистонга юборилмоқда.

Шу ўринда, юртдошларимизнинг вояга етмаган фарзандларини хорижий давлатларда назоратсиз қолдириш, шунингдек хорижда хусусий диний таълим муассасаларига ўқишга юборишнинг салбий оқибатларидан яна бир бор огоҳлантирамиз.

Фуқароларимизнинг юртимизга қайтиши учун кўрсатган беғараз ёрдамлари учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси Андижон вилоят вакиллигига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз», дейилади хабарда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер