«Тошкентни телевизорда кўрганман, холос»,  «Аёллар дафтари»дан тадбиркорликкача — Ўзбекистон аёллари ҳақида

18:30 16 Октябр 2022 Жамият
1902 0

Фото: Халқ сўзи

Бугун Ўзбекистонда аёлларнинг қадри баланд, доим эътибор ва эътирофда. Эркаклар билан тенг ҳуқуқли. Аммо гендер тенглик, сиёсат масалаларидан фарқли ўлароқ бутун ҳаётини оиласи учун бағишлаган шундай аёллар борки, уларнинг қилган меҳнати баланд минбарлардан баралла айтилмайди.

Чиндан ҳам эрларидан барвақт уйғониб уй-рўзғор саранжомлаб, фарзандини мактабига кузатибоқ далага шошган, терган пахтасининг ҳақини фарзандининг камига сарфлайдиган, буюк қалб ва матонат эгасини баъзида ожиза дегимиз келмайди.

Улар қилаётган кундалик юмушларидан роҳатланиб яшайди. Қилмаса касал бўлиб қолади. Турмуш ўртоғи уришса онасиникига кетиб бир кун ўтмай соғилмай қолган сигирию тўзғиб кетган уйини ўйлаб қайтиб келадиган ўзбекистонлик аёлларнинг ҳаёти ҳақида ҳикоя қиламиз.

Бухоро вилояти Жондор туманидаги Мадамбой қишлоғида яшовчи Латофат Қаюмова тонг саҳарда туриб ҳовлини супуради, бирров томорқага қараган бўлади. Кейин нонушта ташвишини қилади. Синглиси Инобат унга кўмаклашади. Нонушталари камтарона. Дастурхонда одатда, нон ва сут бўлади. Сутни қўшнидан олишади.

Опа-сингил бирга яшайдилар. Иккаласи ҳам «Аёллар дафтари»га киритилган. Турмуши бузилгач, Инобат ўғли Аҳмаджонни олиб ота уйга қайтиб келган. Латофат опанинг эса таассуфки, бахти очилмади.

— Соат эрталаб етти бўлмаёқ далага чиқаман, — дейди Латофат опа. — Ҳар куни 100 килограмм атрофида пахта теряпман. 15 сентябрдан буён ҳозиргача қўлимга 3 миллион сўмдан зиёдроқ пул тегди. Бу пулни нималарга сарфлайсан, дейсизми? Олдинда қиш турибди. Озиқ-овқат, кийим - кечак сотиб оламан. Томорқамиз ҳам бор, албатта. Ҳозир тўқсонбосди пиёз экканман. Резавор кўкатлар етиштираман. Рўзғорга ярайди. Сумалак, нишолда пишириш қўлимдан келади. Тикиш-бичишни ҳам эплайман. Барака топишсин, яқинда менга маҳалламиз раисию ҳоким ёрдамчиси саъй- ҳаракати билан тикув машинаси ажратишди. Синглимга микротўлқинли печь, жиянимга эса телевизор берилди.Кўнглимиз тоғдек кўтарилди. Фақат шу кунларимизни онагинам кўролмаганларига афсусланаман. Бултур қазо қилдилар. Онажоним суянч тоғим эдилар. «Қизим», деб бағирларига босганларида дунёни унутардим. Эҳ, онасиз қийин экан...

Латофат опа шундай дейдию бўғзига нимадир тиқилади. Кўзидаги томчи ёш қордек оппоқ пахтага сингиб кетади.

— Ўқиб, боғчада тарбиячи бўлиш ниятида эдим. Ота-онам эса шифокор бўлишимни хоҳларди. Аммо ўқигани шароит келишмади. Топганимиз рўзғордан ортмасди. Бунинг устига отам ҳам, онам ҳам хасталикдан азият чекардилар.

Қишлоқдошларим билан Қорақалпоғистондаги қадамжоларни зиёрат қилганман. Тошкентни эса фақат телевизорда кўрганман, холос.

— Мабодо, ҳаётни қайта бошлаш имкони туғилганида албатта, ўқиган бўлур эдим, — дейди Латофат опа бу саволга жавобан. — Ҳозир ёшим 55 да. Ўйлаб қарасам, камбағалликдан халос бўлмоқнинг калити илму ҳунар экан. Шу боисдан синглим иккимиз жияним Аҳмаджонни ўқитиш ниятидамиз. У ҳозир 9 – синфда. Математика, физикани ўрганишга иштиёқи баланд. Топган-тутганимизни унга шароит яратиш учун сарфлаймиз. Токи, орзу-мақсадларига эришсин. 

Латофат опа шундай сўзларни айтаркан, чамандай очилган пахталарни теришга киришиб кетди. Кўнгли тоза, содда бу қишлоқ аёли билан хайрлашарканмиз, «Ушот» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Отабек Ҳамроевнинг теримчиларга қарата «Эртага бошқа далага ўтамиз.Ҳар килограмм пахтага 1800 сўмдан ҳақ берилади», деган сўзлари қулоғимизга чалинди.

Пахта даласи — даромад манбаига айланган

Пахта йиғим терими бошланган кундан Нукус шаҳридаги «Телеорай» маҳалла фуқаролар йиғинидан 60-70 нафар теримчилар Нукус тумани фермер хўжаликларига ҳашарга бормоқда, дейди ҳашарчилар отряд раҳбари Тамара Рисназарова.

— Сўнгги йилларда пахта терими учун бериладиган пул миқдори оширилгач, шаҳарлик аёллар ҳам қишлоқликлардан қолишмайдиган даражада илғор теримчиларга айланишди. Отрядимиз аъзолари орасида кунига 100-150 кг пахта терадиган ва шунга яраша даромад топаётганлари кўп. Пахта теримига чиқаётган ҳашарчиларнинг кўпчилиги «Темир дафтар» ва «Аёллар дафтари»да бўлган ишсиз аёллар. Улар мавсум давомида топаётган даромадлари рўзғорининг каму кўстини тўлдирмоқда. Жумладан, Зулфия Хожамуратова, Шадигул Камолова, Аймереке Қутлимуродова, Муҳаббат Қуролбаева, Хамид Ўринбоев, Йўлдошбой Далибаев каби теримчилар энг фаол теримчилар қаторидан жой олиб, пахта пулларидан ташқари туман ҳокимлиги ва сектор раҳбарлари томонидан қимматбаҳо совғалар билан ҳам мукофотланмоқда. Фермерларимиз дала бошида иссиқ овқат ташкил қилиб, ҳашарчиларга қулай шароитлар яратиб қўйибди.

— Бир неча йилдан буён уйимизнинг бир қисми қурилиши битказилмасдан турган эди, — дейди ҳашарчилардан бири Муҳаббат Янгибаева. Ўтган йилги пахта териб жамғарган пулимизга ёғочлар олиб томини ёпдик, бир неча эшик ва ойна ромларини ўрнатдик. Бу йилги daromadга дарвоза қуриб, уйимизнинг ички юмушларини тўлиқ битказиш ҳаракатидамиз. Ҳозир қурилиш материалларини олдик. Энди уста ҳаққини жамғарсак, қишнинг қировли кунларидан олдин уйимизни тўлиқ битказамиз насиб қилса. Олдин оиламиздагилар муқим иш ўрнига эга бўлмагани ва даромад йўқлиги учун уй қурилишимиз битказилмай келаётган эди. Пахта мавсуми биз каби шаҳардаги ишсиз аёлларга даромад топадиган мавсумга айланди, десам хато бўлмайди.

Қорақалпоғистоннинг шимолий туманларида ҳам пахта йиғим терими қизғин паллага кирган. Кластер ва фермерлар теримчиларга биринчи теримда 1 килограми учун 1500 ва 2-терим усун 1800 сўмдан иш ҳақлари берилмоқда.

— Пахта терим мавсуми биз каби ишсизлар учун даромад топиш мавсумига айланди, — дейди Тахтакўпир туманидаги «Қараой» ОФЙ ҳудудида яшовчи Жадира Қазақбаева. — Тўғриси, олдинлари ўзимиз ва бошқа қишлоқдошларимиз ҳам пул топиш учун шаҳарга борардик. Буни қарангки, пахтани терими учун бериладиган пул миқдори оширилгач, шаҳарликлар овулимизга келиб пахта теряпти. Ўтган замонлардагидек, оммавий пахтага ҳашарга чиқариш йўқ. Ҳамма ўзи учун ҳаракатда ва далаларда ҳам фермерлар томонидан яхши шароитлар яратилган. Мавсум давомида оиламиз билан бирга 5 тоннага яқин пахта тердик. Шундан топган даромадимизнинг рўзғордан ортганига уйимиз учун мебель жиҳозларига буюртма бердик.

Амударё тумани Қорақалпоғистондаги энг кўп пахта етиштириладиган ҳудуд саналади. Тумандаги теримчилар ҳам пахта пулларидан ташқари энг кўп пахта териб топширганлар сифатида туман ҳокимлиги ва сектор раҳбарлари томонидан қимматбаҳо совғалар билан рағбатлантириб борилмоқда.

Бугунги пахта теримдаги фаоллигим учун «Чанг ютгич» совға этилди, дейди «Куюк кўпир» ОФЙ ҳудудидаги теримчилардан бири Матлуба Бобожанова. – Теримчилар орасида телевизор, кир ювадиган машина, қимматбаҳо гилам ва бошқа рўзғор учун зарур буюмларни совға сифатида ва энг яхши теримчилар сифатида мукофот тариқасида олаётганлар кўп. Қолаверса, пахта пулларидан ташқари 100 килограмдан ошган ҳар бир теримчига 2 литирдан ёғ ҳам берилмоқда. Шундай экан, овулимизда кимки бекор бўлса, пахта даласига шошади. Негаки, даладан дорамад топиб, рўзғорини бутлаётганлар бисёр.

— Оиламиз билан биргаликда терган пахтамиз 7 тоннадан ошмоқда, — дейди тумандаги Холимбег ОФЙ ҳудудидан Гулпарчин Тўйлиева. — Теримдан топган даромадимизга яқинда 6 та қўй ва 4 та эчки олдик. Яқинда тўй бериш ниятидамиз. Тўйда бу каби майда шохли моллар керак бўлади, албатта. Биз, туркманмиз. Қишлоғимизда ўзбек, қорақалпоқ, қозоқ, туркман миллатига мансуб аҳоли вакиллари бир оиладек иноқ яшашади. Бир сўз билан айтганда пахтадан топаётган даромадимиз рўзғорни бутлаш ва тўйлар беришга, шароитимизни яхшилашга хизмат қилмоқда.

Биз, Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳридан тортиб турли ҳудудларидаги теримчилар билан суҳбатлашиб, айни кунларда пахта далалари даромад манбаига айланганига амин бўлдик.

Қуёшни уйғотаётган аёл

Одатда қишлоқ аёллари эрта уйғонадилар. Андижонлик Сайёрахон Тешабоева тонгни уларданда вақтли қарши олади. Шундай қилмаса бўлмайди ҳам! Тонг отмасидан кўчаларни супуриш, томорқага қараш, болаларга нонушта тайёрлаш... эҳ-ҳе, санасангиз иш вақти бошлангунга қадар бир кунлик юмушларни бажаришига тўғри келади. Турмуш, рўзғор уни шу кўйга солди. Аслида ҳаётидан нолимайди. Бироқ, кутилмаганда турмуш ўртоғининг оғир хасталик туфайли оламдан ўтиши бироз қаддини букиб қўйди. Болалари ҳали ёш бўлгани учун ўзини тиклаб олиши бироз машаққатли кечмоқда.

— Турмуш ўртоғим Дониёр ака билан қисқа бўлсада, бахтли яшадик, — дейди у суҳбатда. — Жигар серрози касаллиги сабаб ҳаётдан бевақт кўз юмди. Шундан сўнг боқувчисини йўқотганлар сафига қўшилиб қолдим. Маҳалла фуқаролар йиғинидан келишиб, иш таклиф қилишди. Аввал фабрикада ишлаганим боис, манзилимга яқин ҳудуддаги фабрикага ишга таклиф қилишди. Болаларим мактабнинг бошланғич синфида ўқиганлиги учун, айрим холларда уларга кўп вақт ажратишимга тўғри келмоқда. Шу боис ишга чиқа олмадим. Шу пайтгача далада меҳнат қилдим. Топганим рўзғоримга етиб турибди. Пахта мавсуми бошлангани мен каби хотин-қизлар учун айни муддао бўлди. Ҳозирда бор кучимни теримга сарфлаяпман. Шароит яхши! Ҳар куни махсус транспорт воситасида далага келамиз, бепул тушлик билан таъминланганмиз. Бир кунда 100 килограммдан ортиқ пахта теряпман. Бир ҳафталик даромадим бир миллион сўмдан ортяпти. Пахта териб, топган пулимга қишга тайёргарлик кўраман – кўмир сотиб оламан, болаларимга қишки кийимлар оламан.

— Қишда нима қиласиз?, — сўраймиз ажабланиб. — Ахир, тирикчилик манбаингиз даладан эканку?

— Бу масалада бир қарорга келиб бўлганмиз, — дея суҳбатга қўшилди Сойбўйи МФЙ фаоли Нилуфархон Кўчканова. — Шу кунларда Сайёрахонга тикув машинаси ажратилиши кўзда тутилган. Уйда ўтириб, маҳсулот тайёрлаши учун нимаики шароит бўлса, барчасини яратамиз. Ҳозир тикувчилик цехи раҳбарияти билан гаплашиб қўйдик. Хом ашёни уйига келтириб беришади, тайёр маҳсулотни ҳам ўзлари олиб кетишади. Сайёрахонга тайёрлаган маҳсулотига қараб иш ҳақи тўлашади. Бир сўз билан айтганда, касаначилик асосида даромад топишга йўналтирмоқчимиз.

«Аёллар дафтари»да турувчи Сайёрахон маҳалланинг эътиборида. Шу кунгача бир неча маротаба моддий ёрдам билан таъминланди. Озиқ-овқат таъминотида имкон қадар ёрдам берилмоқда.

— Менга кимдир ёрдам қилса ўзимни ноқулай сезаман, — дейди Сайёрахон. — Тўрт мучам соғ бўлсаю, нега меҳнат қилишим керак эмас? Мен каби боқувчисини йўқотган дугоналаримнинг уйда ўтириб олиб, ким нима бераркин, дея эшикка кўз тикиб ўтиришларини сира тушунмайман. Оддий мисол, мана пахта териб ҳам анча-мунча даромад тўплаяпмиз. Астойдил ишласак, тирикчиликдан ошиниб, ул-булга ошиниш мумкин.

Аёл билан суҳбатлашар эканмиз, унинг кун давомида амалга ошираётган ишларидан ҳайратга тушдик.

— Шунча ишга қандай улгуряпсиз?,-сўрайман ҳайрон бўлиб.

— Эрта турган кишининг Худо ўнглар ишини, деган нақл бор,-дея тушунтиради маҳалла фаоли Нилуфархон Кўчканова. –Сайёрахон жуда вақтли уйғонади. Бир дунё ишларни саранжомлаб бўлганидан сўнггина қуёш кўринади. Аслида қуёшни ҳам шу аёл уйғотадида!

Орада пайдо бўлган кулги дала узра тарқалди.

— Юзимизга табассум ҳадя этгани учун, ризқимизни оёқларимиз остига тўкиб қўйгани учун, режадаги ишларимизни бажаришга улгурадиган имкониятни яратиб қўйгани учун Яратганга шукрона бўлсин, — дейди Сайёрахон биз билан хайрлашар экан.

Ижтимоий дафтарлардан — тадбиркорликка

Айниқса, қишлоқ ҳаётидаги мушкулотлардан қадди эгилган аёлларнинг рўзғордаги юмушлари енгиллашиши уларда оила ташвишларидан ортиб, касб-ҳунар эгаллашга, тадбиркорлик билан шуғулланишга қизиқиш пайдо қилмоқда. Буни Самарқанд вилояти Булунғур туманида яшовчи мана бу опа-сингилларимизнинг фикри ҳам тасдиқлайди.

— Бизнинг Мингчинор маҳалламизда 4 минг аҳоли бор, — дейди Фарида Бегалиева. — Маҳалламиз «Обод қишлоқ» дастури асосида тамомила янги қиёфа кирди, сув, свет, газ, йўл билан боғлиқ кундалик ташвишларимиз ариди. Маҳалладаги юзлаб киши иш билан банд бўлган 70 га яқин хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил этилди. Бу ерда сартарошхонадан тортиб бир нечта тикувчилик цехлари, ҳаммом, дераза ромлари, мебель маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар, ошхоналар, турли савдо нуқталари, болалар майдончаси қурилиб, фаолият кўрсатмоқда.

Бир пайтлар маҳаллада «Темир дафтар»да рўйхатда турардик. Турмуш ўртоғим билан пойтахтга бориб, пишириқ цехларида ишлаб, зўрға кун кечирардик. Қишлоққа келган кунларимиздан бирида маҳалла идорасидагилар «Бирор бизнес билан шуғулланиш истагида бўлсангиз, имтиёзли кредит олишингиз мумкин», деб қолишди. Бир неча йил пишириқ цехида ишлаганимиз учун бу ишнинг ҳадисини олганмиз. Шу ишни қишлоқда қилиб кўрсакчи, дедик. Таваккал имтиёзли кредит олишга рози бўлдик. Етмаганига қарз-ҳавола қилиб, катта печь, хамир қоригич каби ускуналарни сотиб олдик. Оилавий корхона ташкил этиб, аввал уч-тўрт турдаги пишириқларни савдога чиқардик. Мижозларга маъқул келгач, маҳсулотларимиз тури кўпайди. Буюртмага қараб, турли ширинлик, байрам тортлари, патир ва бошқа маҳсулотлар ҳам тайёрлаймиз. Куз-қиш мавсумида буюртма кўпайгани учун ўн нафарга яқин маҳалла қизларини ишга жалб қиламиз. Ҳозир ҳатто қўшни Жиззах вилоятидан ҳам мижозларимиз кўп. Бу йил оиламиз «Темир дафтар»дан чиқди. Қайнукамни уйлантирдик, уй-жойимизни яхшилаб, қарзлардан қутиляпмиз. Ҳаракат қилсанг, ризқсиз қолмаскан киши. Ҳар тонгни шукроналик билан, хайрли режалар билан қарши олиш гашти бошқача экан. Фарзандларимнинг бахтиёрлигини кўриб, оналик, аёллик бахтини юракдан ҳис қиляпман.

— Ҳар йили янги ўқув йили бошланаверса, юрагимга ғулғула тушарди, ахир уч ўғилга мактаб кийимларию ўқув анжомларини сотиб олишга қийналиб қолардикда, — дейди Булунғур туманидаги Гулзор маҳалласидан Феруза Довурова. —  Ўтган йили «Аёллар дафтари»га киритилган эдим. Бугун бир йил олдин берилган тикув машинкаси ёнига ўз ҳисобимдан яна битта машинка ва бошқа ускуналарни сотиб олиб, дугонам билан тикув цехи очиб, иш бошлаб юборганмиз. Бир йил олдинги қийинчиликлар ҳам ортда қолди. Ҳозирча катта миқёсдаги буюртмаларга эҳтиёжимиз йўқ, қишлоқ аёллари учун кийим-кечаклар тикиб беришга зўрға улгуряпмиз. Кейинчалик йирик буюртмалар олиб, тикувчилик цехимизни кенгайтиришни, тадбиркор бўлишни мақсад қилганман. Муҳими, рўзғоримизга барака кирди. Энди «Аёллар дафтари»да ҳам эмасман. Қишлоғимизда яратиб берилаётган имкониятлардан фойдаланиб, мендек ҳаётида яхши ўзгаришлар бўлаётган, яшашга иштиёқи ошаётган аёллар кўпайиб боряпти, десам ёлғон айтмаган бўламан.

Истам Иброхимов, Ғайрат Отажонов,

Саминжон Ҳусанов, Абдулазиз Йўлдошев,

«Халқ сўзи» мухбирлари

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер