Тўпаланг “энергетика занжири” — гидроэнергетиканинг ёрқин намунаси
Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Мамлакатимизнинг гидроэнергетик салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш мақсадида “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти томонидан сўнгги йилларда кўплаб йирик ва кичик ГЭСлар қурилиб, мавжудлари модернизация қилинмоқда. Бу жараёнда Тўпаланг дарёсида ҳам “энергетика занжири” шакллантирилмоқда.
Асосий манба — “Тўпаланг” сув омбори 500 миллион куб метр сиғимга эга бўлиб, Денов, Қумқўрғон ва Шўрчи туманларидаги экин майдонларини суғориш билан бирга, қуйи қисмида жойлашган ГЭСлар орқали электр энергияси ҳам етказиб беради.
2023 йил 17 ноябрда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташрифи чоғида қурилишига старт берилган Зарчоб-3 кичик ГЭС қисқа муддатда — 1,5 йилда барпо этилди. Бугунги кунда у синов-тест режимида ишлаб турибди. 16 МВт қувватга эга ушбу иншоот йилига ўртача 70 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Бу эса қарийб 93 минг аҳолини ёки 23 200 та хонадонни электр энергияси билан таъминлаш имконини беради.

Яқинда “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти ахборот хизмати ташаббуси билан мазкур иншоотларга маҳаллий ва хорижий журналистлар учун икки кунлик пресс-тур ташкил этилди.
Тадбир иштирокчилари “Ўзбекгидроэнерго” АЖнинг Тўпаланг ГЭСлар каскади филиали фаолияти, “Тўпаланг” сув омбори ва унинг қуйисида жойлашган гидроиншоотлар билан танишди. Журналистлар тўғонга чиқиб, сув омборининг ҳажми ва муҳим функцияларини кўздан кечирди. Шунингдек, сув омбор қошида 2006 йил ишга туширилган илк гидротехник иншоот — “Тўпаланг” ГЭС ҳам диққат марказида бўлди.
Журналистлар билан суҳбатда Тўпаланг ГЭСлар каскади филиали директори Асрор Улуғов шундай деди:
— Бугунги кунда Тўпаланг дарёсидан занжирли тарзда қурилган ГЭСлар орқали 5-6 марта электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти яратилди. Бу нафақат иқтисодий самарадорлик, балки экологик жиҳатдан ҳам устун ёндашув саналади. Ҳар бир кичик ва ўрта ГЭС лойиҳаси ортида маҳаллий мутахассисларнинг меҳнати, муҳандислик ечимлари ва миллий имкониятлар турибди. “Зарчоб-3” ГЭС қурилишида эса жамиятимиз салоҳияти тўлиқ ишга солинди.

Унинг таъкидлашича, бу каби лойиҳалар нафақат электр энергияси ишлаб чиқариш, балки ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожига хизмат қилади. Яъни иш ўринлари яратилади, аҳоли турмуш даражаси ошади ва ишлаб чиқариш корхоналарига узлуксиз энергия етказиб берилади.
Пресс-тур давомида журналистлар “Зарчоб-1”, “Зарчоб-2” ГЭСлари ҳамда Сурхондарёдаги “Мега лойиҳа” — ичимлик сув таъминоти дастурлари билан ҳам танишди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг