Таълим соҳаси трансформацияси Янги Ўзбекистон учун муҳим инвестиция
Кейинги йилларда Ўзбекистонда таълим ва фан учун ажратилган маблағлар 6 баробар — 378 триллион сўмгача кўпайган. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан олиб борилаётган ислоҳотларнинг устувор мақсадлари барча бўғинда ўқув жараёнининг сифатини яхшилаш, замонавий мутахассисларни тайёрлаш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ўқитувчиларнинг меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилашдан иборат. Бугунги кунда улар яхши натижалар бермоқда ва дунё жамоатчилигининг диққатини тортиб, катта қизиқиш уйғотмоқда.
Айни кунларда Самарқанд шаҳрида йирик халқаро тадбир — ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси бўлиб ўтмоқда. Анжуман кейинги 40 йил ичида илк бор Париждан ташқарида ўтказилмоқда. Унда 190 та аъзо давлат ва халқаро ташкилотлардан 2 800 дан зиёд вакиллар қатнашяпти.
Ўзбекистоннинг тадбирни қабул қилувчи мамлакат сифатида танланиши бежиз эмас. Бу Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган изчил ва фаол ташқи сиёсат натижасидир.
Халқ эҳтиёжига тўлиқ мос келадиган таълим тизимини шакллантириш — “Ўзбекистон — 2030” стратегиясининг асосий мақсадларидан бири. Мамлакат тараққиётининг фундаментал дастури Ўзбекистонни кейинги ўн йиллик бошида даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторига киритишдан иборат бўлиб, бунга барқарор иқтисодий ўсиш, ҳар бир инсоннинг ўз салоҳиятини намоён этиши учун шароит яратиш орқали эришиш мақсад қилинган.
Сўнгги йилларда мамлакатда юзлаб янги болалар боғчалари, мактаблар, техникум ва олий таълим муассасалари қурилди. Таълим ташкилотлари ва илмий муассасаларни замонавий талабларга мос равишда жиҳозлаш бўйича дастурлар амалга оширилмоқда, педагогларнинг меҳнати муносиб баҳоланмоқда.
Педагог касбининг юқори мақоми
ХХ аср охири — ХХI аср бошидаги иқтисодий шароитлар ва маънавий-ахлоқий инқироз, педагог кадрлар тайёрлашдаги муаммолар бу касбнинг нуфузини анча тушириб юборди.
Ўзбекистон таълим тизимини, жумладан, аграр соҳада трансформация қилиш 2017 йилдан бошланди. Аввало, педагог касби мақомини кўтариш, ўқитувчиларнинг қадр-қиммати, қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси дастлабки чора-тадбирлардан бири бўлди.
Шу мақсадда ўқув юртлари ходимларининг тариф ставкалари бир неча марта оширилди, республика ва халқаро олимпиадалар ғолибларини тайёрлаган ўқитувчилар учун мукофотлар жорий этилди, уй-жой ва автотранспорт, замонавий компьютер ускуналари сотиб олиш учун имтиёзли кредитлар ажратилди, педагогларни рағбатлантиришнинг бошқа чоралари амалга киритилди.
Ўзбекистон Конституциясида устозларнинг алоҳида мақоми белгилаб қўйилди. 52-моддага асосан, Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади.
Шунингдек, 2024 йил февралда кучга кирган “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги Қонунда ҳам педагогнинг мақоми тан олинади. Уларнинг ўз касбий фаолиятини юритиши учун ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилади, ижтимоий ҳимояси таъминланади ва ҳуқуқлари амалга оширилиши учун кафолатлар берилади.
Педагоглар учун маошига ўндан ортиқ турдаги устамалар киритилган. Ўн минглаб ўқитувчилар чет тиллари ва мактабда ўтиладиган ўқув фанлари бўйича миллий ва халқаро сертификатлар учун сезиларли қўшимча тўловлар олади. Ҳар йили соҳанинг юздан ортиқ ходимлари юксак давлат мукофотлари ва унвонларига муносиб кўрилади.
Сўнгги тўққиз йилда педагогларни қўллаб-қувватлаш учун давлат томонидан кўрилган кенг кўламли чора-тадбирлар ушбу касбни энг обрўли ва талабгир касбга айлантирди. Бу соҳага ёш, иқтидорли мутахассислар жалб этилди. Улар ўз ишига ва юқори миссиясига мувофиқ ҳолда рағбатлантириб келинмоқда.
Ислоҳотларга комплекс ёндашув
Ўзбекистонда таълим тизимининг ислоҳотлари комплекс характерга эга. 2017 йилдан 2025 йилгача мамлакатдаги мактабгача таълим ташкилотларининг сони 5 200 тадан 38 мингтагача ортди. Уларда 2,5 миллион нафар бола тарбияланади, қамров даражаси 78 фоизга етди. Ушбу кўрсаткичларга эришиш учун катта йўл босиб ўтилди.
2017 йил кузида Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди. Давлат-хусусий шерикликнинг самарали механизмлари жорий қилинди. Ҳудудларда оилавий ва хусусий боғчалар очмоқчи бўлганлар учун имтиёзлар берилди. Бепул мактабгача таълим бўйича муқобил шакллар йўлга қўйилди. Улар орасида “Ақлвой” деб аталувчи мобиль болалар боғчалари учун махсус жиҳозланиб ташкил этилган микроавтобуслар ҳам пайдо бўлди. Уларда малакали тарбиячилар ишлайди. Жойларда яна ўнлаб ўйин майдончалари ташкил этилдики, улар ҳам мобиль боғчалар каби фаолият юритади. Ушбу лойиҳа барча кичкинтойлар учун таълим олиш имкониятини берди, узоқ ва аҳолиси кам бўлган қишлоқларда яшайдиган оилаларни қўллаб-қувватлашга хизмат қиляпти.
Боғчаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли тадбирлар амалга оширилди. Ўқитиш дастурлари ҳам илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда ўзгартирилди. Тарбиячилар ва бошқа боғча ходимларини тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш учун янги олий ўқув юртлари ва факультетлар очилди. Мактабгача таълим ташкилотларининг раҳбарлари ва ходимларининг ойлик маоши ўртача икки баробар оширилди.
Диққат марказида — мактаб
Ўзбекистонда болаларни ўқитиш ва ҳаётга тайёрлашнинг энг муҳим босқичи — мактаб таълимини ривожлантириш устувор йўналиш ҳисобланади. Кейинги йилларда 500 га яқин янги мактаблар қурилди. Фаолият кўрсатаётганларини кенгайтириш ҳисобига миллионта ўқувчи ўрни ташкил этилди. Мамлакатда янги моделдаги ўқув масканлари — Президент мактаблари, ихтисослаштирилган ва ижод мактаблари тизими яратилди. Иқтидорли болалар учун 201 та ихтисослаштирилган мактаб очилди.
Иқтисодиётнинг жорий ва келгуси эҳтиёжларидан келиб чиқиб, таълим тизимида техник ва муҳандислик йўналишларини ривожлантириш вазифаси қўйилди. Шу асосда мамлакатнинг 14 та маъмурий ҳудудида муҳандислик мактаблари ташкил этилмоқда. Уларга ўқувчилар танлов асосида қабул қилинади, ўқитиш эса давлат ҳисобидан. Бу мактабларда “STEM” (Science, Technology, Engineering, Mathematics) модели асосида муҳандислик таълими бўйича илғор дастур жорий этилмоқда.
Кейинги йилларда мамлакат мактабларининг қиёфаси тубдан ўзгарди. Ободонлаштирилган ва қулайликлар яратилган мактаблар замонавий техника билан жиҳозланган. Уларда ижод ва спорт билан шуғулланиш, хорижий тилларни ва рақамли технологияларни ўрганиш, турли касбларнинг асосларини эгаллаш учун шароитлар мавжуд. Замонавий дарсликлар, илғор педагогик технологиялар асосида мактаб таълими янада сифатли мазмун билан тўлдирилмоқда.
Ҳар кимга — мутахассислик бўйича
Сўнгги ойларда Ўзбекистонда ёш мутахассисларни тайёрлаш бўйича ўрта касбий таълим деб номланувчи муҳим босқичга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўрта махсус маълумотли мутахассислар давлатнинг ўсиб бораётган иқтисодиёти учун муҳим захирадир.
Мактаб ўқувчиларини қобилиятига кўра ишчи касбларга ёки олий таълимга йўналтириш учун Ўзбекистонда тўққизинчи ва ўн биринчи синф битирувчилари учун ягона давлат имтиҳони жорий қилиш режалаштирилмоқда. Бу эса ўрта махсус таълим муассасаларига ҳар йили 400 минг нафарга яқин 9-синф битирувчиларини қамраб олиш имконини беради.
Янги таълим муҳитини ва халқаро стандартларни жорий қилиш учун Ўзбекистондаги 600 га яқин техникумларда Касбий таълим агентлиги ташкил этилди. Ўрта махсус таълим тизимида дуал таълим йўлга қўйилади ва бунда аниқ инвестициявий лойиҳалар рўёбга чиқарилади. Дуал таълимга қамров 5 мартага ортади. Ҳамкор корхоналар учун эса имтиёзли кредитлар ва солиқ бўйича енгилликлар бериш кўзда тутилган.
Бундай ўзгаришларнинг мақсади шундан иборатки, ҳар бир ёш йигит-қиз талабгир касбни эгалласин ва барқарор даромад манбаига эга бўлсин.
Имкониятлар тенглиги ва натижага йўналтирилганлик
Кейинги йилларда Ўзбекистонда олий таълимни ривожлантириш йўналишида жуда катта сакраш кузатилмоқда. 2017 йилдан бошлаб ҳозирги пайтгача мамлакатдаги олий таълим ташкилотларининг сони 77 тадан 202 тагача кўпайди, талабалар сони эса 250 мингдан 1,5 миллион нафаргача ортди. Ёшларда университетлар ва ихтисосликларни танлаш бўйича имкониятлар сезиларли равишда кенгайди.
Бундан саккиз йил аввал давлат олий ўқув юртларига кириш бўйича тестларни абитуриентлар бир кунда топширишар ва фақат битта олийгоҳда танланган факультетга киришлари мумкин эди. Талабалар сафига қўшила олмаган ёшлар эса кейинги йилни кутишга мажбур бўларди. Энди эса абитуриент турли вилоятлардаги бештагача бўлган давлат олий таълим муассасалари ва таълим йўналишини танлай олади. Ҳужжатлар онлайн тарзда топширилади. Тестлар махсус жиҳозланган павильонларда ўтказилади. Замонавий технологиялар ёрдамида синовларнинг шаффофлиги ва холислиги таъминланади.
Қатор давлат институтлари ва университетлари молиявий, бошқарув ва академик мустақилликка эга бўлишди. Бюджет квоталари сони кўпайтирилди. Қабул режалари ўзгарувчан бўлиб, минтақалар ва иқтисодиётнинг талаблари ҳисобга олинган ҳолда шакллантирилмоқда. Бу эса таълим тизимини мамлакат иқтисодиётининг стратегик вазифаларини ҳал этишга аниқроқ йўналтиради. Шунингдек, энг талабгир соҳалар учун мутахассисларни тайёрлашга хизмат қилади.
Олий таълим соҳасидаги давлат сиёсатининг муҳим жиҳати — барча тоифадаги фуқаролар учун имкониятлар тенглигидир. Етим болалар, ота-она қарамоғисиз қолган болалар, ногиронлиги бўлган шахслар учун кафолатланган квоталар кўзда тутилган. Ҳимоясиз қолган оилаларнинг аъзоси бўлган қизларга қўшимча бюджет ўринлари ажратилмоқда.
Олий таълим ташкилотларида ўқиш жараёни тубдан ўзгармоқда. Университетлар қошида инновацион марказлар, технопарклар, илмий лабораториялар, бизнес-инкубаторлар, стартап акселераторлари, “spin-off” компаниялар очилмоқда. Таълимнинг дуал шакли назарий билимларни реал корхона ва ташкилотларда амалда қўллашга қаратилган бўлиб, бугунги кунда у фаол ривожланмоқда.
Муҳандислик таълимидаги ислоҳотлар ҳам муҳим қадам бўлди. Техник университетларда илғор олий муҳандислик мактаблари ташкил этилмоқда. Улар саноат, фан ва технологиялар соҳасида талаб қилинаётган юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга қаратилган. Яқин йилларда шундай мактабларнинг сонини камида 25 тага етказиш кўзда тутилмоқда.
Уларнинг асосий хусусияти — саноат билан узвий боғлиқлик. Ҳар бир мактабнинг ўз индустриал ҳамкори бор. Компаниялар ўқув дастурларини ишлаб чиқишда қатнашади, стажировкалар ўтказади, лабораториялар ташкил этади. Ўзбекистоннинг муҳандислик элитасини тайёрлаш ўчоғи бўлган ана шундай мактаблар корхоналарни юқори малакали мутахассислар билан таъминлайди, улар эса мамлакатнинг индустриал ва технологик тараққиётини янги босқичга олиб чиқиш учун шароит яратади.
Бутун дунёдан энг яхшилари
Ўзбекистон олий таълим ташкилотларининг хорижий илмий ва таълим муассасалари билан халқаро ҳамкорлиги янада юқори босқичга чиқди. Мамлакатдаги деярли барча университетларда хорижий шериклар билан қўшма ўқув дастурлари мавжуд. Талабалар ва ўқитувчилар алмашиш йўлга қўйилган, икки дипломлилик дастурлари, академик мобиллик ва қўшма илмий тадқиқотлар ривожланмоқда. 1,5 мингдан ортиқ ўзбекистонлик талабалар жаҳоннинг етакчи университетларида таҳсил олмоқда.
Таълим соҳасида кенг кўламли ва узоқ муддатли ҳамкорлик — Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги шерикликнинг муҳим йўналиши. У йилдан-йилга ривожланиб бормоқда. 2025 йилнинг июль ойи маълумотларига кўра, Россия олий ўқув юртларида бакалавриат, магистратура ва специалитет дастурлари бўйича деярли 50 минг нафар Ўзбекистон фуқаролари таҳсил олмоқда. Россия Федерацияси ҳукумати ўзбекистонлик абитуриентларга Россия университетларида бепул ўқиш учун квоталар ажратади. 2024 йилдан бошлаб квота-ўринлар сони 810 тагача кўпайтирилди. Бунда энг оммабоп йўналишлар тиббиёт, иқтисодиёт, юриспруденция, муҳандислик, IT ва гуманитар фанлардир.
Ўзбекистонда Россиянинг 14 та олий таълим муассасасининг филиали муваффақиятли фаолият олиб бормоқда. Улар қаторида М. В. Ломоносов номидаги Москва давлат университети, Г. В. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети, Федерал давлат автоном олий таълим муассасаси “Миллий технологик тадқиқотлар университети “МИСиС”, МГИМО, “ММФИ”, А. И. Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети, Санкт-Петербург давлат университети ва бошқалар бор.
Аграр соҳада таълим сифатини яхшилаш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш ҳамда янги технологияларни жорий қилиш бўйича ҳамкорлик ишлари давом эттирилмоқда.
Россия — Ўзбекистон таълим форуми 2018 йилдан бошлаб Россияда ва Ўзбекистонда навбат билан ўтказиб келинади, у муҳим қўшма таълимий форум ҳисобланади. Ушбу тадбирда анъанавий тарзда ҳар икки давлатнинг ўнлаб таълим ташкилотлари, соҳага тегишли идораларнинг раҳбарлари, кенг экспертлар доираси иштирок этишади. Форум қўшма таълим дастурларини яратиш тўғрисидаги шартномалар тузиладиган, илмий тадқиқотлар ўтказиладиган, ўқитувчи ва талабалар алмашинуви ташкил қилинадиган платформа сифатида фаолият юритади. Унда кадрлар тайёрлаш, таълим жараёнида энг янги технологиялардан фойдаланиш, ўқув жараёнига рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни жорий этиш бўйича масалалар, Россия олий таълим ташкилотларининг Ўзбекистонда ривожлантирилиши, ўрта касбий таълимни кенгайтириш, илғор муҳандислик мактабларини очиш тажрибаси кенг муҳокама қилинади.
Аграр фанлар устувор
Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги аграр таълим ва фан соҳасига тегишли муносабатлар изчил мустаҳкамланиб бормоқда. Ҳар икки мамлакатнинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги олий таълим ташкилотлари қўшма таълимий дастурлар, ўқитувчилар ва ёш олимларнинг стажировкалари, илмий лойиҳалар, конференциялар ташкил қилиш каби йўналишлар бўйича фаол иш олиб боришади.
Бу жараёнда Тошкент давлат аграр университетининг фаол ролини қайд этиш жоиз. У Россиянинг қатор олий таълим ташкилотлари билан, масалан, Россия давлат аграр университети — К. А. Тимирязев номидаги Москва қишлоқ хўжалиги академияси, Кубань давлат аграр университети, Бошқирд давлат аграр университети, Қозон давлат аграр университети ва бошқалар билан ҳамкорлик қилади. Уларнинг биргаликдаги фаолиятини Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги фан ҳамда таълимда ҳамкорликнинг ёрқин намунаси, халқларимизни яқинлаштирувчи ўзига хос дўстлик кўприги, дейиш мумкин.
Тимирязев академиясининг жамоаси учун Тошкент давлат аграр университети илм ва амалиёт бирлиги тамойилларига содиқ ишончли ҳамкор бўлган ва шундай бўлиб қолади. Бизнинг ҳамкорлигимиз аграр таълим ва фан ривожида катта истиқболларни очади, юқори малакали янги авлод мутахассисларини тайёрлаш учун мустаҳкам замин тайёрлайди.
Ўзбекистонда таълим соҳасининг ривожланиш тенденцияларини белгилар эканмиз, шундай хулоса қилиш мумкинки, замонавий, мустақил тафаккурга эга бўлган, дунё саҳнасида рақобатбардош мутахассисларни тайёрлаш мамлакатда умуммиллий ҳаракатга айланган. Бу эса келажакка муҳим инвестиция. Шундай инвестицияки, у иқтисодий ривожланган, кучли, барқарор ва гуллаб-яшнаётган Янги Ўзбекистоннинг тараққиётига хизмат қилади.
Владимир ТРУХАЧЕВ,
Россия давлат аграр университети —
К. А. Тимирязев номидаги Москва қишлоқ
хўжалиги академияси ректори,
Россия Фанлар академияси академиги.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг