Тожикистон — Қирғизистон чегарасида вазият мураккаблашмоқда. Халқаро ташкилотлар томонларни муросага чақирмоқда

02:11 17 Сентябр 2022 Дунё
2362 0

Архив сурат

Жорий йилнинг 16 сентябрь куни эрталаб Қирғизистон ва Тожикистон чегарадаги бир қанча ҳудудларда отишма бошланди.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара хизмати маълумотларига кўра, тахминан соат 6:00да Тожикистон томони чегара отрядлари ва қирғиз томони позицияларини ўққа тута бошлаган. Кейинроқ Тожикистон томони Лейлек ва Боткен вилоятларидаги чегара постлари ва чегара қишлоқларини миномётлардан ўққа тутган. Ушбу ҳудудда отишмалар 14 сентябрь куни ҳам бўлиб ўтган эди ва ҳозиргача давом этмоқда.

Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 87 киши тан жароҳати олган. Вафот этганлар ҳам бор. Қирғиз-тожик чегарасидаги қуролли тўқнашув натижасида Боткен ва Лейлек туманларидаги етти қишлоқ, шунингдек, Ўш вилоятининг Чўн-Олай туманидаги Жекенди қишлоғи аҳолиси уйларини ташлаб кетган.

Қирғизистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара хизмати Қирғизистон ва Тожикистон махсус хизматлари раҳбарлари Қамчибек Ташиев ва Саймўмин Ятимов соат 16.00 да ўт очишни тўхтатиш бўйича келишиб олгани ҳақида расмий баёнот берган эди.

Шунингдек, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммитида иштирок этаётган Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ва Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ҳам икки томонлама музокаралар ўтказиб, ўт очишни тўхтатиш бўйича келишиб олганди.

Маълум қилинишича, ушбу келишувлардан кейин бир муддат сукунат ҳукм сурган. Қирғизистон томони ўт очишни бутунлай тўхтатган, Тожикистон томони эса унинг интенсивлигини пасайтирган. Аммо Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара хизматининг сўнгги маълумотларига кўра, Тожикистон томони яна ўқ узишни бошлаган.

Ўз навбатида Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (ТМХДҚ) чегара қўшинлари Қирғизистон Тожикистондаги фуқаролик объектларига дрон ва вертолётлар билан зарба бераётганини маълум қилди.

Қайд этилишича, ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувларга эришилгандан бир ярим соатдан сўнг Қирғизистон Тожикистоннинг аҳоли пунктларига оғир қуроллардан ўқ узишни давом эттирган.

Маълум қилинишича, Тожикистоннинг Бобожон Ғофуров туманидаги Овчи-Қалъача маҳалласи, Исфара шаҳрининг Ворух ва Чоркуҳ жамоатлари Қирғизистон томонидан ўққа тутилган.

«Қирғизистон ҳарбий вертолётлар ва ҳужумчи дронлардан фойдаланган ҳолда Тожикистондаги турар-жой бинолари ва фуқаролик объектларига ҳаводан ҳужум уюштираётгани хавотир уйғотади», дейилади ТМХДҚ баёнотида.

Шунингдек, Қирғизистон томони Қирғизистон Республикасининг Боткен вилояти марказидан Тожикистон билан чегарадош вилоятларга қўшимча куч ва воситаларни ўтказаётгани хабар қилинган.

Туркий давлатлар ташкилоти фуқаролик инфратузилмасига оғир қуроллардан фойдаланган ҳолда тажовузни қоралайди

Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) тинч аҳолига, фуқаролик инфратузилмасига, жумладан, мактабларга қарши оғир қуроллардан фойдаланган ҳолда тажовузни қоралайди. Бу ҳақда ташкилот сайтида баёнот берилди.

«Туркий давлатлар ташкилоти тинч аҳолига ва фуқаролик инфратузилмасига, шу жумладан мактабларга нисбатан оғир ҳарбий қуроллардан фойдаланган ҳолда ҳужумни қоралайди ва ҳодисани ҳал қилишда вазминлик ва мавжуд тинч йўл билан кескинликни юмшатиш доирасида тезкор чоралар кўришга чақиради», дейилади мурожаатда.

Европа Иттифоқи Қирғизистон ва Тожикистонни келишмовчиликларни тинч йўл билан ҳал қилишга чақирди

Европа Иттифоқи Қирғизистон ва Тожикистонни ҳар қандай келишмовчиликни тинч йўл билан ва дипломатик йўл билан ҳал қилишга чақирди. Бу ҳақда Европа Иттифоқи баёнотида айтилади.

«Сўнгги кунларда Қирғизистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси ўртасидаги чегаранинг турли участкаларида чегарачилар ўртасида шиддатли тўқнашувлар содир бўлди. Умумий чегара бўйлаб бундай кескинлашув минтақавий барқарорликка зарар келтиради. Европа Иттифоқи жума куни эришилган сулҳ битимини олқишлайди. Биз ҳар икки томонни ўт очишни тўхтатиш келишувининг самарали амалга оширилишини таъминлашга ва кескинликни камайтириш ва мавжуд келишмовчиликларга имкон қадар тезроқ барқарор ечим топиш учун барча саъй-ҳаракатларни қилишга чақирамиз. Биз ҳар қандай келишмовчиликни тинч, дипломатик йўл билан ҳал қилишга чақирамиз. Европа Иттифоқи ўзининг ёрдам таклифини, шунингдек, минтақадаги барқарорлик ва фаровонлик учун кучли сиёсий ёрдамни давом эттиришини тасдиқлайди». дейилади Европа Иттифоқи баёнотида.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?