Трамп миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майкл Уолтцни ишдан бўшатди

13:09 02 Май 2025 Дунё
152 0

Фото: AP

Президент Дональд Трамп пайшанба куни ОАВда АҚШ миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Майкл Уолтцни ишдан бўшатгани ҳақидаги хабарни тасдиқлади. Оқ уй раҳбари у АҚШнинг БМТдаги элчиси бўлишини ва вазифасини эса вақтинча АҚШ давлат котиби Марко Рубио бажаришини маълум қилди.

“Мен Майкл Уолтцни АҚШнинг БМТдаги навбатдаги элчиси лавозимига таклиф этаётганимни маълум қилишдан мамнунман”, — деди Трамп. Унинг қўшимча қилишича, давлат котиби Марко Рубио Давлат департаментининг раҳбари бўлиб қолган ҳолда вақтинчалик миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи бўлиб ишлайди.

Ўз навбатида, Майкл Уолтц Трампнинг маслаҳатчиси сифатида хизмат қилиш у учун катта шараф бўлгани айтди.

“Президент Трамп менга ишонч билдиргани ва ўз кабинетида миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи лавозимига тайинлаганидан жуда хурсанд бўлдим. Миллатимиз қадриятлари ва эркинликлари ҳамда ҳар бир америкалик хавфсизлигига хизмат қилишдан олий чақириқ йўқ. Президент Трамп ва унинг жамоаси билан биз бугунги дунёнинг пайдо бўлаётган муаммоларига дуч келамиз ва бизнинг ҳаёт тарзимизга путур етказмоқчи бўлганларга қарши қатъий турамиз. Бизнинг халқимиз дадил, қатъий етакчиликка лойиқ ва у буни таъминлайди”, — деди Уолтц.

Бир нечта нуфузли Америка оммавий ахборот воситалари пайшанба куни Уолтцнинг ишдан бўшатилиши ҳақида ёзишди.

CBS телеканалида ўз манбаларига таяниб Уолтцдан ташқари унинг ўринбосари Алекс Вонг ҳам ўз лавозимини тарк этганини хабар қилди.

Трамп маъмуриятига ғоявий жиҳатдан яқин бўлган “Fox News” телеканали ўз манбаларига таяниб, Уолтц, Вонг ва Миллий хавфсизлик кенгашининг бир қанча бошқа ходимлари аллақачон ишдан бўшатилганини хабар қилди.

Бир неча ҳафта олдин Уолтц “Signal” мессенжерида Яман ҳусийларига қарши АҚШ зарбалари бўйича махфий режалар муҳокамаси билан боғлиқ жанжалнинг асосий фигурасига айланганди. Айнан у “Atlantic” журнали бош муҳарририни операция муҳокама қилинаётган суҳбат жараёнига қўшган.

CNN веб-сайтининг ёзишича, Трамп ўшанда рақибларига зудлик билан ён бермаслик учун Уолтцни қўллаб-қувватлаган. Бироқ ўшандан бери кўплаб расмийларга кўра, Уолтцнинг истеъфоси фақат вақт масаласига айланган. Телеканал билан суҳбатлашган аноним манбага кўра, Уолтцга шу ҳафта бошида унинг Миллий хавфсизлик кенгаши бошқарувидаги даври тугагани ҳақида айтилган.

“Reuters” агентлигининг ёзишича, “Signal” чатидаги жанжал истеъфога ягона сабаб бўлмаган. Агентлик манбасининг анонимлик шарти билан таърифлашича, Трамп маъмуриятининг динамикаси билан таниш бўлган одам Уолтцни Трампга ёқмайдиган даражада шафқатсиз деган.

Мудофаа бўйича таҳлилчи Женнифер Каванах “Responcible Statecraft” нашрига берган интервьюсида “Уолтц ва Вонг Трампнинг энг яқин маслаҳатчилари орасида, жумладан, Эрон ва Хитой билан боғлиқ масалалар, шунингдек, АҚШнинг Тайванга нисбатан сиёсати бўйича лочинлардан эди” деди.

“Уолтц ва Вонг кўпинча Эрон билан урушдан қочишни истайдиган ва Тайванни ҳимоя қилишга аввалги президентларга қараганда камроқ мойил бўлган Трамп билан ҳамоҳанг бўлиб туюларди”, деди Каванах.

Бундан ташқари, “Reuters” манбасига кўра, Уолтц ўзининг асосий вазифаси — ташқи сиёсат соҳасидаги турли бўлимлар ишини мувофиқлаштириш вазифасини етарли даражада бажармаган.

ББCнинг Шимолий Америкадаги мухбири Энтони Зуркернинг тушунтиришича, “Signal” чатидаги можаро бошланган пайтдан бошлаб, Майкл Уолтц бунинг учун жазоланганга ўхшарди. Биринчидан, Зуркернинг таъкидлашича, Уолтцнинг аккаунтидан журналист Жеффри Голдберг тасодифан яширин суҳбатга таклиф қилинган. Бундан ташқари, суҳбатдаги барча юқори мартабали маъмурият амалдорлари орасида Трамп Уолтцнинг ишдан бўшатилиши ва унинг ўрнига тайинланиши билан энг кам сиёсий муаммоларга дуч келади.

Гап шундаки, миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Сенат томонидан тасдиқланмайди, шунчаки президент қарори билан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.

CNNнинг бошқа нашрлар сингари ёзишича, Трампнинг дўсти, бизнесмен, тадбиркор ва президентнинг Яқин Шарқ ва Украина музокаралари бўйича махсус вакили Стив Уиткофф Уолтцни алмаштириши кутилаётганди, бироқ ҳозирча қарор қабул қилинмаган. Телеканалга кўра, Уиткоффнинг ўзи яқин одамларига бу лавозимни эгаллашни истамаслигини айтган. Телеканал манбаларига кўра, улар Уиткофф танланади деб ўйламайдилар, бироқ Трамп ундан тўғридан-тўғри буни талаб қилса, рози бўлишини ҳам истисно қилишмайди.

Уолтц Доналд Трампнинг янги маъмуриятида ишдан бўшатилган биринчи юқори мартабали амалдор бўлди.

51 ёшли Майкл Уолтц миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи этиб тайинланишидан олдин олти йил давомида ўз она шаҳри Флорида штатидан конгрессмен бўлиб ишлаган.

Бундан олдин Уолтц ҳарбий хизматчи, махсус кучлар зобити эди. У Афғонистон, Яқин Шарқ, Африкада хизмат қилган, кейин Пентагонда юқори лавозимда ишлаган ва кейинроқ президент Жорж Буш даврида вице-президент Дик Чейни маслаҳатчиси бўлган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?