Тонгни спорт майдонида қарши олаётганлар

16:05 23 Май 2022 Жамият
503 0

Фото: Халқ сўзи

Илмий-амалий тадқиқотлардан маълумки, кундалик ҳаётда жисмоний машғулот билан шуғулланишни одатга айлантириш инсон организмига ижобий таъсир кўрсатади. Модда алмашинуви яхшиланади, организм тўқималари озиқ моддаларини меъёрда ўзлаштиради. Тинимсиз ҳаракат юракни чиниқтириб, чидамли бўлишга ёрдам беради. Ҳар куни 25-30 дақиқа югуриш, турли машқларни бажариш юрак-қон томир функциясининг фаоллашишига, нафас олишнинг яхшиланишига, суяклар мустаҳкамланишига, мускуллар янада кучли бўлиб, бўғинларнинг ҳаракатчанлиги ортишига, овқатнинг яхши ҳазм бўлиши ва асаб тизимининг хотиржамлигига сабаб бўлади.

COVID-19 пандемиясининг юзага келиши дунё мамлакатлари қаторида Ўзбекистонда ҳам аҳолининг соғлиғи, жисмонан саломатлиги, соғлом ҳаёт кечириш даражасини яхшилаш чора-тадбирларини янада такомиллаштириш заруратини кўрсатди. Инфекция биринчи галда юрак-қон томир ва нафас олиш йўллари касаллиги мавжуд бўлган, шу билан бир қаторда ортиқча вазнга эга ҳамюртларимиз соғлиғига жиддий хавф солди. Натижада улар орасида ҳаётни бевақт тарк этганлар бўлди. Бу эса республикамизда оммавий спорт ривожи жадаллашувига қайсидир маънода туртки берди. Жумладан, 2020 йилнинг 30 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони эълон қилинди. Жойларда ушбу Фармон ижроси доирасида «Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам» лойиҳаси кенг оммалашди. Бу ҳамюртларимиз доимий ҳаракатнинг инсон саломатлигидаги ўрни нечоғли муҳим эканини чуқур англаб етаётганидан далолатдир.

Андижон вилоятида фуқароларнинг спортга қизиқишини янада оммалаштириш, бунинг учун етарли шароит яратиш мақсадида мавжуд 5298 та спорт иншооти кун давомида 7 соат мобайнида маҳаллалар аҳолиси учун хизмат қила бошлади. Натижада ўтган йилнинг ўзида маҳаллалардаги мавжуд аҳолининг 35,6 фоизи жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиши йўлга қўйилди. Бироқ бу борада ҳали амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар бисёр.

— Давлатимиз раҳбарининг шу йил 11 апрелдаги «Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ вилоятимизда 6 минг 200 дан ошиқ спорт мусобақалари ва оммавий спорт тадбирлари ўтказилиши режалаштирилган, — дейди Андижон вилоят спортни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ўткирбек Тошпўлатов. — Уларга 514 мингдан зиёд аҳолини қамраб олиш кўзда тутилмоқда. Бу каби тадбирларни ташкил этишда, энг аввало, уюшмаган ёшлар ва фойдали ижтимоий-меҳнат билан банд бўлмаган хотин-қизлар қатламини жалб қилишга эътибор қаратмоқдамиз. Сабаби, айни пайтда вилоятдаги мавжуд корхона ва ташкилотларда, ўқув муассасаларида ҳар куни эрталаб бадантарбия машғулотларини ташкил этиш, ҳафтанинг белгиланган кунларида оммавий спорт турлари бўйича мусобақалар ўтказиш анъанага айланган. Уй бекалари, ўқиш ёки иш билан банд бўлмаган ёшлар орасида ҳаракатланиш механизмини шакллантириш келгуси асосий вазифаларимиздан биридир.

Шунингдек, вилоятда 7 ёшдан 30 ёшгача бўлган навқирон авлод вакиллари ўртасида «Беш ташаббус олимпиадаси» тадбирлари ўтказилиши белгиланган бўлиб, манзилларда ушбу тадбир кўтаринки руҳда ташкил этилмоқда. Спорт мусобақалари 5 та босқичдан иборат бўлиб, дастлаб кўчалар миқёсида ташкиллаштирилиб, кейинчалик маҳалла, сектор, туман, шаҳар ва вилоят босқичларида ғолиблар аниқланмоқда. Шу тариқа энг фаол иштирокчилар республика босқичига йўлланмани қўлга киритадилар.

— Ҳудудимиздаги 37 та МФЙда истиқомат қилувчи аҳолини оммавий спортга ва бадантарбия машқларига жалб этиш мақсадида 35 та мактаб спорт заллари, 14 та сунъий қопламали майдонлар, 4 та катта стадион, 6 та тренажёр зали ва 37 та воркаут майдончалари, битта болалар ва ўсмирлар спорт мактабидаги спорт зали ва стадионда етарли шароит яратилди, — дейди Булоқбоши туман спортни ривожлантириш бўлими бошлиғи Козимжон Қовлонов. — Ҳар бир маҳаллага бир нафардан спорт мураббийлари бириктирилди. Улар аҳолини нафақат спорт мусобақаларига тайёрламоқдалар, балки тонгда жисмоний ва бадантарбия машқлари билан шуғулланишларини ҳам ташкил этмоқдалар. Шу кунгача Бахтиёржон Хотамов, Гуландон Жўраева, Абдулҳамид Абдурайимов, Гулмира Нажмиддинова каби мураббийларимиз аҳолининг жисмоний ҳолатидан келиб чиққан ҳолда амалий машғулотлар жадвалини тузиб чиқдилар. Унга мувофиқ кимдир пиёда юриш машқларига жалб этилаётган бўлса, бошқа бирови югуриш амалиётини ўтамоқдалар. Волейбол, баскетбол, футбол, стол тенниси ва велопойга бўйича машғулотлар эса кенг тус олмоқда.

Булоқбоши туманида бўлиб, аҳолини оммавий спортга жалб этиш жараёни билан танишиш давомида ўзига хос тажриба мактаби яратилгани гувоҳи бўлдик. Ҳудудда истиқомат қилувчи аҳолининг 40 ёшдан юқори бўлган қатлами билан алоҳида шуғулланиш тартиби жорий этилган. Эътиборлиси, умри давомида спорт майдонида шуғулланмаган айрим замондошларимиз эндиликда вилоят босқичидаги мусобақаларда ҳам фаол иштирок этмоқдалар. Республика миқёсида юқори кўрсаткичларга эришган Авазбек Абдувалиев, Шуҳратбек Рашидов, Муҳаммаджон Сотволдиев спортдаги ютуқларига маҳаллаларда оммавий спортни ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар сабаб эканини алоҳида таъкидладилар. Туман марказида 5 км масофадан иборат пиёда юриш ва велосипедда ҳаракатланиш йўлаклари барпо этилгани эса маҳаллий ҳокимлик томонидан бу борада амалга оширилаётган хайрли ишлар ифодасидир.

Дарҳақиқат, Андижон вилоятида оммавий спортни ривожлантириш мақсадида қилинаётган ишлар юртдошларимиз турмуш тарзига, саломатлик кўрсаткичларига ва ҳатто дунёқарашига сезиларли таъсир кўрсата бошлади. Буни деярли ҳар тонгни Қўрғонтепа туманидаги «Савой» ўйингоҳида қарши оладиган Шарофат Каримованинг сўзлари ҳам тасдиқлайди.

— Узоқ йиллар давомида мактабда ўқитувчилик қилганман, — дейди Шарофат опа. — Нафақага чиққанимдан буён ҳар куни тонгни шу ўйингоҳда қарши оламан. Сабаби, ҳаракатсизликдан бетоб бўлиб қолишни хоҳламайман. Атрофимда бир пайтлар турли касалликдан азият чекиб, бугунги кунда фаол ҳаёт тарзини кашф этган ўнлаб сафдошларим бор. Биргаликда юрамиз, югурамиз, бадантарбия машқларини бажарамиз, рақсга тушиб, қўшиқ айтамиз. Бу орада намоз ўқишни ҳам унутмаймиз. Чунки, яхши биламизки, тонгни соғлом руҳ ва тетиклик билан қарши олган киши кун давомида ақлий ва жисмоний фаол бўлади. Бу борада ҳукуматимиз томонидан барча шароитлар яратилган экан, ундан унумли фойдаланишимиз керак. Ахир буларнинг бари биз учун, бизнинг соғлом ҳаёт кечиришимиз учундир!

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?