Тошкентда “Green Art” халқаро ландшафт санъати экофестивали – Фоторепортаж

18:32 27 Апрель 2023 Жамият
1291 0

Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”

   2023 йилнинг 27-29 апрель кунлари Тошкент шаҳрида “Green Art” халқаро ландшафт санъати экофестивали бўлиб ўтмоқда.

   Тадбирдан кўзланган асосий мақсад мамлакатимиздаги экология ва кўкаламзорлаштириш боғлиқ долзарб масалаларга кенг жамоатчилик эътиборини жалб этишга қаратилган. Шунингдек, фестиваль доирасида халқаро илмий анжуман, ёшлар форуми ҳамда маҳаллий иқлим шароитига мос ландшафт архитектураси бўйича амалий кўргазма ташкил этиш ҳам режалаштирилган.

   -Табиат ресурслари вазирлиги кўмагида ўтказилаётган мазкур тадбир орқали, энг аввало, корхона-ташкилотлар ходимларининг касбий, экологик саводхонлиги ҳамда малакасини ошириш, боғдорчилик ва кўкаламзорлаштириш ишларини замонавий мезонлара асосида ривожлантириш кўзда тутилмоқда,-дейди Ландшафт санъати уюшмаси раҳбари Татьяна Югай.

– Шунингдек, ўзаро тажриба алмашиш жараёнида ихтисослаштирилган олий ўқув юртлари талабалари орасидан малакали ва  ташаббускор ёш мутахассисларни танлаб олишни мақсад қилганмиз. Бунинг самараси сифатида талабалар лойиҳалаш, кўкаламзорлаштириш ва кўчатларни парвариш қилишдан тортиб, бошқа мамлакатларнинг ихтисослаштирилган университетлари билан ҳамкорликни йўлга қўйишгача бўлган барча жараёнга фаол жалб этилади.

   Мамлакатимиз ҳамда Марказий Осиё давлатларини манзарали кўчатлар билан таъминлаш учун янги кўчатзорлар барпо этиш ва мавжудларини реконструкция қилиш борасида кенг кўламли ҳамкорлик йўлга қўйилади.

   Таъкидлаш жоизки, экофестивал доирасида маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларини намойиш этиши ҳамда ўзаро тажриба алмашиши учун барча шароитлар яратиб берилди. Шунингдек, тадбир давомида Ўзбекистон ва Қозоғистондаги ихтисослаштирилган олий ўқув юртлари талабалари, ёш мутахассислар таълим дастурида иштирок этиб, ўз лойиҳалари тақдимотини ўтказишади.

   Танлов якунида энг яхши лойиҳалар танлаб олинади ва амалга оширилади.

Ботир МАДИЁРОВ “Халқ сўзи”

Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?