Тожикистон ва Қирғизистон расмийлари: чегараолди ҳудудларда юз берган фожиа ҳеч қачон такрорланмаслиги керак

01:33 02 Май 2021 Дунё
1118 0

Кеча, 1 май куни Тожикистон ва Қирғизистон ўт очишни тўхтатиш бўйича келишиб олди.

Шундан сўнг Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Саймўмин Ятимов ва Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев бошчилигидаги тожик-қирғиз чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича комиссия йиғилиши бўлиб ўтди.

«Биз Тожикистон ва Қирғизистон давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш бўйича давлат комиссияси таркибида барча пайдо бўлган муаммоларни, халқларимиз ва давлатларимиз учун тарих сифатида қоладиган низоларни ҳал қилиш мақсадида йиғилдик. Бугун биз давлатларимиз раҳбарлари ташаббуси билан жуда самарали суҳбат ўтказдик», деди Саймўмин Ятимов.

Унинг сўзларига кўра, «чегара ҳудудларидаги фожиа — бошқа ҳеч қачон такрорланмаслиги керак».

«Икки халқ бу ерда узоқ тарихий даврда яшаганлиги сабабли, улар жуда дўстона, уларнинг бир-бирларига алоҳида даъволари йўқ. Биз, сиёсатчилар, барча масалаларни қонуний асосда ҳал қилишимиз ва халқларимизга анъанавий тинчлик ва дўстлик шароитида яшашларига имкон яратишимиз керак», дейди Ятимов.

«Бугун биз ушбу масалани муҳокама қилганимизда, тожик-қирғиз ерларида тинчлик ва барқарорликни таъминлаш манфаатларини кўзлаб муаммоларни ҳал қилиш бўйича фундаментал келишувларга эришилди. Ишончим комилки, биз буни қила оламиз — муаммоларни иложи борича тезроқ ҳал қиламиз ва бизнинг халқларимиз ҳар доимгидек дўстлик ва ўзаро англашувда яшайдилар, тўлиқ барқарорлик таъминланади», дейди Ятимов.

«Икки мамлакат манфаатлари йўлида тўрт банддан иборат протокол қабул қилдик. Бугун халқларимиз қийин даврларни, инқироз даврларини бошдан кечирмоқдалар. Бизда юз берган фожиа икки мамлакат фожиаси. Aйни пайтда биз учрашиб, иш олиб боришимиз жуда қийин эди. Аммо шунга қарамай, давлатлар раҳбарларининг топшириғига биноан биз ушбу тадбирни ўтказдик», дейди Қамчибек Ташиев.

Ташиевнинг таъкидлашича, чегара яқинида жойлашган барча қўшинлар ва тузилмаларни доимий жойларига олиб чиқиш тўғрисида ўзаро келишувга эришилган.

Унинг қўшимча қилишича, бугун(1 май)дан бошлаб чегара ҳудудида тинчлик ва осойишталик пайдо бўлади.

«Бундан буён ҳурматли қўшниларимиз ва бизнинг саъй-ҳаракатларимиз билан, Худо хоҳласа, мамлакатларимизда, айниқса чегара ҳудудларида тўлиқ сукунат, тинчлик ва осойишталик бўлади. Протоколда қайд этилган қарорларимиз амалга ошишига умид қиламиз», дейди Ташиев.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?