Тошкентда крипто-активлар билан ноқонуний шуғулланган яна икки йигит қамалди

23:29 12 Июнь 2024 Иқтисодиёт
905 0

Тошкент шаҳрида крипто-активлар билан ноқонуний равишда муомала қилган 26 ёшли йигит қамалди. Бу ҳақда «Халқ сўзи»га пойтахт судидаги манбаси хабар берди.

Билдирилишича, 2024 йил 20 май куни М.К.нинг Тошкент шаҳар ИИББга қилган мурожаатига асосан тезкор тадбир ўтказилган. Унда 1999 йилда Навоий вилоятида туғилган Х.М. «Binance» платформасида «Mikolemar» номи остида LG телефон аппаратидан фойдаланиб ноқонуний равишда крипто-активлар айланмасини амалга оширгани аниқланган.

Суд мажлисида сўралган ҳуқуқбузар Х.М. крипто-активлар айланмасини қонунчиликда белгиланган тартибда олди-сотди қилиш кераклигидан хабари йўқлигини билдириб, суддан ўзига нисбатан жазо тайинлашда енгиллик беришни сўраган.

Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг 2024 йил 12 июндаги қарорига кўра, Х.М. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 155-4-моддаси 1-қисмида (крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топилган. Унга нисбатан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Унга тегишли бўлган ва ашёвий далил сифатида олинган LG Q-6 телефони ҳамда банк пластик картаси мусодара этилиб, тегишли тартибда йўқ қилиниши белгиланган.

Шунингдек, суд қарори билан Х.М. ҳисобидан қамоқни ҳар бир куни учун қабул қилиш муассасаси фойдасига базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 фоизи, яъни 510 минг сўм ундирилолиши белгиланган.

Kun.uz'нинг хабар беришича, Чилонзор туман судининг 10 июндаги қарори билан Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида яшовчи 20 ёшли Д.Х. ҳам МЖтКнинг 155-4-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилган. Унга нисбатан 3 кун маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Нашрнинг Олий суднинг интерактив хизматлари порталида эълон қилинган суд қарорларига таяниб қўшимча қилишича, сўнгги 1 ҳафтада республикада крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузишга доир еттита иш кўрилган. Уларнинг иккитасида ҳуқуқбузарларга нисбатан 6,8 млн сўмдан жарима, қолганларига маъмурий қамоқ жазолари тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Термиз давлат университетининг 24 ёшли битирувчисига ноткоин сотган учун 10 суткага қамалгани ҳақида хабар берилганди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер