Тошкентда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг V Бизнес-форуми бўлиб ўтди

12:29 09 Ноябрь 2023 Сиёсат
142 0

Жорий йилнинг 8 ноябрь куни Ўзбекистон пойтахтида иш бошлаган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) XVI саммити арафасида мазкур бирлашмага аъзо давлатларнинг V Бизнес-форуми ўтказилди.

Тадбир Ўзбекистон ва ИҲТ Савдо-саноат палаталари ҳамда мазкур Ташкилот котибияти томонидан ташкил этилди.

Халқаро иқтисодий шерикликни мустаҳкамлаш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлган бизнес-форум ИҲТга аъзо давлатлар Савдо-саноат палаталари, вазирликлари, тегишли идоралари, банклари ва хусусий компаниялари раҳбарлари ҳамда вакилларини бир майдонга жамлади.

Форумда Озарбайжон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон, Туркманистон, Туркиядан 300 дан ортиқ делегатлар ва 300 дан ортиқ маҳаллий бизнес вакиллар иштирок этишди. Улар ИҲТ доирасидаги ҳамкорликнинг ҳолати, шунингдек, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва фаоллаштириш истиқболларини муҳокама қилдилар.

Ушбу бизнес-форумдан кўзланган мақсад ИҲТ мамлакатлари билан иқтисодий ҳамкорликни фаоллаштириш, Ўзбекистон тадбиркорлари билан ушбу ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида янги алоқаларни ўрнатишдан иборат.

Хорижий ишбилармон доиралар билан бундай кенг кўламли ва кўп форматли ҳамкорлик дунё ҳамжамияти, ишбилармон доиралар ва йирик инвесторларнинг йирик лойиҳаларни амалга ошириш, самарали ҳамкорликни чуқурлаштириш, қитъа чорраҳаси сифатидаги мамлакатимиз улкан салоҳиятини рўёбга чиқаришдан манфаатдор эканидан далолатдир.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва ИҲТ ўртасида узоқ муддатли истиқболда самарали муносабатларни йўлга қўйиш учун мустаҳкам замин яратилиб, ҳамкорликда ишлаш бўйича катта тажриба тўпланди. Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимиз ҳар томонлама шериклик муносабатларини қарор топтиришга ўз ҳиссасини қўшиш баробарида ИҲТга аъзо давлатлар билан ҳам муносабатларни муваффақиятли ривожлантирмоқда.

Форум доирасида аралаш форматда икки томонлама учрашувлар ташкил этилди. Уларда ёқилғи-энергетика комплекси, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва тўқимачилик саноати, савдо ва бошқа соҳаларда ишбилармонлик алоқаларини кенгайтириш бўйича кейинги амалий қадамлар белгилаб олинди.

Бизнес-форум якунида иштирокчилар бундай тадбирларни ўтказиш амалиётини давом эттириш таклифини билдиришди ва ИҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги конструктив ҳамкорлик узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган кўп томонлама шерикликнинг янги йўналишларини белгилаб, муваффақиятли ривожланиб боришига ишонч билдирдилар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер