Ўзбекистонда АҚШнинг Колорадо кончилик мактаби билан биргаликда Компетенциялар маркази ташкил этилади
Фото: Президент матбуот хизмати
Президент Шавкат Мирзиёев геология соҳасига илғор халқаро тажриба ва компетенцияларни жорий этиш юзасидан тақдимот билан танишди.
Йиғилишда мамлакатимиз геология тизимини замонавий илмий ва технологик асосда ривожлантириш, қазилма бойликлар бўйича ресурс базасини кенгайтириш ҳамда минерал хомашёни чуқур қайта ишлашни таъминлаш долзарб вазифа экани таъкидланди.
Дунё тажрибаси геология-қидирув ишларини ўтказиш мураккаб бўлган ҳудудларда ҳам сунъий интеллект ёрдамида янги конларни аниқлаш мумкинлигини кўрсатаяпти. Бу борада регионал тадқиқотларни кенгайтириш ва замонавий геофизик усуллардан фойдаланиш қўл келади.
Шу мақсадда мутасаддилар халқаро ҳамкорлар, шу жумладан кон-геология соҳасида дунёда илғор бўлган АҚШнинг Колорадо кончилик мактаби билан биргаликда илмий-тадқиқот ва амалий ишланмаларни бирлаштирувчи замонавий Компетенциялар марказини ташкил этиш лойиҳаси тўғрисида ахборот берди.
Марказнинг асосий вазифалари қидирув ишларига рақамли ечимлар, сунъий интеллект ва аэро-геофизик технологияларни жорий этишдан иборат бўлади. Илғор хорижий тажрибага асосланиб, маълумотларни рақамли шаклда таҳлил қилиш, геокимёвий ва космогеологик тадқиқотлар натижаларини интеграциялаш ҳамда истиқболли конларни аниқлашни тезлаштиришга хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбари таклифларни маъқуллаб, тармоқда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва замонавий технологияларни кенг жорий этиш орқали истиқболли майдонларни аниқлаш ва ўзлаштиришни ташкил этиш юзасидан қатор топшириқлар берди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- “Доҳа — Қатарнинг юраги, тунги ритмда уриб турган шаҳар”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг