Тошкентда номаълум шахс 12 ёшли қизга ташланди

16:37 18 Март 2025 Жамият
168 0

Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда номаълум шахс вояга етмаган қизга нисбатан куч ишлатганлиги акс этган видео тарқалди. Пойтахт ИИББ мазкур ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Қайд этилишича, воқеа жорий йилнинг 10 март куни тахминан соат 16:30 ларда Тошкент шаҳрининг Яшнобод тумани «Дўстобод» маҳалласи ҳудудида содир бўлган. Ўша куни 19 ёшли Х.Д. (у 2-гуруҳ ногирони, руҳий-асаб касалликлари диспансерида рўйхатда туради) шу ердан ўтиб кетаётган вояга етмаган 12 яшар М.Х. (қиз)га нисбатан куч ишлатган. Қизча бақирганидан сўнг Х.Д. уни қўйиб юбориб, воқеа жойидан кетиб қолган.

Мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган текширув жараёнида М.Х.га зарар етмагани аниқланган ва у билан психолог томонидан суҳбат ўтказилган. Фуқаро Х.Д. воқеа содир бўлган куннинг ўзида шаҳар руҳий-асаб касалликлар шифохонасига жойлаштирилган.

Ҳозирда Яшнобод тумани ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этмоқда. Текширув якуни бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?