Тошкентда тўғри овқатланишга мослашувчи қишлоқ хўжалиги тизимларини ривожлантириш бўйича миллий ўқув семинари ўтказилди

17:07 26 Сентябр 2025 Жамият
144 0

Ўзбекистонда сўнгги йилларда соғлом овқатланиш, озиқ-овқат ва овқатланиш хавфсизлиги кун тартибининг асосий масалаларидан бири бўлиб келмоқда.

Сўнгги ташаббуслар қаторига 2030 йилгача озиқ-овқат хавфсизлиги ва соғлом овқатланишни таъминлаш стратегиясининг қабул қилиниши, Озиқ-овқат тизимларига асосланган овқатланиш бўйича миллий кўрсатмаларнинг ишлаб чиқилиши, ФАО ва ЮНИСЕФ кўмагида 2025 йилда уй хўжаликлари овқатланиши бўйича тадқиқот ўтказилиши ҳамда миллий озиқ-овқат тизимларини трансформация қилиш бўйича миллий йўл харитаси доирасида мониторинг тизимларини мустаҳкамлаш ва далилларга асосланган сиёсатларни илгари сурилишини мисол сифатида келтириш мумкин.

Шу мақсадда, Тошкентда жорий йилнинг 24-25 сентябрь кунлари тўғри овқатланишга мослашувчи қишлоқ хўжалиги тизимларини ривожлантириш бўйича икки кунлик миллий ўқув семинари бўлиб ўтди.

Мазкур тадбир ФАОнинг: «Европа ва Марказий Осиёда қишлоқ хўжалиги тизимларини трансформация қилиш» минтақавий лойиҳаси доирасида ташкил этилган бўлиб, унда ҳукумат вакиллари, экспертлар ва соҳа бўйича ҳамкорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирок этди. Маълумот учун, Ўзбекистон ушбу лойиҳанинг Арманистон ва Босния ва Герцеговина билан бир қаторда учта пилот давлатидан биридир.

«Барқарор ва соғлом овқатланишни тарғиб қилиш агротизимларни трансформация қилиш ҳамда фуқароларимиз фаровонлигини таъминлаш учун муҳим аҳамиятга эга. Бу жараёнда биз инсон саломатлиги, сайёрамиз фаровонлиги ва иқтисодий барқарорликни уйғунлаштирувчи ёндашувни қўллашимиз лозим», — деди ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ёрдамчиси Шерзод Умаров ўз нутқида.

Ушбу семинар барқарор соғлом овқатланишни озиқ-овқат тизимларини трансформация қилишнинг марказий мақсади сифатида тарғиб этишга, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳалар ўртасида тармоқлараро мулоқотни кучайтиришга, сиёсат ишлаб чиқишда далилларга асосланган ёндашувни мустаҳкамлашга ҳамда озиқланишга сезгир қишлоқ хўжалигини жорий этиш имкониятлари ва салоҳиятни ривожлантириш эҳтиёжларини муҳокама қилишга қаратилди.

Шунингдек, семинарда Қишлоқ хўжалиги ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари, бошқа давлат муассасалари ҳамда илмий-тадқиқот ташкилотларининг техник ходимлари ҳам фаол иштирок этди

Икки кун давомида миллий ва халқаро экспертлар Ўзбекистондаги озиқ-овқат ва овқатланиш ҳолатини кўриб чиқиб, парҳез билан боғлиқ соғлиқ муаммолари бўйича асосларни тақдим этди. Шунингдек, соғлом овқатланишга мослашувчи қиймат занжирлари каби инновацион воситаларни муҳокама қилинди. Бундан ташқари, интерактив гуруҳ машғулотлари орқали иштирокчилар экотизимлар ва биологик хилма-хиллик, озиқ-овқат таъминоти занжирлари, озиқ-овқат муҳити ва истеъмолчиларнинг хатти-ҳаракати каби йўналишларда асосларни аниқлашди.

Тадбир давомида Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси қишлоқ хўжалиги инвестицияларида озиқланишни интеграциялаш тажрибаси билан ўртоқлашди. Атроф-муҳит ижтимоий фанлар тадқиқот гуруҳи эса Ўзбекистондаги шаҳар озиқ-овқат тизимлари баҳолашининг дастлабки натижаларини тақдим этди.

Тадбирнинг иккинчи куни амалий жиҳатларга қаратилиб, соғлом овқатланишга мослашувчи тизимлар учун кўрсаткичларни ишлаб чиқиш, сектор сиёсатини таҳлил қилиш ва салоҳият эҳтиёжларини аниқлаш, шунингдек, шаҳар озиқ-овқат муҳити истеъмолчилар танловига ва соғлом овқатланишни тарғиб қилишга қандай таъсир кўрсатиши муҳокама қилинди.

Семинар якунида ФАО халқаро экспертлари Кристина Лоприоре ва Валентина Гасбарри барқарор тараққиёт учун секторлараро салоҳиятни мустаҳкамлаш ва далилларга асосланган ечимлардан фойдаланиш муҳимлигини таъкидлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?