Тўқимачилик ускуналари ва технологиялари намойиши

21:30 06 Октябр 2021 Иқтисодиёт
642 0

Фото: Сирожиддин Вохидов / "Халқ сўзи"

Пойтахтимизда “Тўқимачилик ускуналари ва технологиялари” ўн учинчи Марказий Осиё халқаро кўргазмаси очилди.

“Анҳор-Локомотив” истироҳат боғида давом этаётган мазкур тадбир “Iteca Exhibitions”, “ICA Eurasia” халқаро кўргазма компаниялари томонидан ва Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ҳамда Савдо-саноат палатаси кўмагида ташкил қилинди.

Кўргазманинг очилиш маросимида сўз олган “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси раиси Илҳом Ҳайдаров, Туркиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар, Испаниянинг саноат ишлаб чиқарувчилари уюшмаси директори Алехандро Галлего ва бошқалар ушбу тадбир тўқимачилик, трикотаж, тикувчилик ишлаб чиқариш учун асбоб-ускуналарнинг замонавий технологик ишланмалари ҳамда намуналари билан яқиндан таништиришда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

Мазкур кўргазмада Австрия, Германия, Ҳиндистон, Испания, Италия, Қозоғистон, АҚШ каби дунёнинг 12 мамлакатидан юзлаб компаниялар ўз маҳсулотларини намойиш этяпти.

Жумладан, туркиялик ишбилармонлар ўзларининг замонавий трикотаж ва қуритиш машиналари, пардозлаш, бўяш, бракка чиқариш ва лаборатория ускуналари, матоларни узлуксиз ювиш учун дастгоҳлар, тўқимачилик қозонлари ҳамда назорат-ўлчов техникаси, компрессорлар, гидравлик қурилмалар ва бошқа кўплаб маҳсулотларни тақдим қилаётир.

Кўргазмада Испания компаниялари илк бор қатнашяпти. Испаниянинг саноат ишлаб чиқарувчилари уюшмаси — AMEC бошчилигидаги вакилларнинг хом ип ва халқасимон калавағалтаклари, босма ҳамда чийратиш машиналари, дастгоҳ ва пардозлаш ускуналари кўпчиликда алоҳида қизиқиш уйғотмоқда.

Уюшма директори Алехандро Галлегонинг фикрича, кўргазма Ўзбекистон ва Испания мамлакатларининг тўқимачилик ускуналари ва технологиялари соҳаси ишбилармонлари ўртасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлайди.

Кўргазма павильонидан ўрин олган барча хорижий ва маҳаллий тўқимачилик маҳсулотлари ўзаро савдо масалаларини ҳал этиш, янада ривожлантириш, тажриба алмашишга катта туртки бўлиб хизмат қилади.

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?