Трамп қароргоҳида ўтказилган тинтув учун ўзига 1 миллиард доллар товон пули тайинлаши мумкинлигини айтди

13:18 20 Декабрь 2025 Дунё
282 0

АҚШ президенти Дональд Трамп ҳукумат номидан ўзига 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида товон пули (компенсация) тўлаши мумкинлигини истисно этмади. Гап Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) томонидан унинг Флорида штати Палм-Бич шаҳрида жойлашган «Мар-а-Лаго» шахсий қароргоҳида ўтказилган тинтув ҳақида бормоқда. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.

АҚШ раҳбарининг таъкидлашича, агар мазкур маблағлар ундирилса, улар тўлиқ хайрия жамғармаларига йўналтирилади.

«Биласизми, мен даъво аризаси киритдим ва ишда ютяпман. Фақат битта муаммо бор — ушбу ишни ҳал қилишим керак бўлган шахс ҳам ўзимман. Бошқача айтганда, мен даъво қиламан ва уни ўзим ҳал қиламан. Шунинг учун, эҳтимол, ўзимга 1 миллиард доллар тайинлаб, барчасини хайрияга ажратарман. Бу оқилона. Бундай ҳолат илгари бўлмаган. Дональд Трамп АҚШни судга беради, Дональд Трамп президент бўлади ва эндиликда Дональд Трамп ўз даъвосини ҳал қилишига тўғри келади. Балки маблағни хайрияга беришим ҳам шарт эмасдир, балки уни ўзимда қолдиришим керакдир. Кўпчилик шундай қилишимни айтмоқда. Йўқ, мен бундай қилмоқчи эмасман. Аммо бу жуда ғалати вазият эмасми? Мен ўзим билан келишув тузишим ва ўзим билан музокара олиб боришим керак», — деди у.

Аввалроқ хорижий оммавий ахборот воситалари республикачи сиёсатчи ўтмишда унга нисбатан олиб борилган федерал текширувлар учун АҚШ Адлия вазирлигидан тахминан 230 миллион доллар миқдорида товон пули талаб қилиш ниятида эканини хабар қилган эди.

Маълум қилинишича, Дональд Трамп 2023 ва 2024 йилларда, жумладан, Федерал қидирув бюроси томонидан «Мар-а-Лаго» қароргоҳида ўтказилган тинтув чоғида унинг ҳуқуқлари бузилгани юзасидан иккита маъмурий шикоят билан мурожаат қилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер