Туризм – натижа ва имкониятлар

18:34 27 Сентябр 2022 Жамият
1080 0

Фото: Халқ сўзи

Самарқандга келадиган сайёҳлар асосан, бир неча асрлик тарихий обидалар билан бирга, халқимизнинг бой миллий мероси, анъана ва қадриятлари билан танишиш, юртимизнинг бетакрор табиатидан ҳам баҳраманд бўлишни истайди.

Маҳмонларга қулайлик яратиш мақсадида ҳозирда вилоятда туризмнинг 13 тури фаолият кўрсатмоқда. 60 та зиёрат туризми объекти, 42 та гастрономик, 14 та этнотуризм, 26 та экотуризм, 16 та агротуризм, 21 та тиббиёт туризми объектлари мавжуд.

Қолаверса, 14 мингга яқин ўринга эга бўлган 488 та жойлаштириш воситалари бор. Биргина 2022 йилда 4248 ўринли 32 та янги меҳмонхона очилди. Сентябрь ойининг ўзида 13 та янги меҳмонхона фойдаланишга топширилди. Йил якунига қадар эса яна 840 ўринли 7 та меҳмонхонанинг очилиши режалаштирилган.

Самарқанд шаҳрида ўтказилган ШҲТ саммити арафасида «Халқлар дўстлиги музейи» ва «Ипак йўли музейи» ишга тушди. Яна 3 та музей ташкил этиш бўйича ишлар давом этмоқда.

Президентимиз ташаббуси билан Самарқандда «Буюк ипак йўли» халқаро туризм марказининг барпо этилиши вилоятнинг туризм имкониятларини бир неча баробар оширди. Бу кўп тармоқли марказ таркибида 8 та замонавий меҳмонхона, Конгресс маркази, «Боқий шаҳар» мажмуаси, амфитеатр ва бошқа кўплаб иншоотлар мавжудки, улар йилига 2 миллион сайёҳга хизмат кўрсатиш имкониятига эга.

— Яқинда Президентимиз раислигида мамлакатимизнинг ички ва ташқи туризм салоҳиятини янада ошириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида юртимизда мазкур соҳани ривожлантириш борасидаги ишлар таҳлил қилинди, — дейди Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари — туризм ва маданий мерос бошқармаси бошлиғи Рустам Қобилов. — Давлатимиз раҳбари Янги Ўзбекистоннинг «ташриф қоғози»га айланадиган бу мажмуага сайёҳларни жалб этиш, элчихоналар ва хорижий компаниялар билан ҳамкорликда «Самарқанд-Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси» тарғибот кампаниясини ўтказиш белгиланган эди. Ана шу мақсадда йил якунигача янги туристик марказда бир қатор халқаро анжуман ва форумлар, мусобақалар ўтказиш кўзда тутилган. Жумладан, 8-9 октябрь кунлари триатлон бўйича Осиё кубоги мусобақаси ва халқаро гастрономик фестиваль, 24-27 октябрь кунлари Ўзбекистон ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги, ноябрь ойида иқтисодий форум ва туркий тилли давлатлар раҳбарларининг навбатдаги учрашуви, Самарқанд ярим марафони ўтказиш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, йиғилишда янгиланган Самарқанд халқаро аэропорти имкониятларидан самарали фойдаланиш, халқаро қатновларни кўпайтириш вазифаси қўйилди. Хусусан, хорижий авиакомпаниялар билан келишувга эришиб, Самарқандга Европа, Осиё, Америка, Араб давлатлари ҳамда қўшни мамлакатлардан кунига камида 10 та халқаро рейсни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди. Бундан ташқари водий вилоятлари, Нукус, Урганч ва Термиздан ҳам ҳар куни камида 1 та авиақатнов амалга оширилиши бўйича топшириқ берилган эди.

Айни пайтда мазкур аэропорт орқали ҳар ҳафта Москвага 15 та, Истанбулга 6 та, Краснодарга 5 та, Сочи ва Олма-Отага 4 тадан ва бошқа авиақатновлар амалга оширилмоқда. Яқиндагина Бирлашган Араб Амирликларининг Flaydubai авиакомпанияси томонидан «Дубай-Самарқанд» йўналишида ҳам авиақатнов йўлга қўйилди. Дастлаб, ҳафтасига икки марта, кейинчалик ҳафтасига тўрт марта авиарейслар амалга оширилиши режалаштирилган. Бокуга ҳам парвозлар йўлга қўйилиши кутилмоқда. Қолаверса, “Aндижон - Самарқанд - Aндижон» йўналишида ҳам мунтазам авиақатновлар бошланди.

Амалга оширилаётган ишлар самараси улароқ йил бошидан буён Самарқандга 553 минг нафардан ортиқ хорижлик сайёҳ ташриф буюрди. Ўтган йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 112 минг нафар бўлган. Республикамиз ҳудудлари бўйича эса 2 миллион 300 минг нафардан зиёд маҳаллий сайёҳ келган.

Бугунги кунда туристларнинг Самарқандда ўртача қолиши 2,6 кунни ташкил қилмоқда. 2021 йилда бу 2 кун бўлган. Хорижлик туристларнинг бир кунлик харажати 152 АҚШ долларини, маҳаллий туристларники 550 минг сўмни ташкил этмоқда. Уларнинг яна бир кун қолиш кунларини узайтириш орқали туризм хизматлари экспорти йилига қўшимча 14 миллион АҚШ долларига кўпаяди.

Кейинги йилларда сайёҳларга миллий урф-одат, анъаналаримизни намойиш қилиш мақсадида вилоятда туризм қишлоқлари ташкил этилди. Айни пайтда Самарқанд туманида Конигил, Ургутда Терсак, Нурободда Оқсой, Паяриқда Чоштепа, Каттақўрғонда Андоқсой маҳаллалари туризм қишлоқларига айлантирилган. Ушбу масканларда сайёҳларга 100 га яқин меҳмон уйлари хизмат кўрсатмоқда.

Бугунги кунда вилоятда 192 та туроператор, 410 нафар гид-таржимон, 144 та туристик автобус, 136 та микроавтобус туристлар хизматида.

Имкониятлардан фойдаланиш йўлидаги ҳаракатлар

Келгусида вилоят бўйича туризм соҳасида 5,9 триллион сўмлик 365 та лойиҳани амалга ошириш орқали 21 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилади. 2022 йил 8 ойи давомида 18,5 мингта янги иш ўринлари ташкил этилди.

Яқинда Самарқанд туманидаги Конигил туризм қишлоғининг иккинчи босқичи қурилиши бошланди. Ушбу лойиҳа доирасида 100 та туризм объекти ва 500 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади.

Шунингдек, Ҳазрати Довуд зиёратгоҳига туташ ҳудудда лойиҳа қиймати 12 миллион АҚШ доллари бўлган дор йўли қурилмоқда. Келгуси йили фойдаланишга топширилиши режалаштирилган мазкур лойиҳа доирасида 8 гектар ҳудудда туризм комплекси ташкил этилади.

Бундан ташқари Тойлоқ туманида 2023 йилнинг сентябрига қадар “Bro Beans” корхонаси томонидан 110 ўринли меҳмонхона, логистика маркази ва дам олиш маскани фойдаланишга топширилади. Қолаверса, 2022-2025 йилларда Имом ат-Доромий мақбарасини таъмирлаш, янги масжид, кутубхона, ўқув хоналарни барпо этишни ўз ичига олган лойиҳа ишга туширилиши кўзда тутилган.

Мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш чоралари

Президентимиз ўтказган йиғилишда қайд этилганидек, вилоятда ҳам амалга оширилаётган ишлар билан бир қаторда, камчиликлар ҳам мавжуд. Уларнинг ечими устида изланишлар олиб борилмоқда. Мисол учун, вилоятдаги тарихий обидалар ва музейлар имкониятларининг бор-йўғи 50 фоизидан самарали фойдаланилмоқда.

Қолаверса, вилоятда салоҳиятга эга 98 та маданий мерос объекти мавжуд бўлиб, ҳозирги вақтда улардан 51 таси сайёҳлик йўналишларига киритилган.

Хорижлик сайёҳлар куннинг барча қисмидан унумли фойдаланишни, яъни дам олишни истайди. Афсуски, вилоятда сайёҳларнинг тунги пайт мазмунли дам олишлари учун масканлар етарли эмас.

Нуробод туманида жойлашган родонли сув билан даволашга ихтисослаштирилган сиҳатгоҳларни бирлаштирган ҳолда тиббиёт туризми зонасини ташкил этиш, тадбиркорлар учун махсус солиқ имтиёзларини жорий этиш, тиббиёт ускуналарини олиб киришга имтиёз бериш орқали ҳудудга нафақат маҳаллий, балки хорижлик сайёҳларни ҳам кўпроқ жалб этиш имконияти мавжуд.

Бугун Самарқандда жами 300 тадан ортиқ туристик масканлар бўлса, шундан 30 таси экотуристик масканлар хисобланади. Бундан ташқари оилавий ва хусусий бўлган 100 дан ортиқ мавсумий экотуристик масканлар мавжуд.

Қачон экотуризмни ривожлантириш мумкин? Қачонки, ушбу масканларимиздаги экологик ланшафни, флора ва фаунани табиийлигини юқотмаган ҳолда сақлаб, келаётган маҳаллий ва ҳорижий сайёҳларга қулай шароитларни яратсакгина, уни ривожлантиришга эриша оламиз.

Масалан, Ургут тумани мисолида қарайдиган бўлсак, туман Зарафшон тоғ тизмаси ён бағрида жойлашганлиги ва мўътадил табиати билан ички ва ташқи туризмни ривожлантириш учун жуда қулай ҳисобланади. Шу боисдан ҳам туманининг туризм салоҳиятидан келиб чиқиб, экотуризм, зиёрат туризми ва хизмат кўрсатиш йўналишларида 11 та маҳаллалар туризм ҳудуди сифатида белгилаб олинган. Бундан ташқари ҳозирги кунда ўзининг бетакрор табиат манзаралари билан хорижий ва маҳаллий сайёҳларни ўзига жалб қилиб келаётган Тешиктош экотуристик маскани ва Терсак туризм қишлоғида 25 та уй меҳмонхоналари фаолияти йўлга қўйилган. Шундан 5 та уй меҳмонхоналари томонидан жорий йилнинг шу кунига қадар Европа мамлакатларининг турли давлатларидан ташриф буюрган 500 нафарга яқин хорижлик меҳмонларга хизмат кўрсатилган.

Ургутнинг Бешкон маҳалласидаги табиат мўъжизаси – «Тешиктош» масканида она табиат маҳорат билан йўнган турли шакл ва ўлчамлардаги тошлар ерга бағрини бериб ётибди. Бугун бу жойлар туманнинг экотуризм маркази, ўзига хос ташриф қоғози ҳисобланади. Доимо хорижлик ва маҳаллий сайёҳлар билан гавжум бўладиган ушбу маскан бир неча йил олдин ташландиқ ҳолатда эди.

— Бу ерларга кўп йиллар етарлича эътибор берилмади, — дейди «Тешиктош» экотуризм маскани раҳбари Марат Бурхонов. — Яқингача ён-атрофимиз М-39 магистраль йўлидан ўтиб-қайтувчи ҳайдовчилар томонидан ташлаб кетиладиган чиқиндилар билан тўлиб-тошарди. Ҳудуд туризм маскани учун ажратилгач, вазият ўзгарди. Адирлик чиқиндилардан тозаланди, сайёҳларнинг табиат манзараларидан баҳраманд бўлиб, мароқли ҳордиқ чиқариши учун зарур шароит яратилди. Айни пайтда маскан ёнида 32 кишилик меҳмонхона қуряпмиз.

Тешиктошдаги ўзгаришларни кўриб, қанчалик қувонсангиз, барча сайёҳларда ҳайрат уйғотадиган нақшинкор тошларнинг абгор ҳолатини кўриб, шунча кайфиятимиз тушди. Гап шундаки, маскандаги деярли барча тошлар турли ёзувлар билан бежаб ташланган. Сайёҳлар Тешиктошга шу маданиятсизликни кўриш учун келадими? Тошларнинг атрофи ҳам тозаланмаган, қадамда озиқ-овқат маҳсулотларидан қолган чиқиндилар сочилиб ётибди. Марказ раҳбаридан бунга изоҳ сўраганимизда, «Яқинда тошларни ювиб чиққан эдик, одамлар яна чизиб кетишяпти. Тез орада кузатув камералари қўямиз», деган жавобни олдик. Аммо бу уларнинг бугунги аянчли ҳолатини оқламайди.

Туризмнинг бошқа соҳалардан фарқи шуки, мазкур соҳани ривожлантириш учун ўнлаб йўналишларда қулайлик яратилиши лозим. Соҳа фақат туристик объектлар ва меҳмонхоналардан иборат эмас. Ана шу йўналишлардан бири - жамоат транспорти ҳисобланади.

Жамоат транспорти масаласи ҳам кўнгилдагидек бўлса, сайёҳларга қанчалик қулай бўлади. Ҳозирча Самарқанддаги йўловчи ташиш автобусларини ҳар томонлама қулай ва замонавий дея олмаймиз. Дунёнинг истаган давлатида туристлар жамоат транспортини танлагани ҳолда биздаги автобусларларда улар кўринмаслиги бежиз эмас, албатта.

Яқинда жамоат транспортида тўловлар электрон шаклга ўтаётгани маълум қилинди. Ҳатто йўлкира учун электрон тўлов нақд пулдан кўра анча арзон этиб белгиланиши таклиф қилинди. Бу ўзини оқлайди албатта. Агар тизим рақамлаштирилса, биринчи навбатда жамоат транспортида тартиб бўлади, мижозлар учун автобуслар бир-бирини қувмайди, эҳтимолий аварияларнинг олди олинади ва энг асосийси пул айланмаси ҳам легаллашади.

Хуллас, соҳа ривожи йўлида ҳали бажарилган ишлардан кўра, қилинадиганлари кўпроқ кўринади.

Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?