Тумовни даволашда антибактериал терапия қанчалик самарали?

10:27 19 Февраль 2024 Жамият
310 0

Тумов яхши даволанмаса, ўзидан асорат қолдиради. Шунинг учун бемор тузалишини осонлаштириш учун антибактериал терапия ва комплекс муолажалар қўлланади. Хўш, бу нима дегани?

— Антибактериал терапия — касаллик пайтида беморнинг бурун бўшлиғи шиллиқ қаватларини мутахассис кўмагида ювиш ва хасталанган соҳага керакли дориларни юбориш, — дейди олий тоифали шифокор Раъно Носирова. — Мисол учун, бурун орқали тўпланган йиринг чиқариб ташланса, бемор енгил нафас олади, тана ҳарорати меъёрлашади.

Яъни, хаста инсон инфекцияли ажралмадан халос бўлгач, бурун шиллиқ қаватининг микроб ва бактериялардан ҳимоялаш тизими тикланади.

Бурун ва унга ёндош бўшлиқларни ювиш, албатта, оториноларинголог томонидан амалга оширилиши лозим. Акс ҳолда тажрибасиз инсон бурунни тозалаётган вақтда инфекцияни ичкарига, қулоқ томонга суриб, муолажани мураккаблаштириб юбориши мумкин.

Бурунни тозалаш пайти пахтали чўп, резина нок каби анжомларни ишлатиш тавсия этилмайди. Чунки бурун ички шиллиқ қавати ва тўқималари жуда нозик бўлиб, тезда жароҳатланиши мумкин.

Шифохона шароитида бурунни махсус ускуналар ёрдамида тозалаш яхши самара беради. Пешона ёки асосий бўшлиқларни зондлаш усулида тозалаш ҳам тумовдан тезроқ соғайишда ёрдамчи восита ҳисобланади.

Бурундаги яллиғланишларнинг кўз косаси ҳолатига салбий таъсир этиши исботланган. Демак, уни ўз вақтида тозалатиб туриш, нафақат тумов тузалишини тезлаштиради, балки кўзларда юзага келиши мумкин бўлган асоратларнинг ҳам олдини олади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер