Тошкент вилоятида 10 дан ортиқ жиноят содир қилган шахс 8,5 йилга қамалди

Фото: ИИББ
Тошкент вилоятида йирик миқдордаги фирибгарлик, ўғрилик, ёлғон гувоҳлик бериш, порада воситачилик, туҳмат ва бошқа 10 дан ортиқ жиноятларни содир қилган шахсга суд ҳукми ўқилди, деб хабар бермоқда вилоят ИИББ ахборот хизмати.
Зангиота тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан ўтказилган тергов ва суд ҳужжатларига кўра, судланувчи — 40 ёшли Р.Э. 2021-2024 йиллар оралиғида 13 та ҳолатда фуқароларнинг ишончига кириб, уларга турли ваъдалар бериб, йирик миқдорда маблағларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.
Хусусан, у автотранспорт воситаларини арзон нархда олиб бериш, ер майдонлари ва кўчмас мулкларни сотиб олиш, юқори даромадли ишга жойлаштириш каби баҳоналар билан бир неча фуқароларнинг пулларини ўзлаштирган.
Жумладан:
• 2021 йил 10 август куни арзон нархда автомобиль олиб беришни ваъда қилиб, танишидан 5,8 минг АҚШ доллари олган ва ўз эҳтиёжлари учун ишлатган.
• 2022 йил 15 октябрда арзон нархда автомобиль олиб беришни ваъда қилиб, орадан вақт ўтгач машина эмас ер участкаси олиб беришини айтиб, фуқародан 2,1 минг АҚШ долларини олган.
• 2023 йил 1 октябрда ер участкасининг кадастр ҳужжатларини мансабдор танишлари орқали расмийлаштириб беришга кўндириб, пора беришга далолат қилиб, жабрланувчидан 10 минг АҚШ доллари олган, бироқ ваъдасини бажармаган.
• 2022 йил июнь ойида бошқа бир жабрланувчини 2 минг АҚШ доллари билан «Амирсой» дам олиш масканидаги 10 миллион сўм маошлик ишга киргизиш ва Зангиота туманидаги бир нечта ер майдонини номига ўтказиб беришга ишонтириб, 28,7 минг АҚШ доллари миқдорида пул маблағларини ўзлаштирган.
• 2023 йил июль ойида яна бир фуқаронинг ишончига кириб, 38,5 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулларни ер олиб бериш баҳонасида олиб, қайтариб бермаган.
• 2023 йил 5 октябрда яна бир жабрланувчига ўзининг паспорт нусхасига тилхат ёзиб ер олиб беришга ишонтирган ва 10 минг АҚШ доллари пул маблағларини қўлга киритган.
• 2024 йил 25 январда жабрланувчи аёлга Бўстонлиқ туманида дала ҳовлини ижарага олиб беришини ва бу катта фойда келтиришини ваъда қилиб, 10 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулни қўлга киритиб, ваъдасини бажармаган.
• 2024 йил 22 февралда яқин танишини 20 дона «Spark» автомобилини электрон аукцион орқали арзон нархда сотиб олишга ишонтириб, 61,7 минг АҚШ долларини қўлга киритиб, пулларни ўз эҳтиёжларига сарфлаган.
• 2024 йил март ойида эса танишидан қарзга 12,8 минг АҚШ доллари олиб, ундан 3,5 минг АҚШ долларини қайтариб, қолган қисмини бермаслик учун унга туҳмат қилган.
• 2024 йил баҳорида маҳалладошини дўкон сотиш баҳонасида 65 минг АҚШ долларига чув тушириб, пулни қайтармаслик эвазига ўғирланган ўқ-дориларни жабрланувчининг ҳовлисига яшириб, ҳуқуқ-тартибот органларига хабар берган. Тезкор тадбирда ушбу ўқ-дориларни ашёвий далил сифатида расмийлаштирилиб, унинг ўзига нисбатан иш қўзғатилган.
Бундан ташқари, судланувчи ер майдонлари ва кўчмас мулкларни расмийлаштириш учун пора беришда воситачилик қилган. У турли ҳужжатларни сохталаштириш, ёлғон гувоҳлик бериш ва туҳмат қилиш орқали ноқонуний даромад орттиришга ҳаракат қилган.
Шу каби усуллар билан у бошқа фуқароларни ҳам чув тушириб, жами 2,8 миллиард сўмлик зарар етказган.
Суд ҳукмига кўра, судланувчи 1984 йилда туғилган (Э.Р.Й.) Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 168-моддаси 4-қисмининг «а» банди, 28, 211-моддаси 2-қисмининг «б» банди, 237-моддаси 2-қисмининг «а,г» бандлари, 139-моддаси 3-қисмининг «а,г» бандлари, 238-моддаси 3-қисмининг «б» банди, 247-моддасининг 1-қисми, 248-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. Унга нисбатан тайинланган ҳар хил турдаги жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 8 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Шунингдек, жабрланувчиларга етказилган моддий зарар қоплаш учун судланувчидан 2,8 миллиард сўм ундирилиши белгиланган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг