Тошкентда магнитудаси 6,5 ва ундан юқори балли зилзилалар содир бўлиш хавфи бор

14:01 21 Май 2024 Жамият
269 0

Иллюстратив фото

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Фанлар академияси ахборот хизмати раҳбари Гулноза Шарафова маълум қилди.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Сейсмология институти олимлари томонидан Кучли зилзилалар таъсирида Тошкент шаҳрининг талафотланиш даражасини иқтисодий баҳолаш имконини берувчи рақамли симуляцион модели ишлаб чиқилди.

Олимларимиз яратган ушбу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 майдаги «Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» қарорида келтирилган вазифалардан биридир.

Тошкент шаҳри ҳудуди сейсмик потенциали юқори бўлган зонада жойлашган бўлиб, ҳудудда магнитудаси М≤6,5 бўлган зилзилалар содир бўлиш хавфи бор. Тарихий ва инструментал маълумотлар базасига кўра шаҳар ҳудудида 1868, 1886, 1924 ва 1966 йиллари магнитудаси М=6.5, М=6.0 ва М=5.3 сейсмик жадаллиги бўйича 7, 8, 9 баллик зилзилалар қайд қилинган. Шунингдек 1980 йилда магнитудаси М=5.5 бўлган сейсмик жадаллиги 8 баллга тенг Назарбек зилзиласи содир бўлган.

Тошкент шаҳар ҳудудини жанубий ғарб йўналишида кесиб ўтувчи Каржантоу тектоник ер ёриғи доимий ҳаракатланиши натижасида кучли зилзилалар содир бўлиб келмоқда. Албатта, содир бўлиши муқаррар бўлган 7,8 ва 9 баллик кучли зилзилалар шаҳарга иқтисодий талафотлар етказган.

Сўнгги вақтларда хорижий мамлакатларда содир бўлаётган кучли зилзилалар ер плиталарининг тектоник силжишлари оқибатида юзага келаётган турли хил талафотлар мамлакатимизда сейсмик хавфсизликни таъминлаш ишларини жадаллаштириш, соҳага замонавий ёндашувларни жорий этишни талаб этмоқда.

Лойиҳани амалиётга татбиқ этиш орқали замонавий ИТ-технологиялари асосида Тошкент шаҳрининг муҳандис-геологик шароитини ва бино-иншоотларнинг конструктив турларини ҳамда уларнинг сейсмик заифликларини аниқлаб ҳисобга олган ҳолда ҳудудда содир бўлиш эҳтимоли юқори бўлган 7, 8 ва 9 баллик зилзилалардаги иқтисодий талафотларини баҳолашнинг илмий асосланган симиляцион модели ишлаб чиқилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?