Тошкент вилоятида 12,3 кг гиёҳвандлик воситалари фош этилди

16:10 25 Ноябрь 2025 Жамият
211 0

Фото: ДХХ

Республика миқёсида ўтказилаётган «Хавфсиз ва соғлом юрт» тезкор-профилактик тадбирлари доирасида Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар органлари ҳамкорлигида Тошкент вилоятида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди, деб хабар бермоқда ДХХ хабар берди.

Маълум қилинишича, зангиоталик 1978 йилда туғилган фуқаро А.А.нинг яшаш хонадонидан 5 килограмм ҳамда Қибрай туманида истиқомат қилувчи, 1974 йилда туғилган Д.А.нинг уйидан эса 2 килограмм 326 грамм «Марихуана» гиёҳвандлик воситаси олинган.

Аниқланишича, ҳар икки қонунбузар ҳам наркотик моддани яшаш хонадонларида етиштириб, келгусида сотиш мақсадида сақлаб келишган.

Ҳозирда уларга нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган.

Бошқа ҳолатда эса Россиядан олиб келинаётган гиёҳвандлик воситаси ДХХ ҳамда Божхона қўмитаси ходимлари саъй-ҳаракати билан тўхтатиб қолинган.

Жумладан, Тошкент туманидаги «Навоий» чегара божхона постига Қозоғистондан кириб келган – Тошкент шаҳрида яшовчи, 1989 йилда туғилган А.А. ҳамда Фарғона вилоятининг Боғдод туманида яшовчи, 1994 йилда туғилган М.А.га тегишли 2 дона редуктор текширилганда, унинг ичида 4 килограмм 965 грамм «Клефедрон» синтетик наркотик моддаси борлиги аниқланган.

Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, Тошкент шаҳрида ушбу ажал оғусини қабул қилиб олган, уларнинг яна 3 нафар шериклари Э.Б., И.И. ва О.Ж. ҳам қўлга олинган.

Маълум бўлишича, наркотик модда турли мессенжерлар орқали гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланувчи Россия Федерацияси фуқароси томонидан юборилган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 246-моддаси 2-қисми ва 25,273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?